Амударё устидан Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган кўприк ишга тушса, ушбу кўприк орқали ўтаётган юкларнинг йиллик самарадорлиги 150 миллиард сўмга яқин бўлади, яъни шунча харажатларнинг иқтисод қилиниши кутилмоқда.
Кўприк қурилишига оид тафсилотларни ўртоқлашган «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси Ҳ.Ҳосиловнинг таъкидлашича, 412,7 метр узунликдаги Амударё устида қуриладиган янги кўприкдан темир йўл ҳамда автомобиль йўллари биргаликда ўтиши режалаштирилган.
«Янгидан қуриладиган кўприк ва шу кўприккача бўлган 10 километрга яқин темир йўл, кўприкдан кейинги 60 километрдан ортиқ бўлган темир йўл қурилғандан сўнг олдинги 240 километр ортиқча ҳаракатланишнинг олди олинади. Автомобиль ва темир йўл йўналишида ташилаётган юкларнинг манзилга етиб бориш вақти 6 соатга қисқаради.
Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги темир йўл орқали ташилаётган юкларнинг ўртача ҳажми 12 миллион тоннани ташкил қилаётган бўлса, кўприк ва темир йўл қурилгандан кейин юклар ҳажми лойиҳанинг ўзини оқлаш муддатига етиб боргангача 20-25 миллион тонна атрофида бўлади.
Президент ушбу қурилишни январь ойидан бошлаш ҳақида топшириқ берди ва бунинг учун зарур маблағлар ҳам ажратилди», – дейди Ҳ.Ҳосилов.