Туман ҳокими ўринбосари Б.Алимов, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги “Инфратузулмани ривожлантириш бўйича Инжиниринг компанияси” Қорақалпоғистон Республикаси давлат унитар корхонаси раҳбари Б.Якубов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди.
Бу борада Элликқалъа туманида олиб борилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. “Шарқ юлдузи” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6-мактабгача таълим ташкилотида «Элликқалъа махсус қурилиш» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 2 миллиард 600 миллион сўмлик капитал реконструкция ишлари амалга оширилди.
– Аввалги бино талабга жавоб бермас эди, – дейди ушбу ташкилот раҳбари Қутлижон Шеримбетова. – Реконструкция ишлари билан бир қаторда қўшимча ошхона ва мусиқа зали биноси қурилди. Кўпдан буён орзу қилаётган ишларимиз амалга ошиб, овул болалари замонавий бинода таълим-тарбия оладиган бўлди.
Тадбир якунида қурувчиларга совғалар топширилди.
Иштирокчилар мактабгача таълим ташкилотидаги шарт-шароитлар билан танишди.
Шу куни “Чўпон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА