Термиз туманилик Ў.Холиёровдан Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2018 йил 13 мартдаги қарорига асосан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси Термиз туман бўлими томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомага кўра, алиментчи ота моддий ёрдамга муҳтож вояга етмаган фарзандини 7 ой давомида моддий таъминлашдан бўйин товлаб келгани аниқланди. Ушбу маъмурий иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқилганида ўз бурчини вақтида бажармаган ота вояга етмаган фарзандининг моддий таъминотини тўлашдан бўйин товлаб келганини тан олиб, суддан енгиллик сўради. Бироқ, энди кеч бўлган эди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан Ў.Холиёров бу қилмиши учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди.
Шу куни Сурхондарё вилояти Термиз тумани маъмурий суди ўз биносида ўтказган очиқ суд мажлисида алимент пулларини ўз вақтида тўламаган яна уч нафар қарздор отанинг ишини кўриб чиқиб, қонуний тўхтамга келди. Уларнинг ҳар бирига 15 суткадан маьмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Амалдаги қонунларимизга кўра, белгиланган маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиш бегуноҳ фарзандларидан қарздор оталарни алимент пулларини тўлашдан озод этмайди.
Ш. Мамадалиев,
Мажбурий ижро бюроси
Сурхондарё вилояти Термиз тумани бўлими
давлат ижрочиси