27 май куни видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган “Ўзбекистон — АҚШ — Афғонистон” биринчи уч томонлама мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Девид Хейл ва Афғонистон Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар иштирокида ўтди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари “Ўзбекистон — АҚШ — Афғонистон” уч томонлама шакли Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш, шунингдек, ушбу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб этишга қаратилган амалий таклифлар тайёрлаш бўйича долзарб маслаҳатлашув механизми эканини қайд этдилар.
Томонлар Афғонистон инклюзив ҳукуматини шакллантириш ва Миллий ярашув бўйича Олий кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги жорий йил 17 майда имзоланган сиёсий битим тузилишини, Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати томонидан маҳбусларни озод қилиш амалиёти давом эттирилишини юқори баҳолади.
“Сурхон – Пули – Хумри электр узатиш линияси, Покистон денгиз портларига чиқиш имконини берувчи “Мозори-Шариф – Кобул”, “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўллари қурилиши каби муҳим лойиҳаларни жадал ҳаётга тадбиқ этиш зарурлиги таъкидланди.
Видеоконференция иштирокчилари қайд этганидек, СОVID-19 пандемияси афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, аввало, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини тақозо этмоқда.
Мулоқот чоғида АҚШ ва Афғонистон вакиллари Ўзбекистон раҳбариятига Афғонистонга товарларни узлуксиз етказиб беришни, шунингдек, коронавирус тарқалиши даврида транзит юк ташишни таъминлагани учун миннатдорлик изҳор этди.
Ишни оптималлаштириш ва уч томонлама шаклда ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш мақсадида томонлар муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари бўйича тегишли ишчи гуруҳларини ташкил этишга келишиб олдилар.
Тадбир якунида “Ўзбекистон — АҚШ — Афғонистон” уч томонлама учрашувининг Қўшма баёноти қабул қилинди.
ЎзА