Маълум бўлишича, 1987 йил Навоий вилоятида туғилган, турмушга чиқмаган, ҳозирда Хатирчи тумани “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида рўйхатда туриб, Навоий шаҳридаги “Ислом Каримов” кўчасида вақтинчалик ижарада яшаб келаётган фуқаро З.Ў. 2020 йил туғилган ёшига етмаган фарзанди Б.Ў.ни бозор нархида тахминий баҳоси 250 миллион сўм бўлган 3 хонали уйга алмаштираётган вақтда қўлга олинди.Турмушга чиқмай фарзандли бўлган З.Ў. ушбу жиноий ишни 1951 йилда туғилган отаси А.Ў. билан шерикчилик асосида содир этганлиги аниқланди ва далилий ашёлар холислар иштирокида расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Кармана туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Халқимизда “Данагидан мағзи ширин”, деган мақол бор. Меҳрибон бобо-бувилар томонидан одатда суюкли набиралар учун қўлланиладиган бу мақолни иснодга қолиб, бузиб талқин қилган бобо, мағзини пуч кўриб, набирасини арзимас пул эвазига баҳолаб, инсонийлик қиёфасини йўқотди.
Бежизга онани “какку”га ўхшатмадик. Табиатда жонзотлар орасида учрайдиган бир ҳолат бор: қушлар ичида фақат каккугина ўз полопонига беэътибор ва бемеҳрлиги сабаб, тухумини бошқа қушлар инида қолдириб, кетаверар экан. Шу боис халқимиз орасида етим-есир болаларга нисбатан “бўзлаб қолган какку боласидек” ибораси қўлланилади. Минг афсуски, ота-онаси ҳаёт бўлсада, ўз жигаргўшасини “тирик етим” қиладиганлар ҳам бор орамизда.
Она деб аталмиш буюк номга эришиб, фарзандлар бахту иқболини кўриб яшаш – илоҳий мўжиза ва бахт аслида. Таассуфки, жамиятимизда ушбу улуғ номга доғ туширгувчи номуносиблар ҳам учраб туради. Ҳойу ҳавас, мол-дунё учун ўз дилбандини сотган онанинг виждонсизлиги келажакда фарзанд нафрати ва доғига учрамайдими?!