Онлайн форматда ташкил этилган мазкур халқаро илмий-амалий анжуманда Қозон федерал университети, Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети, Киев давлат университети, Беларусь давлат университети, Ж.Баласағун номидаги Қирғизистон давлат университети, Ош давлат университети олимлари, “Қорақалпоқ адабиёти” газетасининг Бош муҳаррири, сенатор Г.Аннақиличева, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан соҳа олимлари,ОАВ вакиллари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Маърузачилар таъкидлаганидек, бугун давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш биринчи навбатда оммавий ахборот воситаларида намоён бўлади. Шу сабабли журналистларнинг бажарадиган вазифалари жуда ҳам кўп ва масъулиятлидир. Энг аввало, улар доимо ҳаётий ҳақиқатни тасвирлаши лозимлигини ҳеч қачон унутмаслиги лозим. Бу – журналистиканинг ҳеч қачон ўзгармас шартларидан бири.
Бугун жаҳон ахборот майдони кун сайин кенгайиб, глобаллашув даврида дунё журналистикасининг олдига катта маъсулиятли вазифалар қўйилмоқда. Жаҳон миқёсидаги глобал муаммоларнинг тўғри ечимини топишда журналистларнинг фаоллиги талаб қилинади. Шу боис, миллий журналистиканинг халқаро медиа маконида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши бугунги кунда энг аҳамиятли вазифа бўлиб қолмоқда.
Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда журналистиканинг эркинлиги таъминланадиган, демократик талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани таъкидланди. Оммавий ахборот воситаларининг сони борган сари кўпайиб, имкониятлари янада кенгаймоқда.