Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида балиқчилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳудудда 72 та балиқчилик фермер хўжалиги фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг 24 таси табиий, 48 таси сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштиради.
“Ринза балиғи” фермер хўжалиги тармоқда муваффақиятли фаолият юритаётган фермер хўжаликларидан. Корхона балиқ етиштириш ҳажмини йилдан-йил ошириб бораётир. Жорий йил бошида хўжаликнинг 23 гектар ер майдонидаги сунъий кўлга 30 минг дона балиқ чавақлари ташланган. Жорий мавсумда ҳозирга қадар 30 тонна балиқ овланди.
– 2018 йил “Микрокредитбанк” туман филиалининг 200 миллион сўм кредити кўмагида ҳовузимизни кенгайтирдик, – дейди корхона раҳбари ёш тадбиркор Новот Авезов. – Йиллик даромадимиз ҳам ёмон бўлмади. Келаси йили балиқ етиштириш ҳажмини янада оширишни режалаштирганмиз. Табиийки, ишчиларимиз сони ҳам кўпаяди.
Етти хазинанинг бири бўлган балиқчиликни янада ривожлантириш учун мамлакатимизда сув ҳавзалари ресурслари ҳам, ишончли ва илмий асосланган лойиҳалар ҳам етарли. Улардан самарали фойдаланиш тадбирлари эса янада кенг қулоч ёймоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар, ЎзА