Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси масъул ходимлари томонидан жойларда сайёр қабул ўтказилмоқда.

Тадбирларда тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолияти йўлида учраётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорларни бекор қилиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш, маҳаллий ҳокимият идоралари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти бўйича фуқаролар мурожаатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси марказий ва ҳудудий ташкилотлари таркибида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш” тизими жорий этилди. Мазкур йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, айниқса, энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли муаммоларини ўрганиш ва унинг ижобий ҳал этилишига амалий кўмак бериш, ҳудудни ривожлантириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларни таҳлил қилиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл тумани “Жайҳун” овул фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган шундай тадбирда ЎзЛиДеп Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси С.Турманов, туман ҳокими ўринбосари А.Иброҳимов, “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси туман филиали директори М.Мамбетризаев, электр тармоқлари корхонаси раҳбари П.Ўтемуратов, “Ягона дарча” маркази бошлиғи М.Мамбетназаров ва бошқалар иштирок этди.

Фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди, Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида ечим топадиган 5 мурожаат назоратга олинди.

– Аҳолининг реал муаммоларини ўрганиш, имкон қадар уларни жойида ҳал этиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган ғовларни ўрганишга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши аппарати раҳбари вазифасини бажарувчи Қ.Бекназаров. – Партия кенгашининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш” бўлимига фуқаролардан келиб тушган 10 мурожаатнинг 6 таси ижобий ҳал этилиб, қолганлари назоратга олинди.

Олис ҳудудларда яшовчи аҳолининг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, уларга амалий ёрдам бериш мақсадида ташкил этилаётган бундай сайёр қабуллар давом этмоқда.

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА