Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Дастлаб «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноят ташкилотчилари томонидан олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир.
Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.
Мамлакатимизда ушбу долзарб муаммога қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
2019 йилда одам савдоси сифатида квалификация қилинадиган ҳаракатлар устидан тушган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, бундай қилмишларнинг 86 фоизи хорижий давлатлар ҳудудида содир бўлган. Амалдаги қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар фуқароларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлашда бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди.
Эътиборлиси, лойиҳада юқоридаги камчиликларнинг олдини олишга қаратилган нормалар, одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муҳим тамойиллар ўз аксини топган.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Чет эл тажрибасида жиноятчилик билан курашишда геном ахбороти маълумотлар базасидан кенг фойдаланилади. Ана шу маълумотлар ёрдамида жиноятларни фош этишда юқори самарага эришилади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда геном ахборотини олиш, тўплаш, ундан фойдаланиш учун қонунчилик базаси ва механизм мавжуд эмас.
Геном ахбороти нима? Геном ахборот деганда инсон ДНКси ва шахси аниқланмаган жасад қолдиқларининг кодланган ахборотларни ўз ичига олган шахсий маълумотлар тушунилади.
Геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши эса фош этиш мураккаб, ўта оғир бўлган ёки муқаддам очилмаган жиноятларни очишга кўмаклашади, шунингдек, геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши бедарак йўқолган шахсларни топиш имконини беради.
Депутатлар томонидан биринчи ўқишда муҳокама қилинган «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси мазкур йўналишдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Депутатларнинг таъкидлашича, айни пайтда жиноятчилар турли ҳийла-найрангларни қўллаб, содир этилган жиноят изларини қолдирмасликка ҳаракат қилмоқда. Бу эса уларни фош этиш ва очиш жараёнини қийинлаштиради.
Қонун лойиҳаси билан эса геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, геном ахборотини йиғиш, унга ишлов бериш ва ҳимоя қилишнинг асосий талаблари, геном бўйича давлат рўйхатига олиш тартибини ва биологик материал ва геном ахборотини олиш, қайд этиш, сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни йўқ қилиб ташлаш тартиби белгиланмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши содир этилган жиноятларни биологик ашёвий далиллар ёрдамида фош этишга кўмаклашиб, суд-тергов органларининг исботлов базасини мустаҳкамлайди.
Қонун лойиҳаси лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинди.
«Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунга асосан 2018 йилдан бошлаб мамлакатимизда бир қатор ана шундай агентликлар фаолият юрита бошлади.
Асосан фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш билан шуғулланган бу каби агентликлар орасида ҳалолликка амал қилмай, уларга мурожаат қилган фуқароларнинг маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш ҳолатлари ҳам кузатилди. Ушбу ҳолатлар мазкур қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга сабаб бўлди.
Мажлисида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Лицензияловчи органда хусусий бандлик агентликлари фаолиятини доимий ўрганиб бориш мажбурияти ҳам, ваколати ҳам мавжуд эмаслиги бундай агентликлар томонидан фуқароларни алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш, фуқароларга жуда кўп миқдорда моддий зарар етказиш каби жиноятлар содир этилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида 10 хусусий бандлик агентлигининг раҳбар ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, улар томонидан 7123 фуқарога 72,3 миллиард 888 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Муҳокама этилган қонун лойиҳаси билан нормалар янада такомиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни чет эллик иш берувчи ҳисобидан амалга ошириш механизмини ҳам жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари томонидан чет элдан иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилишидан аввал уларга кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар ундирилмаслиги белгиланмоқда.