Қорақалпоғистондаги эшонлар қалъасига эътибор керак

ХVIII асрда бошларида Қорақалпоғистон ҳудудида диний қарашлар анча кучайган ва шу вақтларда кўпгина мадраса, масжидлар, диний таълимот берадиган кичик-кичик қалъалар қурилган. Шулардан бири муқаддас даргоҳ – Ишанқалъа (Эшонқалъа)дир.

Ишанқалъа – ҳозирги Халқобод шаҳрининг жанубий-шарқида бир километрдек масофада жойлашган. Халқобод шаҳри азалдан қорақалпоқ халқининг иқтисодий, географик, тарихий ва маданий турмушида муҳим ўринга эга ҳудудлардан ҳисобланади. Халқобод атамасини олган аҳоли пункти XX аср бошида шаклланган, шаҳар номини расман 1986 йилда олган. Лекин, Халқобод шаҳрининг ўтмиш тарихи XIX асрга мансуб тарихий эсдалик Ишанқалъа билан чамбарчас боғлиқдир. Ҳозирги вақтда эски қалъанинг кўпчилик бўлимининг деворлари қулаган, фақат озгина деворлари сақланган. Қалъанинг бир қисм қабристонга айланган.

photo_2020-06-09_21-25-00.jpg

Қорақалпоғистонлик тарихчи олим Ерназар Усеновнинг мазкур қалъага бағишланган асаридаги маълумотларга кўра, Ишанқалъа қўрғони XIX асрнинг II ярмидан қурила бошлаган. У ерда мадраса, масжид, кутубхона, талабалар ётоқхонаси, карвонсаройлар солинган. Қалъага шу вақтда саводли ва диний билимларга эга одамлар кўп йиғилган. Мадрасага ўқиш учун кўплаб болалар, талабалар келган.

Ишанқалъа ёдгорлиги ХVIII асрнинг ўрталарида қурилган бўлишига қарамасдан, ҳозирги кунда яхши сақланиб қолинмаган. Қалъанинг яхши сақланмаганлигининг кўпгина сабаблари бор.

photo_2020-06-09_21-25-03.jpg

Ишанқалъанинг ўрнида олдин ХVIII асрларда кичкина қишлоқ бўлган, кейинчалик бу кишлоқ ўрнига «Ишанқалъа» қурилган. Бу қалъанинг қурилиш тарихи ХVIII-ХIХ асрда яшаган Имом эшон (Имамаддин Кайипназар бий ўғли) исми билан боғлиқ. У киши Ишанқалъани курдирган Атағулла эшоннинг отасидир. Имам эшон ўзи Хива, Бухора мадрасаларида ўқиган. Жуда кучли диний таълимга эга киши бўлган.

Имам эшон Хива хони Муҳамммед Раҳимхон фармони (буйриғи) билан Хива хонлигида диний ишлар бўйича маслаҳатчи лавозимига қўйилади. Кейинчалик Имом эшон ўғилларини Хива мадрасаларида ўқитади, уйлантиради.
photo_2020-06-09_21-25-07.jpg

Имом эшоннинг катта ўғли Атағулла Хивадаги Ичан ва Дичан (ишки ва ташқи деган маънода) қалъаларининг дастлабки намунаси бўйича ҳозирги жойида Ишанқалъани қура бошлади. Бу қишлоқ яшаб турган жойдан қалъа қуриш осон кечмади, лекин, Атағулла эшоннинг мақсади Хивадаги ва Бухородаги Мир-Араб мадрасалари, Лабиҳовуз сингари номини чиқариш эди. Қурилиш бошланиб, Хивадан келтирилган дарвозалар, устунлар Ишанқалъанинг масжидларига, мадрасаларига ўрнатилди. Қалъанинг устунлари учун тошлар Қоратовдан келтирилди. Деворларини қуриш учун қишлоқдаги энг забардаст кучли йигитлар саралаб олинди ва улар қалъа деворларини қалин қилиб қура бошлашди.

Қалъа қишлоқ кучи билан қурилиб тугатилгандан сўнг унинг атрофидаги аҳоли қалъага қўшилиб яшай бошлашди. Айтишларича, куз ва қишда одамлар Ишанқалъа ёнида жуда кўпайиб кетишар экан. Уларнинг ҳаммаси деҳқонлар, балиқчилар, чўпонлар бўлган. Бир вақтлари Ишанқалъага қишни ўтказиш мақсадида келган оилалар сони 40 (қириқ) мингдан ортганлиги айтилади. Ишанқалъадаги масжид-мадраса ҳозирда ҳам сақланиб қолган, унда бир пайтнинг ўзида 50 га яқин талабалар таълим олган.
photo_2020-06-09_21-25-17.jpg

Қалъанинг ёнидан катта каналлар қазилган, уларга сувлар бошқа йирик каналлардан келиб турган. Қалъанинг турар уйлари қурилгандан сўнг, унинг асосий деворлари қалъани айлантириб қурилган. Қалъа асосан диний таълим бериш мақсадида қурилган бўлганлиги учун унинг деворлари жуда баланд қилиб қурилмаган. Ёзма манбаларга қараганда, тарихда қалъага 4 томондан кириш эшиги ва дарвозаси бўлган. Қалъанинг ичидаги уйлар бир қаватли ва баъзилари икки қаватли қилиб қурилган, қалъанинг асосий деворлари қурилгандан сўнг унинг ичидаги одамлар сиғмаганлиги боис қалъанинг ташқарисига ҳам уйлар қурила бошлаган.

Қалъа аста-секин ривожлана бошлаган. Қалъада ҳар куни саҳарда азон ўқилган. Маълумотларга кўра, қалъа қурилмасидан олдин, қишлоқ номи бир неча марта ўзгариб турган. Қалъа қурилиши бошланган вақтда қишлоқ номи «Кенжели» бўлган. Кейинчалик бу ерда эшонлар яшаганлиги боис қалъа номи «Ишанқалъа» деб атала бошлаган.

photo_2020-06-09_21-25-21.jpg

Ишанқалъанинг ҳозирги ҳолати 30- 35 фоизни ташкил қилади, қалъадан қолган қолдиқлари ҳозирги кунгача ҳар хил мақсадларда фойдаланиб келинган. Ишанқалъанинг таъмирланиши турли сабабларга кўра чўзилиб келинган ва кейинчалик қишлоқ аҳолиси томонидан қалъанинг ўпирилган жойлари таъмирланган, ундан сўнг Ишан қалъанинг таъмирланишишига эътибор бўлмаган.

Бердақ миллий музейи директори Шаригул Пайзуллаева Ишанқалъани реставрация қилиб, сайёҳлик масканига айлантиришни таклиф қилиб келмоқда. Ҳозирча бу бўйича ижобий ишлар кузатилмаяпти. Маҳаллий аҳоли эса тарихий қалъа ичига марҳумларнинг қабрларини жойлаштиришни давом эттирмоқда.

photo_2020-06-09_21-25-24.jpg

Бир вақтлари маънавият маркази бўлган Ишанқалъа ҳозирда хароба ҳолига тушиб қолган. Қалъа ташлаб кетилгандан кейин унинг атрофидаги кўпгина қишлоқлар ҳам бўшаб қолган. Ҳ

удуд атрофидаги кўпгина қишлоқларнинг номлари деҳқончилик ва боғдорчилик билан алоқадорлигини билдиради. Кўпгина қишлоқларнинг ташлаб кетилишига нафақат сиёсий балки сув ўзанининг ўзгариши ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.
photo_2020-06-09_21-25-31.jpg

Ишанқалъа билан боғлиқ кўплаб ривоятлар мавжуд. Шулардан бири яқин вақтларгача бу муқаддас даргоҳга йўлбарсларнинг зиёратга келиб туришидир. Кекса ёшдаги кишилар йўлбарслар уламолар яшаган бошқа жойларга ҳам зиёрат қилиб турганлигини таъкидлашади.

Шундай қилиб, бундан атиги 150 йил аввал гўзал қиёфа касб этган қалъа ўрнида бугун фақат харобани кўриш мумкин. Қорақалпоғистоннинг муқаддас жойларидан бири бўлган қалъани реставрация қилиш эса вақт талаб қилмоқда.

photo_2020-06-09_21-25-35.jpg

 

Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА