Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш давом этмоқда

Германия халқаро ҳамкорлик ҳамжамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, сиёсий маслаҳатчиси Каролина Милов хоним бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан олиб борилаётган «Оролдаги боғим» лойиҳасини қўллаб-қувватлаш ва шу орқали Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражасини кўтаришга кўмаклашиш мақсадида 30,4 миллион сўм хайрия маблағларини ажратди.
– Ажратилган маблағлар Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш ва экологик ҳолатини яхшилашга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди, яъни ушбу молиявий манбалар ҳисобидан Оролбўйи ҳудудида 3000 тубдан зиёд чўл ўсимликларининг кўчатлари экилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек Мирзамуратов. – Биз GIZнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, хусусан, Каролина Милов хонимга хайрия ва лойиҳани амалга оширишдаги ёрдами учун чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. GIZнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг ушбу хайрия тадбирида иштироки Оролбўйи минтақаси аҳолиси учун ғоят муҳим ўрин касб этади.
Фурсатдан фойдаланиб, барчани лойиҳада иштирок этишга чорлаб қоламиз. Агар юртошларимиз ушбу ташаббусни молиявий қўллаб-қувватлашга қизиқиш билдирса ва ушбу хайрия ишларга янги шерикларни жалб қилиш учун «Оролдаги боғим» лойиҳаси ҳақида маълумотларни тарқатишга имконият топса, жуда миннатдор бўлар эдик.
Ҳар қандай хайрия ёрдами минтақамизнинг экологик ҳолатини барқарорлашишига, гуллаб-яшнашига, шунингдек Оролбўйи минтақасида яшаётган миллионлаб одамларнинг соғлиғини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатади.
photo_2020-06-02_11-58-51.jpg
«Оролдаги боғим» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 февралдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг молиялаштируви билан амалга оширилиб келаётган агро ва экотуризм лойиҳасидир. Лойиҳанинг асосий мақсади Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этиш ва сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган.
Ҳозирги пайтда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун халқаро ва маҳаллий сармоядорлар, шунингдек, ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандумлар имзолаган Марказнинг шериклари жалб қилинмоқда. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда республика аҳолиси ҳам ушбу лойиҳага катта қизиқиш билдирмоқда ва Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш учун хайрия маблағларини ўтказмоқда, бунинг натижасида 900 дан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари Орол денгизи ҳудудида жойлашган участкаларга экилди.
Орол денгизи тақдирига бефарқ бўлмаган ва лойиҳада иштирок этишни истаганлар қўшимча маълумотларни www.aralforest.org веб-сайтида олишлари мумкин.
GIZнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ), шунингдек, ташқи ишлар вазирлиги ва ички ишлар вазирлиги каби бошқа федерал агентликлар топшириғига биноан лойиҳаларни амалга оширмоқда.
GIZ нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Тошкентда 1992 йилдан бери фаолият юритади. Филиаллари Андижон, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган бўлиб, ўзларининг мақсадли лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Ўзбекистондаги лойиҳалар ва дастурларни оптималлаштириш мақсадида GIZ, бошқа немис институтлари, шунингдек, икки томонлама ва кўп томонлама ташкилотлардан тортиб, хусусий секторгача бўлган ваколатхоналар билан яқин ҳамкорлик қилади.
Компания глобаллашган дунёда сиёсий, иқтисодий, экологик ва ижтимоий ривожланиш учун истиқболли ечимларни таклиф этади, шунингдек қийин шароитлардаги ҳар томонлама ислоҳотлар ва ўзгаришларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Унинг мақсади – одамларнинг яшаш шароитларини барқарорлаштиришдан иборатдир.

 

Е.Қаноатов, ЎзА