Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султоновнинг Москвага қилган ишчи сафари доирасида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетида учрашув ўтказилди.
Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар қилди.
Алишер Султонов РДУ раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилар таркиби билан мулоқоти давомида ушбу олий ўқув юртининг Ўзбекистон нефть ва газ соҳаси учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш жараёнидаги муҳим ролини қайд этди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 январдаги қарори асосида Тошкентда Россия давлат нефть ва газ университетининг филиали ўз фаолиятини бошлаган эди.
Энергетика вазири ёқилғи-энергетика комплексининг мазкур филиал билан ўзаро яқин алоқалари, талабалар билан ўтказган учрашувлари, нефть-газ соҳасини ривожлантириш учун уларнинг истиқболли лойиҳалари ва инновацион ғояларининг муҳокамаси ҳақида гапириб берди.
И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети вакиллари ўз томонидан талабаларнинг новаторлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкентдаги филиал билан ҳамкорликдаги лойиҳаларга, ўзаро алоқаларга ҳамда ўзаро тажриба ва инновациялар алмашинувига катта қизиқиш билдирди.
Маълумки, РДУнинг Тошкентдаги филиали И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг алоҳида тузилмавий бўлинмаси ҳисобланади. Унда барча даражадаги мутахассислар, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрланади. Россия давлат нефть ва газ университетида қабул қилинган таълим дастурларига мувофиқ республиканинг нефть-газ соҳаси учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш филиалнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
ЎзА