Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият яхшиланиб бораётган мамлакатлар билан халқаро авиақатновларни қайта йўлга қўйиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда инвестиция лойиҳалари доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Республика махсус комиссиянинг ахборот беришича, жорий йилнинг 15 июнидан қуйидаги тоифадаги шахсларга авиақатновлар орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатларга:
а)Ўзбекистон Республикасидан кириш ва чиқишга рухсат берилди:
– хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
– инвестиция лойиҳалари доирасидаги Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий компания ва бошқа ташкилотлар мутахассислари;
– даволаниш учун келаётган (чиқаётган) шахслар;
– хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;
– хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари сўровларига асосан Ўзбекистон Республикаси орқали бошқа давлатларга олиб ўтилаётган (транзит ҳаракатланаётган) шахслар;
– Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
– ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун фуқароларга Ўзбекистон Республикасидан чиқишга рухсат берилди. Бунда, авиақатновлар санитария қоидалари ва нормаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилади.
– санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган (яшил рейслар) — Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроил давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар КАРАНТИН НАЗОРАТИГА ОЛИНМАЙДИ;
– коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камайган (сариқ рейслар) — Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Цингапур давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар 14 кун давомида УЙ КАРАНТИНИ назоратига олинади;
– коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган (қизил рейслар — эвакуация рейслари) — қолган бошқа давлатлар, шу жумладан, БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан кириб келган шахслар 14 кун давомида КАРАНТИН назоратида САҚЛАНАДИ.
Санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган ва яхшиланаётган мамлакатларда авиарейс қатнови кунига қадар узлуксиз 14 кундан кам бўлган, шунингдек, оғир санитария-эпидемиологик вазият сақланиб қолаётган давлатлардан транзит орқали келаётган шахсларга Ўзбекистон Республикасига келиш учун АВИАБИЛEТЛАР РEАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИНМАЙДИ.