Жорий йилнинг август ойидан бошлаб экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Қорақалпоғистон Республикасининг инвестиция, саноат ва экспорт салоҳиятини ўрганиш ҳамда иқтисодий ривожланишининг истиқболли йўналишларини аниқлаш бўйича ишларни олиб бормоқда.

Комиссия томонидан саноат корхоналарининг фаолиятини ўрганиш ва уларни ривожлантириш учун мавжуд инфратузилма ҳамда хом-ашё материаллари билан таъминлаш, рақобатбардошлигини ошириш, кредит ажратиш, ҚҚС қайтариш каби йўналишларда иш олиб борилмоқда. Шунингдек, малакали мутахассисларни жалб қилиш, ер ва мулкий масалаларни ҳал этиш, уларга тегишли рухсатномаларни олиш ва расмийлаштиришга кўмаклашиш масалалари ҳал этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудий инвестиция дастурларини оптималлаштириш, саноат кластерларини ташкил этиш, чорвачиликни ривожлантириш, импорт товарларни маҳаллийлаштириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, экспорт ҳажмларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш йўналишлари бўйича иш олиб борилмоқда.

Хусусан, Хўжайли туманида «Юнайтед капитал» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган бўлиб, хукумат комиссияси томонидан хориждан асбоб ускуналар олиб келишда амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада умумий қиймати 8 миллиард 710 миллион сўмлик “Қозоғистон буғдойини қайта ишлаб, ун ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилди. Бугунги кунда ушбу лойиҳа ишга туширилиши натижасида 20 та иш ўрни яратилди.

Мазкур корхона бир кунда 190 тоннагача маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Жумладан, ўз таркибида 3 турдаги минерални жамлаган сифатли ун маҳсулоти тайёрланмоқда. Замонавий технологиялар Туркия давлатидан келтирилган бўлиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бир неча босқичлардан иборат иш жараёни махсус бошқарув тизимига асосланган. Маҳсулотлар асосан ички бозорга етказиб берилмоқда.

Келажакда қўшни Тожикистон ва Афғонистон Республикаларига шартнома асосида ун етказиб бериш режалаштирилмоқда. Ўзига хос услубда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳар бир тадбиркорнинг иш услуби ривожланишдан тўхтамайди. Туманнинг иқтисодий ўсишида бу каби йўналишларга доим эҳтиёж юқори ҳисобланади.