“Рашидовлар сулоласининг маликаси”

 (Давоми…) 

— Хабардор кишиларнинг каромат қилишларига кўра, Шароф Рашидов умрининг охирини бутунлай ёзувчилика бағишламоқчи бўлган эканлар. Давлат арбоби ва ижодкорлик унинг қалбига қай даражада яқин эди? У кишининг қалбида замондошлари ўқиб улгурмаган ва пайқамаган қандай мақсадлар бор эди?

— Шароф Рашидов 1959 йил март ойида Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби қилиб сайланганини биз қандай “кутиб” олганимизни” айтсам, кўп жиҳатдан ўринли бўлар, деб ўйлайман. Шуни таъкидлашим керакки, Шароф ака билан ҳамма нарсани гаплашиш мумкин эди, бироқ, у кишидан “ахборот” олиш осон эмасди. У давлат ишини оила ишига сира-сира қўшмасди. Шароф ака биринчи котиб бўлиб сайланган кунлари биз оиламиз билан мутлақо бехабар эдик. Ўша куни Шароф ака кеч соат 12 дан ошганда уйга қайтдилар. Биз доимо Шароф ака қаердалигини билар ва ундан хабардор бўлар эдик. Лекин ўша куни бу сирни ҳеч ким ечолмади. “Шароф ака қаердалар?” деган саволимизга, у кишининг ҳамма ишидан хабардор ёрдамчиларидан “мажлисдалар” деган жавоб олдик. Лекин бу қандай мажлис эканлигини кейин билдим. Уйга жуда ҳорғин қайтган Шароф ака “Нега бунча кеч қолдингиз?” деган саволимга “Болалар ухлашяптими?”, деб саволга савол билан жавоб қайтардилар. “Аллақачон” дедим мен. “Бўлмаса болаларни уйғотинг”, — дедилар кутилмаган буйруқ оҳангида. “Ҳаммасиними?” — сўрадим ажабланиб. “Ҳа, ҳаммасини уйғотинг”. Энг кичигимиз ўшанда 7 ёшда, ҳали мактабга бормаганди. “Ҳаммасини уйғотинг! Ҳаммасини ювинтиринг!” — деб яна такрорладилар. У кишининг ҳорғин чеҳрасидан бирор бир маъно ўқиш учун кўз югуртирганимда, зўр-базўр жилмайиб қўйдилар: “Оилавий мажлис қиламиз”.

Болалар ювиниб, кийиниб давра тортишди. Шунда Шароф ака бир неча йиллар бурун бизни Жиззахдаги Ленин номли мактабда ўқитгани каби дона-дона сўз бошлади: “Болажонларим, мен бугун катта бир мажлисдан ҳозиргина чиқиб келяпман. Бугун бизда бюро бўлди. Мени республиканинг биринчи котиби қилиб сайладилар. Энди бу оғир вазифада мен кимга суянаман? Биринчи навбатда сиз — болажонларим, менинг ёрдамчим бўлишингиз керак. Бунинг учун нима қилишимиз керак? Биринчи навбатда, мактабда аъло баҳога ўқишингиз керак. Хулқ-атворимиз ҳаммага намуна бўлиши керак. Оилада темир интизом бўлмай туриб, мен қандай қилиб кўчада интизом ҳақида гапира оламан?”.

Биз ўшанда Тошкент шаҳрининг Урицкий маҳалласидаги Кренкель кўчаси, 5-уйда турардик. Болалар қайта-қайта ваъда беришиб, хоналарига кириб кетдилар. Кейин биз Шароф ака билан ёлғиз қолдик. Шунда мен дабдурустдан айтган сўзимни қаранг-а: “Шароф ака, бўйнингизга оғир вазифа олибсиз-ку?” десам у киши: “Хурсаной, қўйишмади, лекин тўрт-беш йил ишлаб, кейин ёзувчилигимга қайтаман. Вазифа оғир. Республика мисоли ботқоққа ботиб ётибди. Амал талашувлар республикани хароб қиляпти. Ватанни ўйлайдиган раҳбар кам. Пойтахтнинг аҳволига қараб ачинаман. Шундай республиканинг пойтахти қандай бўлиши керак? Қўлимдан келгунча Тошкентни жаҳонга таниқли шаҳар, Шарқнинг буюк шаҳри қилишга бор кучимни аямайман”. “Соғлиғингиз кўтарармикан, Шароф ака?”. Бу саволга ҳам асосим бор эди. 1952 йилда Шароф ака Москвада ўт пуфагини олдириб ташлашга мажбур бўлган эдилар. Кейинги йилларда ҳам ўт пуфаги йўқлиги ўз касрини кўрсатиб тез-тез жигарда ўт йиғилиб қолар ва бу Шароф аканинг ранги-рўйида ҳам ўз асоратини кўрсатиб турарди. “Соғлиқни энди худодан тилаймиз, Хурсаной”, — деб қўйдилар.

Шароф Рашидов орадан сал кун ўтиб, Марказий шифохона докторларининг қатъий талаби билан 1-стационарда уч кун ётиб чиқишга мажбур бўлдилар. Докторлар жигарда йиғилиб қолган ўтни обдон ювдилар. Мен ҳам у кишининг ёнида бўлишимга тўғри келди. Шароф аканинг стационарга тушгани қаттиқ сир тутилганига қарамай, эртаси куни палатага машҳур раис Ҳамроқул Турсунқулов кириб келдилар. Ҳамроқул Турсунқулов Шароф ака учун ўз ўғлидек ғамхўрлик қилишини мен ўша суҳбатда ҳис қилдим. Ҳамроқул Турсунқуловнинг Шароф акани огоҳлантириб айтган бир сўзи ўшанда мени анча-мунча таажжубга солган бўлса ҳам, вақти-соати келиб кекса деҳқоннинг сўзи тўғри чиқди. “Шарофжон, Ўзбекистонни учта-тўртта “чипқон”дан халос қилиш керак, болам. Бу “чипқон”ларни даволайман, деб овора бўлманг. Сиз учини даволасангиз, бошқа жойида чипқоннинг болачалари яна чиқаверади. Уларни илдизи билан суғуриб ташламасангиз, Ўзбекистон покиза бўлмайди”, — деб кекса деҳқон ўша уч-тўрт “чипқон”нинг номини санаган эди.

Шароф Рашидов эса хато қилган одамга ўз хатосини тузатиш учун имконият бериш кераклигини ва ўзи ҳам шундай йўл тутажагини кекса раисга уқтириб турганда, Ҳамроқул Турсунқулов гўё портлади: “Ие, сиз қизиқ экансиз, Шарофжон! Иккита касални даволаб бўлмайди. Сиз ҳам даволайман, деб овора бўлманг. Бу мен айтган одамлар ўша ҳар икки касал билан баб-баравар оғришган. Бу порахўрлик ва хотинбозлик касали. Бу касал уларнинг оёғидан чалган. Хотинбоз борки — порахўр бўлиши турган гап. Бу бир-бири билан боғланиб кетган дард. Бу чипқонларни тузатаман, деб уринманг. Бу хато бўлади. Кейин кеч бўлади!”.

Ҳурматли раисни кузатиб қўйгач, Шароф ака оғир ўйга толдилар. Республиканинг бешигини тебратиб турган ҳукмдор кишиларини рўй-рост порахўр ва хотинбоз деб дангал тилга олиш ўша пайтнинг ўлчови билан айтганда, катта айбнома эди. Шароф Рашидов, яқинда республиканинг “биринчилигига” сайланган киши бундай айбнома билан қизиқмаслиги мумкин эдими? Бу айбномани ўртага қўйган одам республиканинг биринчи деҳқони, уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони эди. Шароф ака бир хулосага келиши учун вақт керак эди, албатта.

Бироқ асосий сабаб вақтмиди? “Бу “чипқон”ларни мен ҳам яхши биламан, — деганди Шароф ака бир сафар менга ҳам юрагини ёриб. — Лекин улардан ҳам каттароқ “чипқон”лар Москвада туришибди. Бу “чипқон”лар марказдаги “чипқон”лар билан илдизи-илдизига туташиб кетган. Улар учун бу дунё фақат айши-ишратдан иборат. Улар гўё фақат шунинг учун туғилган”.

Шароф ака республика “биринчи”лигига сайланган йилларда республика раҳбариятидаги маънавий турмуш нақадар оғир кечиши билан бир қаторда, Москванинг ҳам маҳаллий шароит билан мутлақо ҳисоблашмаган валюнтаристик қарорлари аҳволни янада танг қиларди. Шароф ака янги иш бошлаган йилларда бир кун тонг маҳали уйимизда уч раис олдинма-кейин тўқнаш келиб қолдилар. Аввал Жиззахдан Ҳамроқул тоға келганди. Кейин Янгийўлдан Ҳамроқул Турсунқулов билан Абдулла Ортиқов келишди. Ўша кезда Н.С.Хрушчевнинг ташаббуси билан қишлоқ хўжалигини “ихтисослаштириш” бўйича Иттифоқ ҳукумати қабул қилган қарор юзасидан норизолик машҳур раисларни тонг маҳали Тошкентга Шароф ака ҳузурига отланишга мажбур қилган эди. Бу қарорга кўра ҳамма хўжалик ўз доирасида етакчи бўлган соҳа билан шуғулланиши, пахтакор пахта билан, чорвадор эса фақат чорва билан шуғулланмоғи даркор эди. Ана шу қарорга асосан колхозлар ихтиёридаги қўйлар совхозларга ўтказилиши шарт қилиб қўйилган эди. Шароф ака уйдан туриб ўша пайтда қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаб келган Н.Ж.Худойбердиевга қўнғироқ қилдилар, “Нормуҳаммад Жўраевич, колхозларимиздан қўйлар батамом олиб қўйилса, уларнинг ҳоли нима кечади? Уларнинг қозонига тош солиб қайнатамизми? Колхозларда чорва туёғининг бир қисмини сақлаб қолишга эришмоқ керак, ёрдам қилинг, керак бўлса, Москва билан гаплашинг. Мен ҳам гаплашаман”.

Кейинчалик бу суҳбат Шароф Рашидовга қанчалик қимматга тушганлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Москва қарорларини етарлича бажармаганлиги учун Ўзбекистон марказда қаттиқ “муҳокама”дан ўтди. Бу республикада ўз пайтида суғуриб ташланмаган “чипқон”ларнинг Москвадаги “чипқон”лар билан ҳамкорликда Шароф акага ва унга яқин кишиларга марказ қўли билан берилган илк зарбалардан бири бўлди.

— Шароф Рашидов ўз замондошларидан кимнинг суҳбатини ардоқлар ва кимнинг маслаҳатини айниқса қадрлар эди? Яхши кунларнинг ҳамроҳи кўп. Лекин оғир дамда у киши кимга кўнгил ёрарди?

— 50-йилларнинг иккинчи ярми Шароф Рашидов учун енгил кечмади. Шароф Рашидов Олий Совет Президиуми Раиси бўлиб ишлаб турганда бир йилда 300 кунга қадар командировкада бўлардилар. Иванов деган шофёрлари бўларди, ҳозир ҳам ҳаёт, биз билан, оиламиз билан яқин алоқасини сақлаб қолган. Шароф аканинг командировка чемоданини аэропортга чиқиб, алмаштириб бериб келарди. Шароф ака бир вилоятдан учиб келиб, бир самолётдан иккинчи самолётга ўтирардилар. 1952 йили Шароф аканинг соғлиги ёмонлашиб, бизни қаттиқ ташвишлантирди. Ўшанда Тошкентда республика раҳбариятидаги маънавий турмуш ҳам у кишини озмунча эзмас эди. Ўша йили Шароф Рашидовни Кремль касалхонасига ётқизишга тўғри келди. Ҳамон эсимда, уни аэропортда республика активидаги икки киши — М.М.Мусахонов ва С.К.Зиёдуллаевлар кузатиб қўйишди.

Шароф ака соғлиги яхши бўлган йилларда ишлаб чарчамасдилар. 70-йилларда ёдимда бор. Айни саратон маҳалида Тошкент обкомининг биринчи котиби М.М.Мусахановни зўрлаб дам олишга жўнатар ва у кишига Мирзамаҳмудович “Биз шу кундан эътиборан Тошкент обкоми котиби бўлиб ишлаб турамиз. Сиз хотиржам бўлиб дам олиб келинг: ҳордиқ чиқариб қайтган кунингиз кўнглингиз тўқ бўлсин, ўрнингизни бўшатиб берамиз” деб ҳазил-мутойиба қилардилар.

Сўнгги йилларда сир эмаски, Шароф Рашидов қишлоқ хўжалигига тааллуқли асосий масалаларни Н.Ж.Худойбердиев, М.М.Мусахонов, Й.Р.Қурбонов ва вилоят раҳбарлари билан бамаслаҳат ҳал қилардилар. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида суяги қотган тажрибали деҳқонларнинг маслаҳатларига қулоқ осишни ўз бурчи деб биларди. Шароф аканинг ишдан кейин ҳам уйда туриб кўп марта Маҳмуд Мирзаев, Маҳмуд Исматов, Жўра Хоназаров, Андижондан Абдусамат Тиллабоев, Самарқанддан Жониқул Юсупов, Шамси Назаров, Сурхондарёдан Бобомурод Омонов, Намангандан Аҳмаджон Одилов, Юқори Чирчиқдан Хван ва бошқалар билан телефонда тез-тез суҳбатлашиб, фикрлашиб турганларининг кўп бор гувоҳи бўлганман. Маданият соҳасида эса у киши Оқил Умрзоқович Салимовга батамом ишонардилар.

Бироқ мен шу ўринда Шароф Рашидовнинг дўстлари ва шогирдлари унинг ишончини қай даражада оқлай олишди, деган бир қўшимча саволга аниқлик киритишни истар эдим. Айрим бировлар Шароф Рашидовнинг “Фалончи сафдоши уни турмада сотибди, бюрода ёки пленумда у ҳақда нохуш сўз айтибди” деган майда-чуйда гапларни ташиб юришни ўзларига эп билмоқдалар. Ким нима айтган бўлса, бу уларнинг виждонига ҳавола. Бироқ мен шунга далолат беришим керакки, Шароф Рашидов бошида қора булутлар айланган дастлабки кезлардаёқ мен унинг сафдошларидан ва шогирдларидан бир қанчасини бўлажак оғир кунлар юзасидан қаттиқ огоҳлантирганман. Уларга иложи борича бизнинг хонадонимизга боғланган томонларни унутишларини ва оғир кунларда ўз бошларини омон сақлашларини таъкидлаганман. Шароф аканинг чин дўстларини, сафдошларини сақлаб қолишнинг бошқа йўлини топмаганман. Шу боисдан мен бугун Шароф Рашидов ҳақида айтилган у ёки бу гапнинг замирида нималар ётганлигини англаган ҳолда хулоса қилиш кераклигини илтимос қилардим. Айтмоқчиманки, бир нокас Шароф Рашидовни улуғлайман, деб марказдан келган жаллодларнинг қиличига дучор бўлгандан кўра мен Шароф аканинг дўстлари ва сафдошларининг жонини сақлаб қолишни афзал билганман. Бугун айтишга осон, ўша кезларда Шароф Рашидовнинг дўстлари ва сафдошлари бошида қатағон қиличи ҳеч нимани аямаган ҳолда бешафқат қайралган эди. Гдлян ва Иванов бошчилигидаги жаллодлар одамларни не аҳволга солишганини мен ўз кўзим билан кўрганман, 25 кун мени ҳам тинимсиз тергов қилишган, сўроққа тутишган. Асосий савол нимадан иборат эди денг? Шароф Рашидов оиласининг яқинлари ким эди? Шароф Рашидов оиласининг тўйларида кимлар таклиф қилинарди? Қаранг-а, Шароф Рашидов оиласининг яқини бўлишнинг ўзи ҳар қандай жазога лойиқ деган ҳукм учун етарли асос бўлиб қолганди. Ўз-ўзидан шундай бўлгани йўқ, албатта. Республикада ва марказда ин қуриб ўз пайтида суғуриб ташланмаган ва бунинг учун энг аввало Шароф Рашидовнинг марҳаматидан миннатдор бўлиш керак бўлган “чипқон”лар бунга биринчи навбатда сабабчи бўлди! Улар ўзларининг ифлос ўтмишини оқлашнинг бошқача йўлини тополмадилар. Республикада Усмонхўжаев ҳукмронлик қилган даврда шундай бўлди. Шароф Рашидовнинг дўстлари ва сафдошлари, шогирдлари ва издошларига оғир кунларни бошидан кечиришга тўғри келди. Бу қатағон Нишонов даврида авжга минди. Лекин мен аминманки, Шароф Рашидовнинг назари тушган ҳақиқий инсонлар ўз қиёфасини заррача ўзгартирмади. Шароф Рашидов ҳаётда майда гаплардан ўзини йироқ тутарди. Бугун ҳам Шароф ака руҳини ҳурмат қилган ҳар бир инсон у киши ҳақидаги майда-чуйда гаплардан сақланишса, яхши бўларди.

— Вақти-соати етиб, инсон бу дунёнинг барча кошонаси билан, шу жумладан тожу тахт билан видолашуви аниқ. Шу жиҳатдан Шароф Рашидов ўз ворисини танлаб улгурмаганмиди? Айрим тахминларга кўра, Шароф Рашидов бир пайтлари ўз ўрнига Нишоновни, кейинчалик Салимовни ва ниҳоят Усмонхўжаевни муносиб кўрган эмиш! Сиз бу тахминлар ҳақиқатга қай даражада яқин деб биласиз?

— Мен суҳбатимиз бошидаёқ айтиб ўтдим. Шароф Рашидов оқкўнгил одам эди, одамларга ўта ишонувчан, соддафеъл киши эди. Бироқ ундан, давлат ишига оид ахборот олиш осонмасди. Шу боисдан мен ҳам унинг “ворис”лик ҳақидаги васияти қандай бўлганлигини аниқ айтолмайман. Лекин юқорида келтирилган номзодлар устида Шароф аканинг муносабатлари қай даражада бўлганлиги ҳусусида фикримни айтишим мумкин. Нишонов “ворис”лик даражасига етмаганлиги аниқ. Қолаверса, унинг башарасини Шароф Рашидов жуда барвақт билиб олганди. Табиатан мутлақо ҳалол ва покиза ҳаёт тарафдори бўлган Шароф ака Нишоновнинг ҳаёт тарзидан ҳазар қилар ва қаттиқ нафратланар эди. Рафиқ Нишоновнинг марҳум хотини ўз эрининг мунофиқлиги, риёкорлиги ва хиёнатлари устида Шароф Рашидовичга мурожаат қилганида у киши бир неча кун оромини йўқотган ва бизнинг ичимизда кимлар яшаб, кимлар ишлаяпти, деб тўлғаниб юрган эдилар. Усмонхўжаев ҳақида эса кўп гап эшакка юк деб ўйлайман. Чунки Усмонхўжаевнинг Олий Совет Раислигига муносиб номзод бўлолмаганини ҳам Шароф ака ҳаётлигидаёқ тан олган эдилар. Бир сафар Усмонхўжаев ичиб, уйда бўкиб қолганидан Шароф Рашидов хабардор бўлгач, телефонда: “Ука, ўзингизни қўлга олинг, докторларни овора қилманг. Ҳали биронта доктор алькаш раҳбарни даволай олмаган!” — деб қаттиқ танбеҳ берганларини эслайман.

О.У.Салимов ҳақида нима дейишим мумкин? Назаримда, у ҳеч қачон катта раҳбарликка интилмаган.

— Ёзувчи Шароф Рашидов кимни севиб ўқиб, кимни ўқиб ҳайратланарди? Адиб сифатида у кимларни қадрлар эди?

— Шароф аканинг адабиёт, санъат ва маданият арбоблари ичида астойдил ҳурмат қиладиган дўстлари кўп эди. Яшин ака, Иброҳим Мўминов, Обид Содиқов, Воҳид Зоҳидов, Садриддин Йўлдошев, Абдували Имомалиев, Восил Қобулов, Саъди Сирожиддинов, Эркин Юсупов, Ўктам Орипов, Ҳамробоев, Содиқ Мираҳмедов, Уйғун ака, Раҳмат Файзий, Александр Удалов… Эҳ-ҳе, қай бирларини санай. Шароф ака уларга ўзига ишонгандек ишонар ва уларни фанимиз ва маданиятимизнинг жонкуярлари, деб эътироф этгандилар. Лекин катта адабиёт ҳақида гап кетганда, Шароф ака “ўзбек адабиётининг уфқида уч юлдуз балқиб чиқмоқда”, — деб қўярдилар. Уларнинг ҳар бир янги сатри Шароф аканинг эътиборидан четда қолмасди. Булар: “Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева… “Улар устозларидан ўтиб кетишди!”… — бу ҳам Шароф аканинг айнан сўзлари. Адабиётимизнинг бу уч ёрқин юлдузи Шароф акада катта умид уйғотганди. Ўйлайманки, улар ўртасида бўлган ижодий мулоқотни уларнинг ўзлари учун қолдирсак яхши бўларди. Абдулла Ориповнинг китобларини Москвада нашр эттириш, унга муносиб ва мойил таржимон топиш хусусида бош қотирганларини Абдуллажоннинг ўзлари яқинда газетда ишонарли қилиб ёздилар ва Шароф аканинг Москвага йўлланган дастхатигача эълон қилдилар. Айни пайтда Эркин Воҳидов ҳам Шароф аканинг меҳр ардоғида эди. Унинг машҳур “Ўзбегим” шеъри атрофида турли кимсалар ўз ҳукмини ўтказишга уринганларини яхши биламан. Тун ярмидан оққанда ётоқхонада телефон жиринглаб, Шароф ака аллакимнингдир Эркин Воҳидов ҳақида билдирган эътирозларига: “Қўйинг, Эркин Воҳидовни сиздан кўра яхшироқ биламиз, тегманг, шоирни безовта қилманг”, — деганини яхши эслайман. Кейин билсам, бу бемаҳалда сим қоққан республика Давлат хавфсизлик қўмитасининг раиси экан… Бироқ муддаосига ета олмади… Ҳалимахон ҳақида нима дейиш мумкин? Мен ўйлайманки, Ҳалимахон Шароф Рашидовнинг чин қизи эди ва шундай бўлиб қолди. Шароф Рашидов Ҳалимахонни кашф этганида бу жингалак соч, келажаги порлоқ қизча ҳали ўрта мактаб ўқувчиси эди.

— Санъат оламида Шароф Рашидов ардоқлаган кишилар кўп, албатта. Лекин ўзи билан ўзи ёлғиз қолганда Рашидов кимни тинглашни ёқтирарди?

— Шароф аканинг санъат оламига бўлган муносабати ҳақида сўз айтганда, ёдимга биринчилар қаторида Раҳим Аҳмедов, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурхонов, Зикир Муҳаммаджонов, Галия Измайлова ва бошқалар келади. Ажойиб ҳофизимиз, академик Юнус Ражабийга Шароф аканинг ҳурматлари бениҳоя зўр эди. Композиторлардан Улуғбек Мусаев, рассом Баҳодир Жалоловларни бизнинг келажагимиз деб билардилар. Баҳодирни эркалаб “худо бизга Камолиддин Беҳзодни қайтариб берди” деб фахрланиб гапирганлари ёдимда. Агар Шароф Рашидов қай куй ва мусиқани тинглашни хуш кўрарди, десангиз, айтишим мумкин. У ҳаётида камдан-кам бўладиган ҳордиқ онларида Турғун Алиматов маҳорат билан чалган танбур куйларини тинглаб ҳаёлга чўмарди. Ҳатто бир сафар: “Агар пенсияга чиқсам, албатта, танбурни ўрганаман”, деб иштиёқ билан айтгандилар.

— Фан олами билан Шароф Рашидовни кимлар ва нималар кўпроқ боғлаб турарди?

— Шароф Рашидов фан оламининг муаммолари билан ҳеч эринмай эртаю кеч шуғулланишга тайёр эди. У Муҳаммаджон Ўрозбоев, Убай Орипов, Иброҳим Мўминов, Содиқжон Азимов ва бошқаларнинг муаммолари билан Москвага тез-тез қўнғироқ қилар, масалалар ечимини шахсан илтимос қиларди. Академик Королев билан уйдан туриб кўп сўзлашганлари ёдимда. Шароф ака Королев эътиборини Ўзбекистонга тортишга эътибор берарди. Айни пайтда турли соҳаларнинг муаммолари билан академиклар Федосеев, Келдиш, Александров, Овчинников ва бошқалар билан тез-тез телефон суҳбати қурарди.

Айни пайтда Шароф Рашидовнинг юрагида буюк армонлари ҳам бор эди. (Биз бир сафар академик Иброҳим Мўминовнинг хонадони меҳмони эдик. Икки қуда биз улар билан яқинда қудалашган эдик). Амир Темур буюклиги ҳақида, унинг тарихдаги ўрни ва хизмати ҳақида узоқ суҳбат қурдилар. Мен Амир Темур ҳақида уларнинг қарашлари нақадар яқинлигини англаб, ҳайратланиб қулоқ тутардим. “Темур ҳақида бизнинг давримизда жим туриш гуноҳ. Бироқ нима қилиш керак? Ахир Петр I кўкларга кўтарилиб кино қилинаяпти, романлар ёзилган. Амир Темур олдида у ким?.. — деб суҳбатни якунладилар Шароф ака. Иброҳим Мўминовнинг Амир Темур ҳақидаги машҳур рисоласи ана шу суҳбатнинг меваси бўлса ажаб эмас.

— Лев Толстой: “Толстойни Толстой қилган  Толстойнинг кун тартибидир”,  деган экан. Шароф Рашидовнинг “Кун тартиби” қандай эди?

— Шароф Рашидовнинг кун тартиби қатъий эди: серҳаракат ва камуйқулик унга хос эди. Тонг соат 4 ярим — 5 да ўринларидан турар ва 30-40 минут ҳовли айланишидан сўнг иш столига ўтирардилар. Энг муҳим хусусият — у бутунлай иш формасига кириб, “ясаниб”, сўнг ишга киришарди. Иш столидан соат 8 гача бош кўтармасди. Қалам енгил кўчганда ижод юришиб кетса, бу ҳаракат соат 8 яримгача чўзиларди. Шунча йил яшаб, Шароф аканинг бирон марта ишга кечикиб кетганларини эслолмайман.

— Шароф Рашидов кўчадаги мавқеидан кечиб, “оддий ота” бўла олармиди? Оила даврасида у кишининг ўрни қандай эди?

— Мен Шароф аканинг уйда ва кўчада бир хилда камтарлиги ва оддийлиги ҳақидаги кўплаб мисоллар ва воқеаларни эслашим мумкин. Ўйлайманки, бу кўпчиликка ҳам сир эмас. Шароф ака одам турган жойдан қайрилиб кетолмас, кўришмай ўтолмас эди. “Раҳбар Рашидов” ҳақида бугунга келиб озми-кўпми ҳақиқат рўёбга чиқиб, хотиралар, ёдномалар битилмоқда. Шароф аканинг оиладаги ўрни ҳам ниҳоятда оддийлик ва соддаликка асосланган эди. У ўз фарзандларининг севимли отаси, набираларининг ёқимли бобоси эди. Шароф аканинг ишдан қайтиши оиламизда кичкинтойларнинг, айниқса, катта байрами. Улар оталари ва боболарининг ҳар куни ишдан қайтишини ювиниб, тоза бўлишиб, ясаниб-тусаниб кутиб олишарди. Шароф ака набиралари билан ҳар тўқнаш келганда ҳар қанча чарчоқ босганига қарамай, уларни ердан озод кўтариб олар, эркалар ва кичкинтойлар нима ўқиб, нима ёдлашганини сўраб, суриштирардилар. Сўнгги йилларда бизнинг кичик оиламиз 20 кишига етиб қолганди. Улар тўпланганда Шароф ака уларнинг ҳар бирига хос сўз топиб айтар, номларининг ёнига ширин сифатлар қўшиб кўнглини кўтарар ва шодлантирардилар. Ўғлим Илҳомжон, қизларимиз Сайёрахон, Дилоромхон, Гулнорахон, Светахон ва куёвларимиз Аҳтамжон, Толибжон, Азизжон, Алишержон ва набираларимиз Шароф ака ўтирган ҳовлида катта ҳаёт мактабини ўтардилар. Мен буни пайқаганим учун ва бу мактаб ва сабоқ уларнинг келажак ҳаёти учун асқотишини билганим туфайли бир стол устида уларнинг бошини қовуштиришга жоним ҳалак эди. Афсуски, биз камдан-кам бунинг уддасидан чиқар эдик. Байрамлардагина биз тўпланиб, ҳамма стол атрофида ўз ўрнини эгаллаганда, одатда тўрдаги ўрин кўпинча бўш бўларди. Шароф ака гоҳ Москвада, гоҳ республика бўйлаб командировкада, гоҳида эса мажлисларда ўз дарди, ўз ғами ва катта ташвишлари билан банд бўларди. Биз эса буни тушунганимиз учун у кишини кутиб чарчамасдик. Ҳаёт бизга кутиш ва сабр-тоқат бахтини мўл-кўл берган экан. Мен ҳамон Шароф ака шу эшикдан мана ҳозир, мана-мана ҳозир кириб келадилар, деб кутаман. Қалбингдаги одамни кутиш бахти буюк ва мароқли бахт. Мен бахтли аёлман. Шароф Рашидовдек буюк ва табаррук зот билан умрим бирга ва ҳамнафас кечганлигидан бахтиёрман. Ҳа, мен бахтли аёлман!…»

Шароф УБАЙДУЛЛАЕВ

 

ЎзА