Бизда эса ҳозирга қадар озиқ-овқат хавфсизлигини бошқариш тизими яхлит шаклланмаган ҳамда ягона мувофиқлаштирувчи орган мавжуд эмас эди. Ягона озиқ-овқат хавфсизлиги сиёсатини амалга оширадиган замонавий талабларга жавоб берадиган малакали кадрлар ҳам етарли деб бўлмайди. Бу эса аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигига хавф солмоқда ва маҳсулотларни экспорт қилишда муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу эса олинадиган даромадга ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда.- Ҳозирда юртимизда озиқ-овқат саноатида 12 мингдан ортиқ турли мулкчилик шаклидаги корхоналар, жумладан 109 та йирик корхона фаолият юритмоқда,- дейди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Ходжаева. – Мисол учун, 1900 та мева- сабзавотни қайта ишлаш ва сақлаш, 460 та гўшт ва 800та сутни қайта ишлаш, 2100та қандолат маҳсулотларни ишлаб чиқариш каби корхоналар бор.2019 йилда ялпи озиқ-овқат саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 35,3 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг 6 ойида 21,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу билан соҳанинг саноатдаги улуши 16,7 фоизни, ялпи миллий маҳсулотдаги улуши эса 4,6 фоизни ташкил этди.
Агарда қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, ўртачадан ҳам паст эканини кўриш мумкин. Рақамларда ҳақиқий аҳволни кўриш осонроқ. Мева ва сабзавотларни қайта ишлашда – 42 фоиз, сутни қайта ишлашда – 45 фоиз, гўштни қайта ишлашда – 55 фоиз, ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришда – 55 фоиз, ёғ маҳсулотларида – 48 фоиз қувватларидан фойдаланилмоқда, холос.
Яратилган имкониятлар берилаётган имтиёзларга қарамай кўрсаткичларнинг пастлигининг асосий сабаби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар билан қайта ишлаш корхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик йўқлиги, деб айтиш мумкин. Шунингдек, айрим корхоналарнинг 60-70 фоиз ускуна ва жиҳозлари маънан эскирган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 сентябрдаги «Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари турларини ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш ҳамда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилашда қўл келади.
Унга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги негизида Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилиб, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш масалаларида тадбиркорлик субъектлари учун кўмак механизмлари ишлаб чиқади. Бу эса соҳада ечилмай турган муаммоларни аниқлаш, шу асосида озиқ-овқат саноати корхоналарининг яқин 5-10 йил ичида ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқишни таъминлайди. Ана шунда Ўзбекистон ўзининг сифатли маҳсулотлари билан жаҳон бозорида янада кенгроқ ўрин эгаллаши, шубҳасиз.