Маҳсулотлар экспорти ортмоқда

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 14 апрелда ўтказган видеоселектор йиғилишида Республикамиз ҳудудларида қишлоқ хўжалиги, саноат ва қурилиш, иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқлари, тадбиркорлик субъектларида ишларни самарали давом эттириш вазифасини илгари сурган эди.
Дарҳақиқат, бугунгидек синовли кунларда ҳам карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳар бир соҳада иш фаол давом эттирилсагина, давлатимиз иқтисодий барқарорлигини, шунингдек, аҳоли тинчлиги ва халқ фаровонлигини таъминлашга эришиш мумкин. Чунки ишлаб чиқариш ва енгил саноат соҳаларининг ривожи мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг асосидир.
Давлат божхона хизмати органлари эса она заминимизда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг дунё бозорига чиқарилишида тадбиркорлик субъектларига таянч бўлмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 168,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги товар экспорти амалга оширилди.
Экспорт қилинган товарларнинг асосий салмоғи пластмассадан ясалган буюмлар (полиетилен), ип-калава, кальцийлаштирилган сода ва бошқа товарларга тўғри келади. Шу давр мобайнида 72,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар импорти амалга оширилди ва бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 62,3 миллион АҚШ долларига ёки 46,2 фоизга камайганлигини билдиради.
Миллий маҳсулотларимиз асосан Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Латвия, Бангладеш, Тожикистон, Афғонистон, Украина каби давлатларга экспорт қилинган бўлиб, ташқи савдо айланмасидаги умумий экспорт ҳажмининг улуши қарийб 70 фоизни ташкил этади. Бошқарма томонидан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида божхона тўловларидан давлат бюджетига 107 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағи ўтказилди. Божхона тўловларидан тегишли қонунчиликка мувофиқ жами 132 миллиард 423 миллион сўмдан ортиқ имтиёз қўлланилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2018 йил 24 ноябрдаги «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, божхонада хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими жорий этилди. Унга кўра, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб «сариқ» ва «қизил» йўлаклар, 2019 йил 1 мартидан бошлаб эса «яшил» ва «кўк» йўлаклар ишга туширилди.
2020 йил январь-июнь ойларида хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими асосида бошқармага қарашли ТИФ божхона постлари томонидан жами расмийлаштирилган 10 минг 830 та божхона юк декларациясидан 4 минг 389 таси яъни 40 фоизи «яшил», 3 минг 220 таси «сариқ» ва яна 30 фоизи «қизил» йўлаклар орқали божхона назоратидан ўтказилди.
Мазкур тизимни қўлланган ҳолда божхона назоратини ўтказишда «яшил» йўлак улушининг ортиши қонунга риоя қилаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда давлатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказишда етакчи омил бўлмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА