Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда бошланғич ташкилотлар тажрибаси» мавзусида форум бўлиб ўтди.
Тадбирда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва олий таълим муассасаларидаги хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларнинг етакчилари, ушбу таълим даргоҳларида таҳсил олаётган иқтидорли, ижодкор қизлар қатнашди.
Даставвал, меҳмонлар университетнинг «Қизларжон» клуби, қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг 4-босқич талабаси Д.Адильчаеванинг тикиш цехи фаолияти билан танишиб, тўгарак аъзоларининг қўл меҳнати ва либослар коллекциясига юқори баҳо беришди.
Форумда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари М.Ахмедова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Нукус шаҳар 31-умумтаълим мактаби директори В.Қаленова, университет ректорининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси И.Сейтназаровалар сўзга чиқиб, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва уларнинг фаолиятига тўхталишди.
Таъкидланганидек, мазкур тадбирнинг Қорақалпоқ давлат университетида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки бу энг кўп қизлар ўқийдиган ва хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларнинг етакчилари ишлайдиган нуфузли олийгоҳ ҳисобланади.
Бугунги кунда барча соҳаларда ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг биринчиси хотин-қизларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, гендер тенглигини таъминлаш бўлса, иккинчиси – ёшлар масаласидир.
Тадбирда олий таълим муассасалари ҳамда филиалларда таҳсил олаётган ижодкор, дизайнер талаба қизлар ўзларининг миллий ва замонавий либослар коллекцияларини йиғилганлар эътиборига ҳавола этди. Ёш иқтидор эгаларининг куй ва қўшиқлари тадбирга ҳақиқий байрамона кайфият бағишлади.
– Форумни ўтказишдан мақсад, барча мактаблар, академик лицей ва олий таълим муассасаларидаги хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларининг тажрибасини ўрганиш ва уларни оммалаштиришдан иборат, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректорининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Инжиойим Сейтназарова. – Бу боради ютуқлар билан бир қатор камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбир якунида ташкилотчилар ва фаол иштирокчиларга ташаккурнома тантанали равишда топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА