Мен ёш ҳамкасбимнинг телефонидаги рақамларга кўз ташлайман. Унда бутун жаҳонда пандемия муаммоси биринчи ўринга чиқиб олган кабиса йилининг дастлабки тўрт ойида Тожикистонга 43 мамлакатдан 7 миллион 780 минг АҚШ долларига тенг инсонпарварлик ёрдами келгани ҳақида ёзилганди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти ҳузуридаги статистика агентлиги маълумот берганди…Мен индамасдан Тожикистонга берилган инсонпарварлик ёрдамининг қанчаси қайси давлатга тегишли эканини ҳисоблай бошлайман. Ўзбекистон чекига умумий ёрдамнинг салкам 32 фоизи тўғри келди…
Ҳамкасбим икки қўшни, икки қардош – ўзбек ва тожик халқларининг қадимий дўстлиги ҳақида ҳаяжонини боса олмасдан сўзлар экан, мен негадир узоқ 1985 йил воқеаларини эслай бошлайман…
1985 йилнинг 13 октябри. Биз Хўжандда яшардик. Лекин ёзни ўтказиш учун Хўжанд яқинидаги Исписор қишлоғига келиб, куз яримлаганда ҳам ота ҳовлидан кўнгил узиб кета олмай қолдик.Кечаси ўнга яқин эди. Мен ҳозир ҳам у даҳшатли овоз, атрофни қоплаган зулмат, оёқ остидан баланд кўтарилиб, пастга тушган ер, аёлларнинг додлаши, болаларнинг қўрқиб йиғлашларини эслагим келмайди. Қайроққум ва Исписорда камида 9 балли зилзила юз берганди. Зилзила кучига одамларнинг камдан-кам ғиштин, кўпроқ гувалалардан тикланган уйлари нари турсин, Қайроққумдаги машҳур гилам комбинатининг бетон деворлари ҳам дош бера олмай, томи босиб қолганди.
Ўша пайтдаги расмий манбаларга кўра бу комбинатда, тунги сменада ишлаётган 29 нафар киши ҳалок бўлганди. Исписорда ҳам бешикдаги бола, мактабнинг юқори синфи ўқувчиси, кекса отахон жон берганди…
Мен эрта тонгда шаҳардаги уйимиздан хабар олиб келиб, кўча айландим. Қайроққумга бориб, гилам комбинатини кўриб келдим. Ҳовлисининг бехавотир жойида яшаётган одамлар уй-жойидан ажралган бўлсалар-да, ўзлари, болалари омон қолганидан хурсанд эди.
Орадан икки кун ўтиб, биздан уч маҳалла нарида яшайдиган синфдошимникидан хабар олишга бордим. Унинг уйига яқинлашганимда, девор ураётган кишиларга кўзим тушди. Аллақачон ўн икки қаторча ғишт деворни тиклаб қўйишибди. Бошларида биз “марғилон дўппи” дейдиган дўппи кийган кишилар билан “ҳорма-бор бўл” қилдик.
Қурувчилар Фарғонадан келишган экан. Келибоқ ишга киришишибди. Маҳалладагиларнинг “опамизнинг бошларида эри йўқ, икки фарзанди билан яшайди, аввал шуларга кичкина кулба тиклаб берсаларинг”, деган сўзларини эшитиб, иш бошлашибди. “Худо хоҳласа, келин аямиз бир ҳафтада уй тўйи қилиб берадилар”, деди қурувчилардан бири, йигирма беш ёшлардаги йигит жилмайиб.
Икки-уч кун ўтмасдан, зилзила юз берган шаҳар ва қишлоқлар ўзбекистонлик қурувчиларга тўлиб кетди…
Орадан ўттиз беш йил вақт ўтаётган бўлса-да, ҳамдиёрларим ўзбекистонлик қурувчиларни меҳр-муҳаббат билан эслашади. Наманганликлар қурган Қайроққум (ҳозирги Гулистон) шаҳридаги қатор-қатор кўп қаватли уйлар, қашқадарёликлар бунёд этган Хўжанд (ҳозирги Бобожон Ғафуров) туманидаги замонавий мактаблар дўстлик нишонаси бўлиб қолди…
Ўзбек ва тожик халқи дўстлигининг қанчалик мустаҳкамлиги кўзга кўринмас душман – коронавирус балоси юртимизга оралаган кунлар қайта-қайта исботини топди.
…Тўғриси, ўтган йил охирида Хитойда янги юқумли касаллик пайдо бўлгани ҳақидаги хабарларни ўқиганимда, эшитганимда, коронавируснинг бунчалик ёйилиб кетишини ҳатто хаёлимга ҳам яқин келтирмагандим. Биринчи марта мен март ойи ўрталарида бу хавфнинг қанчалик қаттол эканини ўйлаб, хавотир тортдим. Адашмасам, 15 март эди. Кечки пайт биз Душанбедан самолёт билан келаётган ўзбекистонлик меҳмонларни кутиш учун Хўжанд аэропортги чиқдик. Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи Суғд вилояти бўлими раиси, Тожикистон Халқ шоири Аҳмаджон Раҳматзод, ёзувчи Турон Тўйчиев, вилоят ўзбеклар жамияти раиси, “Суғд ҳақиқати” вилоят газетаси бош муҳаррири Фарҳод Жўраев ва камина.
Меҳмонлар Душанбеда Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидовга бағишланган тадбирларда қатнашиб, Хўжанд орқали Тошкентга қайтаётган экан. Режага кўра азиз меҳмонлар бир кун Хўжандда бўлиб, сўнг Ўзбекистонга қайтадиган эди. Фақат ўзбекистонликларнинг эмас, балки тожикистонликларнинг ҳам севимли шоири Эркин Воҳидов ижодига бағишланган учрашувлар, суҳбатлар, адабий тадбирларни Хўжандда давом эттириш мўлжалланаётганди.
Душанбедан олам-олам таассурот билан қайтган меҳмонлар – “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги бош муҳаррири Салим Ашур, “Овози тожик” газетаси ходими, шоир Паймон, Эркин Воҳидовнинг ўғиллари – Хуршид Тожикистон пойтахтидаги дўстлик тантанасига айланиб кетган тадбирлар ҳақида сўзлашарди. Бу тадбирлар ўтган йили Тошкентда Тожикистон Халқ шоири Мирзо Турсунзодага бағишлаб ўтказилган хотира кечасининг мантиқий давоми бўлганини изҳор этишди.
Суҳбат мавзуси қайси томонга бурилмасин, барибир икки халқнинг азалий дўстлигига бориб тақалар эди. Меҳмонлар буюк устоз-шогирд Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг улуғвор дўстлиги ҳақида сўзлар экан, беихтиёр бундан ўн уч йил олдин Турсунзода шаҳрига қилган сафарим эсимга тушаверди. Мен Турсунзодадаги ўзбек мактабига янги уч қаватли замонавий ўқув биноси фойдаланишга берилган кун эртасига боргандим.
Кўркам бинонинг кираверишида, кенг залда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг суратларига ва уларнинг қаламидан тўкилган сатрларга кўзим тушди.
“Кеча келмадингиз-да, мен эллик ёшдан ўтиб, бунчалик севинмаганман. Президентимиз Эмомали Раҳмон ўзбек ва тожик халқлари дўстлигининг рамзига айланган Ҳазрат Алишер Навоий ва мавлоно Абдураҳмон Жомий дўстлиги абадийлигини айтиб, мактабимизга Алишер Навоий номини беришни таклиф қилдилар”, деди мактаб директори. “Президентимиз мен дарс ўтаётган синфга кирдилар. Ўқувчиларимдан бири тожик тилида шеър ўқиди.
…Меҳмонлар дийдорига, уларнинг мазмунли суҳбатларига тўймасдик. Лекин суҳбатимиз икки соатдан ортиқ давом этмади. Меҳмонлар бугун (15 март) соат 12 да чегаралар ёпилар экан, улгуришимиз керак, деб, кетишга ижозат сўраб туриб олишди.
Айни ўша аэропортда кутиш лаҳзаларида Ўзбекистонда бир киши коронавирусга чалинганини эшитдик. Лекин Ўзбекистон ҳукумати битта ҳодиса туфайли бунчалик кескин чоралар кўришини ўйламагандик. Олдиндан айтиб қўяйин, орадан маълум муддат ўтиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўз халқи саломатлигини ўйлаган ҳолда қаттиқ, лекин зарур тадбирлар қўллагани қанчалик тўғри бўлганини амалда кўрдик.
Азиз меҳмонларни Суғд ва Тошкент вилоятларини туташтирадиган Фотиҳобод – Ойбек чегара назорат-ўтказиш масканида кузатиб қўяр эканмиз, биринчи марта COVID-19 деган бало ҳазил эмаслигини англаб етгандай бўлдим. Одамлар худди бир лаҳзадан сўнг чегара бутунлай ёпиладигандай шошишарди. У томондан бу томонга, бу томондан у томонга тўхтовсиз ўтишар, навбатлари келгунча тоқатсизланарди. Чегарадан ўтаётган ҳар бир кишининг иссиғи ўлчанарди. Енгил машиналарнинг саноғи йўқ…
“Ишқилиб, биттадан кўпаймасин-да, ўша инсон ҳам тезда тузалиб кетсин!” Хўжандга етиб келгунимизча ҳамроҳларим бу сўзларни бир неча марта такрорлашди. “Қўшнинг тинч – сен тинч”, дейдилар, қадрдон Ўзбекистонда бошқа ҳеч ким у касални юқтирмасин!” Мен икки кун давомида ўнлаб одамлардан – кексаю ёшдан, турли касб эгаларидан бу тилакни эшитдим. Кўнгил тубидан отилиб чиқаётган самимий тилаклар…
Интернет нималигини тушунмайдиган оддий одамлар Ўзбекистон телеканалларидан кўз узмай қолишди. Ўзбекистонда қариндошлари, дўстлари, қадрдонлари борлар телефонга ёпишди. Тожикистонликлар Аллоҳдан ўзлари танимайдиган одамларга шифо беришини сўрашарди…
Ўзбекистон ҳукумати эса, ҳали Тожикистонга коронавирус ораламаган пайтларданоқ унинг олдини олиш учун қўшни мамлакатга ёрдам юборишга киришди. 9 апрель куни Тожикистон темир йўл бекатларига 18 та юк ортилган вагон кириб келди. Қўшни Ўзбекистон юборган бу вагонларга дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган эди. Жумладан, 1000 тонна ун, антисептик воситалар, махсус ҳимоя кийимлари, тиббий ниқоб ва кўзойнаклар, қўлқоп ва оёқ кийимлари бор эди.
Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари аниқлангандан сўнг ўн кун ўтар-ўтмас, 8 май куни Тошкентдан Душанбега махсус самолёт учиб келди. Ҳаво учоғи билан коронавирусга қарши курашда ишлатиладиган 10 тонна тиббий асбоб-ускуналар юборилганди. Жумладан, юклар орасида ўша пайтларда Тожикистонда эҳтиёж катта бўлган, 10 та сунъий нафас олдириш аппарати ҳам бор эди.
Самолётда Тошкентдан Ўзбекистонда пандемияга қарши курашда катта тажриба тўплаган 8 нафар малакали шифокор тожикистонлик ҳамкасбларига кўмак кўрсатиш учун учиб келишди. Улар орасида анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, вирусолог, юқумли касалликлар бўйича мутахассис бор эди.
Эртаси куни куни Душанбега Ўзбекистондан янада каттароқ эшелон кириб келди. Ўзбекистондан юборилган 144 та тиббий контейнерда коронавирусга чалинган кишиларни даволаш учун барча имкониятлар, жумладан тиббий жиҳозлар ва энг муҳими, сунъий нафас олдириш аппаратлари мавжуд эди. Контейнерлар Душанбедаги “Бофанда” стадионига жойлаштирилди ва бу ерда муваққат беморхона очилишига тараддуд кўрила бошланди.
Орадан ҳеч қанча ўтмай, Ўзбекистондан “тез ёрдам” хизматига мослаштирилган “Дамас” машиналари етиб келди…
21 май куни ўзбекистонлик тажрибали мутахассисларнинг Тожикистондаги сафари тугади. Ватанга қайтишдан олдин Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигида ўзбекистонлик шифокорлар билан учрашув ўтказилди. Вазир ўринбосарлари Саида Умарзода ва Шодихон Жамшид қардош мутахассисларга COVID-19 вирусининг олдини олиш ва унга қарши курашда тожикистонлик ҳамкасбларига кўрсатган беқиёс ёрдами учун Тожикистон Республикаси ҳукумати ва вазирлик номидан миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистонлик шифокорлар гуруҳи раҳбари Неъматжон Иброҳимов Тожикистонда ўзларининг самарали ишлаши учун барча шароитлар яратиб берилганини таъкидлар экан, мамлакат миқёсида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида тез орада коронавирус устидан ғалаба қозониш кутилаётганини изҳор этди.
Суғд вилояти соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бошқармаси раҳбарлари ҳам ўзбекистонлик шифокорлар фаолиятига юксак баҳо беришди. Вилоят Раиси Ражаббой Аҳмадзода ўзбекистонлик шифокорлар билан суҳбатлашар экан, уларнинг иш тажрибаси тожик ҳамкасбларига катта ёрдам берганини таъкидлаганди.
Орадан кўп ўтмай, худди шу Суғд вилоятининг Хўжанд темир йўл бекатидан қурилиш ашёлари юкланган 51 та вагон Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти томон йўл олди. Тожикистон халқи томонидан Ўзбекистон халқига Сардобадаги фалокат оқибатларини тугатиш учун юборилган вагонларга цемент, арматура, шифер, бўёқ каби қурилиш ашёлари ортилганди.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатида Сардоба сув омборида юз берган фалокат муносабати билан ҳамдардлик изҳор этди. Президентлар, шунингдек, минтақа ва бутун жаҳонга ёйилган коронавирус балосига қарши биргаликда кураш борасида ҳам фикр алмашишди.
Душанбега эса, Ўзбекистондан навбатдаги ёрдам карвони етиб келди. Бу гал 24 тонна дори-дармон юборилган экан. Душанбе шаҳри Раиси Рустам Эмомали мамлакат пойтахти аҳолисига юборилган бу ёрдамдан миннатдорлик изҳор этди. Коронавирусга қарши ишлатиладиган дори-дармонлар Душанбе шаҳар соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бошқармасига берилди.
Сифатли дори-дармонлар “Samarkand England Eco-Medical” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида ишлаб чиқарилганди.
… Шу кунларда қўшни Ўзбекистондан коронавирусдан даволаниб чиқаётган кишилар сони тобора кўпаяётгани, COVID-19 га чалиниш ҳоллари эса камаяётгани ҳақида хушхабарлар келмоқда. Айни бир пайтда Тожикистонда ҳам худди шундай қувончли вазият юзага келмоқда.
Мен бу хабарларни ўқир эканман, бундан икки йил олдин, баҳор сепини ёяётган паллаларда икки қўшни, қон-қардош мамлакатнинг доно Президентлари қўлни қўлга бергани ва узоқ йиллар давомида ёпиқ бўлган чегаралар очилганини ўйлайман. Ва кўнглим орзиқиб кетади: “Тез орада коронавирус деган номаълум душман енгилади ва чекинади. Чегаралар яна очилади.