Туманда тарихий-археологик ёдгорликлар жудаям кўп
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан Элликқалъа туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тарихий-археологик ёдгорликлар, туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари, матбуот котиблари, журналист ва блогерлар учун медиатур ташкил этилди.
Меҳмонлар дастлаб “Чўпон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 10-мактабгача таълим ташкилоти янги биносининг очилиш маросимида иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими С.Авезов ва бошқалар, мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Аёзқалъа махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилган бинога 1 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланган.
Медиатур иштирокчилари гидропоника усулида қуриб битказилган “Agro eksim gold” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Умумий қиймати 18 миллиард сўм бўлган лойиҳа ўтган йилнинг октябрь ойида ишга туширилди.
Бунинг учун Эрон мамлакатидан 1 миллион 670 минг АҚШ долларга замонавий ускуналар келтирилди. Жами 4 гектар майдонни эгаллаган иссиқхонада етиштирилган 2,5 миллион АҚШ долларлик маҳсулот Россия Федерацияси, Қозоғистон мамлакатларига экспорт қилинди. Бу ерда 67 нафар киши доимий, 60 нафар киши мавсумий иш билан таъминланган.
Бундан ташқари, корхонани янада кенгайтириш мақсадида қўшимча 8 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Келгуси йилнинг март ойида ишга тушириш режалаштирилган иссиқхонада иш ўрни икки баробар кўпаяди.
Туманда тарихий-археологик ёдгорликлар жудаям кўп. Шулардан бири Катта Гулдурсун қалъаси ҳисобланади. Тадбир иштирокчиларига мазкур ёдгорлик тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Меҳмонлар “Умидбек Одилбек” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Guldursun limonlari” иссиқхонасида бўлди. Мазкур иссиқхонага акциядорлик-тижорат “Турон банк”дан олинган 870 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига Хитой Халқ Республикасидан замонавий ускуналар олиб келиниб ўрнатилди.
Жами 3 гектар майдондаги иссиқхонанинг 1,5 гектарига икки йиллик лимон кўчатлари экилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, йилига 300 минг дона лимон етиштирилиб, шундан 240 минг донаси экспортга чиқарилади. Ҳозир 35 нафар киши доимий иш билан таъминланган.
Туман ҳокимлигида 4 та сектор раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчиларига 2 октябрь куни бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир шаҳар ва туманни ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ахборот берилди.
Таъкидланганидек, туманни узумчилик, енгил саноат ва туризмга ихтисослаштириш бўйича “ўсиш нуқта”лари белгилаб олинди. Инвестиция дастури доирасида 2020-2022 йилларда 96 та лойиҳа амалга оширилиб, шунинг ҳисобидан 2 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Туманда инвесторлар учун барча шарт-шароит яратилган. Бугунги кунда вилоятлар, Эстония, Украина, Жанубий Корея давлатлари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунинг ҳисобидан сўнгги икки йилда 4 мингта янги иш ўрни яратилди.
Элликқалъа тумани туристик салоҳияти юқори бўлган ҳудудлардан ҳисобланиб, ташриф буюрувчи сайёҳларга археологик туризм, экотуризм, зиёрат туризми ва агротуризм хизматларини таклиф қилиш имконияти мавжуд. Бугунги кунда туманда 70 ўринлик 2 та замонавий меҳмонхона мажмуасида 200 дан ортиқ мижозга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари 2 та музей, Ақчакўл соҳилида ўтовлар, боулинг ва шунга ўхшаш кўнгилочар масканлари хизмат кўрсатиб келмоқда.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
– Туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдик. – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Қорақалпоғистон телеканали бош муҳаррири Бозорбой Есмурзаев. – Бу эса, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастурининг дастлабки самараси десак, муболаға бўлмайди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА