Яшаш минимумини белгилашни энди орқага суриб бўлмайди

Мамлакатимизда яшаш минимуми ва истеъмол саватчасини белгилаш масаласи энг кўп муҳокама қилинаётган, тез-тез кун тартибига чиқаётган мавзулардан бирига айланиб бўлди. Бу бежиз эмас, бу анча муҳим ва жиддий масала. 3 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиши бўйича вазифа қўйилди.
Камбағалликни қисқартириш, бу борадаги ишларни сифатли ва самарали ташкил этиш бир қатор омилларга боғлиқ. Шулардан энг муҳими, камбағалликни белгиловчи мезонларни аниқлаштириб олишдир. Бундай мезон бўлмаса, аслида ким, нима учун камбағаллигини айтишнинг ўзи хато бўлади.
Президент парламентга Мурожаатномасида аҳолининг 10-12 фоизи камбағалликда яшаётгани ҳақида ахборот берган эди. Ўшанга қадар юртимизда бундай маълумотлар ҳақида гапирилмасди. Турлича фикрлар, чамалашлар бўларди, холос. Яшаш минимумининг ҳуқуқий асоси яратилса, бу борадаги статистик маълумотлар ҳам тизимлашади.
Шунинг учун давлатимиз раҳбари қайта-қайта бу муҳим масалани кун тартибига қўймоқда, деб ўйлайман.
Мутасадди идоралар вакиллари Ўзбекистонда тирикчилик учун зарур энг кам миқдорнинг қанча эканини айтиш ҳуқуқий саволлар туғилишига олиб келишини таъкидлаб, яшаш минимумини расман белгилашнинг ҳозирча имкони йўқроқ, деган мазмунда фикр билдиришган эди.
Бу фикр Конституциямизнинг 39-моддасида пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгиланган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилгани билан изоҳланган эди. Яъни, расмийларга кўра, яшаш минимуми расман белгиланадиган бўлса, пенсия ва ижтимоий ёрдам пулларини шундан кам бўлмаган миқдорда ошириш имконияти йўқ, бюджет бунга йўл бермайди. Боиси, ялпи ички маҳсулот даражаси ўсиши тез эмас.
Тўғри, яшаш минимуми ва истеъмол саватчасини жорий этиш, бу борадаги муносабатларни тўлиқ, изчил тартибга солиш осон бўладиган жараён эмас. Қийинчилик ва мураккабликлар бўлиши табиий. Лекин «осон эмас», «ҳозир эмас», деб кутиладиган бўлса, муаммолар ҳал этилиши анча чўзилиб кетиши мумкин. Бу эса вазиятни борган сари қийинлаштиради.
Пандемия шароитида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллигини таъминлаш, айниқса, долзарб вазифага айланди. Қонунчиликдаги айрим камчиликлар янада яққолроқ сезилди.
Шунинг учун Президент қўйган вазифани ижро этиш, яшаш минимуми ва истеъмол саватчасини жорий қилиш бўйича ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш зарур. Бошқа масалалар жараёнда имкониятга қараб ҳал этилгани мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман. Нимага десангиз, бу ишга жазм этмасдан камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга ошириб бўлмайди. Камбағаллик камаймаса, жойларда ижтимоий муаммолар кўпаяди. Бошқача айтганда, бу масалада узоқ кутиш имконияти қолмаган.
Мазкур йўналишда партиямиз, парламент қуйи палатасидаги фракциямиз ишчи гуруҳ шакллантирган ҳолда, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси бўйича қонун лойиҳаси концепциясини тайёрлаш устида ишларни бошлаган. Жараённи тезлаштиришимиз, мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз лозим.
Шербек Бўронов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

ЎзА