Жаҳон банки дунё иқтисодиёти бўйича башоратларини яна янгилади. Бу галги ҳисоб-китоб бўйича, дунёнинг иқтисодий кўрсаткичлари кескин пасаяди, дейилади Жаҳон банкининг 2020 йил июнь учун тайёрлаган «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари», деб номланган маърузасида.
«Коронавирус пандемияси ва уни тўхтатиш учун жорий қилинган карантин чоралари жаҳон иқтисодиётига кескин ва кенг кўламда таъсир кўрсатган, натижада иқтисодиёт чуқур ретсессияга тушиб қолган. Жаҳон банкининг башоратига кўра, бу йил сайёрамиз иқтисодиёти 5,2 фоизга қисқаради. Бу Иккинчи жаҳон урушидан буён энг катта тушкунлик бўлади. Киши бошига ишлаб чиқариш кўламининг бу қадар қисқариши 1870 йилдан буён кузатилмаган эди».
Шу билан бирга, 2021 йилда тикланиш бошланади. Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 4,2 фоизни ташкил этади, ҳолбуки, бу кўрсаткич январь ойида 2,6 фоиз дейилаётган эди.
Қолаверса, Жаҳон банки иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий йил якунлари билан етти фоизга тушишини эълон қилганди. Ривожланаётган мамлакатлар учун эса, ушбу кўрсаткич 2,5 фоизни ташкил этиши таъкидланмоқда. «Буларнинг барчаси кейинги 60 йил давомида кузатилмаган эди, дейилади хабарда».
Таҳлилчиларнинг фикрича, қийинчилик айниқса, коронавирус кўп тарқалган мамлакатларда билинади, шунингдек, иқтисодиёти жаҳон савдосига, туризм, хомашё экспорти ва ташқи молиялаштиришга кучли боғланган мамлакатларга ҳам қийин бўлади.
Жаҳон банки Россия ЯИМи бўйича ҳам ҳисоб-китобини эълон қилди. Унга кўра, 2020 йилда Россия иқтисодиёти олти фоизга тушади. Экспертларнинг изоҳ беришича, бунга коронавирус касаллигининг кўп тарқалгани ва нефть нархининг кескин тушиб кетгани сабаб бўлади.
Банк мутахассислари Россия иқтисодиётининг тикланиши 2021 йилда бошланишини айтишмоқда.
ЎзА