Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишининг устувор йўналишлари Брюссел пресс-клубида муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов, мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчиси Дилёр Ҳакимов, Брюссель пресс-клуби ижрочи директори Лоран Брихай ҳамда ушбу матбуот клуби ходимлари ўртасида ўтказилган видеоконференция давомида Ўзбекистоннинг жорий йилдаги иқтисодий ўсишини таъминлаган 8 та энг устувор йўналиш диққат марказида бўлди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берган.
Суҳбат чоғида томонлар 9 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга бағишланган учрашув якунларини муҳокама қилдилар.
Мамлакатимизда ўтган уч ой давомида иқтисодиёт тармоқларига 2,3 триллион сўм солиқ имтиёзлари берилгани ҳамда Инқирозга қарши фонддан 3,6 триллион сўм ажратилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Жаҳон иқтисодий инқирози шароитида ялпи ички маҳсулот ўсишига эришилиши Республика раҳбариятининг мақсадли ва пухта ўйланган стратегияси самараси экани эътироф этилди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки 2020 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўртача 5,2 фоиз пасайиши тўғрисида прогноз билдирди. Бу борадаги салбий кўрсаткич АҚШда 6,1, Россияда 6, Европа Иттифоқи ҳудудида 9,1 фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Дунё бўйлаб кузатилаётган мана шундай мураккаб бир вазятда Хитойда 1 фоиз, Ўзбекистонда эса 1,5 фоиз иқтисодий ўсиш кутиляпти.

 

ЎзА