НИМАЛАР ЧОП ЭТИЛГАН?
Баъзида ижтимоий тармоқларда юртимизда чоп этилаётган марказий нашрлар мазмун-мундарижаси бир-бирига яқинлиги ва айрим ҳолларда ҳатто икки томчи сувдек ўхшашлиги ҳақида иддаоларга кўзимиз тушади.
Аслида-чи? Масалан, газеталаримизнинг бугунги саҳифаларида ўқувчилар эътиборини тортадиган, долзарб мавзудаги таҳлилий мақолалар, мушоҳадага ундовчи материаллар борми ёки…
Мана, “Янги Ўзбекистон” газетаси. Унда шу кунларда кўпчиликни қизиқтираётган мавзу — Юнусобод линияси янги бекатлар билан ҳисоблаганда 8 тага етгани қаламга олинган. “Улар эндиликда Аҳмад Дониш кўчасида қурилган “Туркистон”, “Юнусобод” ҳамда мавжуд “Шаҳристон”, “Бодомзор”, «Минор”, “Абдулла Қодирий”, “Юнус Ражабий”, “Минг ўрик”дан иборат. Ушбу йўналиш “Юнус Ражабий” бекатидан Чилонзор йўлининг “Амир Темур” ҳамда “Минг ўрик” бекатидан эса Ўзбекистон йўлининг “Ойбек” бекатига уланади. Ушбу йўналиш орқали бир кунда “Юнусобод” бекатида қўшимча 5 минг йўловчига, “Туркистон” бекатида эса 2,5 минг йўловчига хизмат кўрсатилади” дейилади Рустам Ҳайдаров ҳамда Абдурауф Қоржовов ҳаммуаллифлигидаги ушбу мақолада. Материалга жойлаштирилган фотосуратлар Тошкент метрополитени янги бекатларининг кўриниши, ички безаклари ва орнаментлари ҳақида газетхонлар тасаввурини бойитади.
“Абдулла Қодирий ва ўзбек романчилиги (Ўзликни англаш мажмуаси)” сарлавҳали мақола ҳам “Янги Ўзбекистон” муштарийларини бефарқ қолдирмаса керак. Муаллифи — ЎзФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқулов. Материалда буюк адиб Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди мисолида адабиётимизнинг ўтмиши, шаклланиши ва ривожланиши Адиблар хиёбони билан боғлаб таҳлил қилинади. “Бу шунчаки боғ ёхуд хиёбонгина эмас, жуда пухта ўйланган, эртанги кун, келажак учун қўйилган мусткаҳкам бир пойдевор. Ўзбекистон адабиёти ҳақида тасаввурларимизни ўзгартирадиган, тўлдирадиган, бойитадиган очиқ осмон остидаги музейдир…” дейди муаллиф.
Ҳа, заррачага тенг тождор вирус бутун Ер куррасини ҳамон қалқитиб турибди. Бу балои офат инсониятнинг умри ва саломатлигига рахна солибгина қолмай, барча соҳалар тараққиётининг кушандасига айланган. Айниқса, кўплаб мамлакатлар иқтисодиёти пандемиядан жуда катта зиён кўрмоқда. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. “Халқ сўзи” газетасининг бугунги сонида чоп этилган Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори Мамаюнус Пардаев ҳамда Самарқанд давлат университети проректори Алишер Эштаевларнинг чиқишида айни шу мавзуда сўз юритилган. “Пандемия шароитида иқтисодиёт: муаммолар кўп, ечимлар-чи?” сарлавҳали мазкур мақолада коронавируснинг иқтисодий асоратлари дунё давлатларидаги ҳолат билан чуқур чоғиштирилган ҳолда таҳлил қилинади.
Тождор инфекция, қолаверса, замонавий интеграциялашув жараёнларининг салбий оқибатлари, афсуски, таълим тизимини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бу эса соҳада янгича ёндашувларга кенг йўл очяпти. “Народное слово” газетасида эълон қилинган Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидовнинг “Траектория образования в модульной проекции” (“Таълим траекторияси модуль проекцияда”) сарлавҳали материалида шу ҳақда сўз юритилади. Муаллиф матбуотда, илмий ва педагогик адабиётларда кўп учраётган “Болонья келишуви” ёки “Болонья жараёни”нинг мазмун-моҳияти, шунингдек, айни пайтда долзарб бўлиб турган масофавий таълим, кредит-модуль тизими, замонавий дарс турлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтади.
“Жамият” газетасида “Овоза” деб номланган янги рукн очилган. Унда ўтган асрнинг 90-йиллари бошида матбуотда чоп этилиб, росмана шов-шув бўлган мақолалар берилади. Бу гал драматург Шароф Бошбековнинг “Буюк бахтиёрлик” сарлавҳали мақоласини ўқишингиз мумкин. Муаллиф материалда ҳар нарсага қувониб кетадиган одамлар тимсолида шукрона билан яшаб келаётган халқимизнинг сабрига, бардошига тасаннолар айтади. Бундан ташқари, ёзувчи ва шоир, публицист Карим Баҳриев билан уюштирилган суҳбат “Жамият” муштарийларини кенг мушоҳада майдонига чорласа ажаб эмас.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидаги мавзулар ҳам ранг-баранг.. Чунончи, нашр Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи ҳақида таниқли адиб Исажон Султоннинг “Фарғона: Илҳомбахш ташриф” мақоласини эълон қилган. Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримнинг “Тил адабиёт билан барҳаёт” номли мақоласи бугунги куннинг энг долзарб мавзусига бағишланган. Шунингдек, коронавирус пандемияси ҳақидаги янги ҳужжатли фильм ҳақидаги “Синовли кунлар сабоқлари” номли мақола газетхонларга янги-янги маълумоту таассуротларни туҳфа этишига ишонамиз.
“Куч — адолатда” газетасининг бу галги сонида суд очеркларига кенг ўрин берилган. Чунончи, “Қабоҳат чоҳи” ҳамда “Қинғирлик кўчасидан изланган омад” сарлавҳали материаллар инсонларни тўғри йўлдан адашмасликка даъват этади.
“O‘zbekiston bunyodkori” газетасида эълон қилинган “Катта ўзгаришлар йўлидаги нурли бекат” сарлавҳали материалда пойтахтимизнинг Сергели туманидаги ўзгариш ва янгиланишлар таҳлил қилинган.
Янги рукн ва мақола ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.