Сенатор мактаби

Биламизки, дунё яралгандан бери инсонлар ҳамиша бир-бирига интилиб яшаганлар. Ҳаёт тақозоси билан кимдир кимнингдир ёрламига муҳтожликдан, кимдир руҳий мадад олиш учун, кимдир илм ўрганиш учун ҳамкорлик қилиб келадилар.

Аммо атрофимизда яхшилик ва ёмонлик, ёвузлик ва эзгулик, жаҳолат ва маърифат ҳамиша бир-бири билан тўқнашган, бир-бири билан курашиб келади.

Биродарлик, диний бағрикенглик, дўстлик ва ҳамкорлик инсонийлик фазилатлардан бири сифатида, авлоду-аждодларимиздан бизларга жуда катта маънавий мерос бўлиб қолган. Президентимиз шу йилнинг январь ойида Олий Мажлисга қилган  Мурожаатномасида  «Биз жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Бу борада 30 июль – “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этаман.

Мамлакатимизда “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади.

Жорий йилда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади», деб таъкидлаб ўтган эдилар.

Бугунги кунда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Мамлакатимиз азал-азалдан турли миллий ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилиб, дўстона, биродарликда, тинчлик-тотувликда яшаган ўлка бўлиб ҳисобланади. Тарихдан маълумки  аждодларимиз юртимиздаги бошқа дин вакилларига ҳамиша ҳурмат ва эҳтиромда муносабатда бўлганлар. Ватанимизнинг ривожланиш босқичларида, унинг ҳар бир ютуғи, ижтимоий иқтисодий жиҳатдан равнақ топишида ҳам улар ҳалол меҳнатлари билан бир-бирига елкадош бўлиб хизмат қилганликлари кўпгина тарихий манбаларда қайд қилиб ўтилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 33 миллиондан ошиб кетди. Улар орасида эса 130дан ортиқ турли миллат вакиллари бор. Юртимиз фуқароларнинг 94 фоиздан кўпроғи Ислом динига эътиқод қилади. 3,5фоиз аҳолимиз эса православ динига мансубдир. Аҳолининг қолган қисми бошқа диний  конфессияга мансуб ҳисобланади. Юртимизда кўплаб диний ташкилотлар ҳам фаолият олиб бораётганлиги озод ва обод ҳаётда яшаётган халқимиз бағрикенглигининг амалий ифодаси бўлиб ҳисобланади.

Айниқса кейинги, уч йилда юртимизда дўстона амалий ҳамкорлик, ўзаро биродарлик  барқарор ривожланишимиз кафолати бўлаётганлиги айни ҳақиқатдир.

Жумладан Президентимиз Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашининг бешинчи Саммитида сўзлаган нутқида «Энг муҳими, бугунги кунда жаҳон ишонч инқирозига юз тутмоқда. Зеро, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ишонч хавфсизлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир.

Назаримизда, ишонч инқирозини бартараф этиш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида, биринчи навбатда, инсон капиталини ривожлантириш учун кулай шароитлар яратиш зарур», деб алоҳида кўрсатиб бердилар.

Биз «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат Дастурида худди шу йўналишдаги  устивор вазифалар белгиланиб, амалга оширилаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Айниқса камбағачиликка қарши курашиш–ҳар бир ночор оила аъзоларининг билим олишини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш учун малакасини ошириш, ишсизликни бартараф қилиш, ёш қизларимизни турмушга тайёрлаш, уларнинг олий маълумот олишини таъминлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш,ҳар бир оиланинг ўз томорқасидан унумли фойдаланишига эришиш сингари омиллар орқали–инсон капиталини ривожлантириш, хавфсизлигини таъминлаш йўлида қулай шароитлар яратиш бугунги давр талабига айланмоқда.

Бугунги кунда бундай фаолиятнинг ўзига хос шакллари вужудга келмоқда. Оиласи камбағал деб ҳисобга олинган фуқаро жамоатчилик томонидан оталиққа олинса, мазкур фуқарога ижобий таъсир кўрсатиш давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари ёрдамида амалга оширилади.

Айниқса янгидан ташкил қилинган Маҳалла ва оила институти масалалари Вазирлиги, унинг вилоят бошқармалари, туман бўлимларининг  ёрдам кўрсатиш услуби энг самарали услублардан бири бўлиб, оила аъзоларини иш билан таъминлаш, ижтимоий фойдали алоқалар ўрнатиш, шу фуқаронинг нега камбағал бўлиб қолгани, унинг ҳаётдаги мақсадларини ўрганиб уларга кўмак беришни назарда тутади. Ёрдам беришда камбағаликка юз тутган оилада халқимиз урф-одатлари, қадриятлар қай тарзда шаклланганлигини ўрганиш ҳам катта аҳамиятга эга. Бунда жамоат, диний ташкилотлар, ижтимоий реабилитация марказлари ва ҳомийлар ёрдами ҳам керак бўлади.

Шу  ўринда бу фуқаронинг ҳунарга йўналтирилиши, тадбиркорликка ўқиши, ишга жойлаштирилиши ҳам жуда муҳимдир.

Шунингдек, ҳаётда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, ўзаро дўстлик-биродарликка салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳам учраб турмоқда. Бу айрим ноисломий диний конфессия вакилларининг аҳоли ичида миссионерлик билан боғлиқ ноқонуний фаолият олиб бораётганлигида кўринади.

Миссионерлик муайян дин, ёки секта вакилларининг ўз диний таълимотини тарғиб қилиш ва тарқатишга қаратилган фаолияти ҳисобланади. Улар ўзи эътиқод қилувчи диний таълимотни ўзга дин вакиллари ичида тарқатиш билан шуғулланадилар. Улар миллий динлардан бошқа деярли барча динларда учрайди. Кўп ҳолларда христианликнинг католик ва православ йўналишларида миссионерлик билан руҳонийлар шуғулланса, протестант конфессияларида миссионерлик барча диндорларнинг бурчи ҳисобланади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Марказий Осиё минтақасида ҳам турли ноисломий диний конфессиялар томонидан ўз диний қарашларини маҳаллий аҳоли ичида кенг тарғиб қилишга қаратилган фаол ҳаракатлар амалга оширилди. Минтақа мамлакатларида туб аҳоли учун анъанавий бўлмаган диний конфессияларга мансуб ташкилотлар ҳам расмий рўйхатдан ўтиб, фаолият юрита бошлади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда айрим ноисломий диний конфессияларнинг вакиллари, шу жумладан норасмий жамоа аъзолари томонидан қонунга хилоф равишда диний сабоқ бериш, ноқонуний йўллар билан диний адабиётларни республика худудига олиб кириш ва тарқатиш, хусусий хонадонларда белгиланган тартибларга зид равишда диний йиғинлар ўтказиш, эшикма-эшик юриб диний қарашларини тарғиб қилиш, аҳоли ичида ўзларининг диний экспертизадан ўтказилмаган буклет, журнал, электрон дискларини тарқатиш каби қонунбузарликлар содир этилиб, уларни бартараф қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган  жамоалар кўпайди. Террорчилик ҳаракатлари нафақат беқарорлик ҳукм сураётган ҳудудларда, балки Франция, Германия, Бельгия каби Европа мамлакатларида, Россия синггари МҲД таркибидаги давлатларда рўй бермоқда.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”.

Ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, , диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш билан амалга оширмоқда.

Уларнинг бош мақсадлари ислом таълимотидат мутлақо бехабар бўлган ота-оналар ёшларни – “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали уларни ҳаёт жараёнларидан, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиб нотинч Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, онгсиз террорчилар айлантиришдир.

Шу тариқа диний экстремизм шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солмоқда.

Глобал муаммога айланган экстремизмга қарши курашиш борасида халқаро миқёсда ҳам, мамлакатимизда ҳам қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган.

Жумладан, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича қатор чора-тадбирларни ўзида жамлагани билан аҳамиятли бўлиб ҳисобланади.

Қонунга кўра экстремизм – ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Pеспубликасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаcидир. Экстремистик фаолият эса Ўзбекистон Pеспубликасининг конституциявий тузуми асосларини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузишга, ҳокимият ваколатларини эгаллашга ёки ўзлаштиришга, қонунга хилоф қуролли тузилмалар тузишга ёки уларда иштирок этишга, террорчилик фаолиятини амалга оширишга, зўрлик ёки зўрлик ишлатишга ошкора даъват қилиш билан боғлиқ ҳолда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишга, шунингдек, экстремистик ташкилотларнинг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишга, бирор-бир ижтимоий гуруҳга нисбатан сиёсий, мафкуравий, ирқий, миллий, этник ёки диний адоват ёхуд душманлик сабабли оммавий тартибсизликларни амалга оширишга, юқоридаги каби ҳаракатларни амалга ошириш учун ошкора даъват қилишга қаратилган ҳаракатларни режалаштиришга, ташкил этишга, тайёрлашга ёки содир этишга доир фаолиятдир.

Қонунда кўрсатилганидек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлигини таъминлаш, ошкоралик муҳитини яратиш, жавобгарликнинг муқаррарлигини англатиш экстремизмга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳисобланади. Ундан ташқари, экстремизмнинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда бу бўйича аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш кабилар давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Pеспубликаси ҳудудида экстремистик фаолиятнинг ҳар қандай кўринишлари, юридик шахслар ташкил этилганда уларни экстремистик ташкилотларнинг номи билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки ўхшаш бўлган белгиларни ўз ичига олган номлардан фойдаланиш таъқиқланади.

Шу билан бирга  аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, экстремистик фаолиятни амалга оширишга йўл қўймаслик тўғрисида расмий огоҳлантириш чиқариш, юридик шахс томонидан экстремистик фаолият амалга оширилишига йўл қўймаслик тўғрисида тақдимнома киритиш, экстремистик материалларни олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этишни таъқиқлаш, экстремизмни молиялаштиришни таъқиқлаш, юридик шахснинг фаолиятини тўхтатиб туриш, ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш каби экстремизмнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган.

Қонунда Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади, дейилган. Агар шахс экстремистик фаолиятда иштирок этишни ўз ихтиёри билан рад этиб, тегишли давлат органларига хабар берса, оғир оқибатларнинг ва экстремистларнинг мақсадлари амалга ошишининг олдини олишга фаол кўмаклашса, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши ҳам қонунда белгиланган.

Қонундаги талабларни бажариш ва экстремизмга қарши курашиш, экстремистларнинг қора ниятлари амалга ошишига йўл қўймаслик ҳар биримизнинг вазифамиз ҳисобланади.

Тинчликни сақлаш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлигини қайд этиш лозим.

Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят, мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Фарзандларимизнинг илмий салоҳияти, касбу ҳунарлари билан ахлоқий фазилатларини ҳам ўстириб боришимиз керак. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик нафақат давлатимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчидир.

Бугунги кунда Президентимиз диний-маънавий муҳитни соғломлаштириш, конфессиялар ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли истиқболли режаларни белгилаб берганлар.

Аҳоли, хотин-қизлар ва  ёшларни диний экстремизм, терроризм сингари бузғунчи ва ёт ғоялар таъсиридан сақлаш мақсадида юртимиздаги барча ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида “Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид”, “Маърифий ислом ақидапарастликни қоралайди”, “Миссионерлик ва прозелитизмнинг салбий оқибатлари” мавзуларида учрашув ва семинарлар  ўтказиб келинмоқда.

Биламизки,  таҳдидларга қарши тура оладиган, ўз маънавий салоҳиятини  исботлашга қодир авлод тасодифан, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Бунга йиллар давомида мунтазам ва узлуксиз олиб бориладиган маънавий тарбия билангина эришиш мумкин. Халқимиз табиатига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро тотувлик сингари фазилатларни ёш авлод онги ва қалбига чуқур сингдириш эртанги кунимиз янада чароғон бўлишининг, эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқишининг муҳим мезонидир. Ана шу мезонлардан бири юқорида ҳам таъкидлаб ўтилганидек жамоат ташкилотларининг бу борада ҳамкорликда фаолият олиб боришидир.

Шу йўналишдаги дастур ва режалар асосида Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовордир. Туманларда 411та маҳаллада маданий маърифий ишлар бўйича тарғиботчилар гуруҳи, хотин-қизлар қўмиталари, Ёшлар иттифоқи, диний идоралар, Оила маркази, нуроний отахон ва онахонларни жалб қилган ҳолда ҳар бир ҳудудда тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш юзасидан мақсадли йўл хариталари асосида учрашувлар, суҳбатлар, ажрим ёқасида турган оилаларни аҳиликка, фарзандлар тарбиясига йўналтириш, бандликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар катта аҳамият касб этмоқда.

Айниқса маънавий кўмакка муҳтож 400 ортиқ нафар фуқаролар рўйхатга олиниб, улар билан профилактик, тарбиявий, реаблитация босқичларидаги ишлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Туманларда 600дан ортиқ Маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилган. Аҳолига ислом таълимотининг ҳақиқий моҳиятини тушунтириш, халқимиз  қадриятлари, маънавияти ва ахлоқига зид бўлган ҳолатларнинг олдини олиш, тўй-маъракаларни ихчамлаштириш бўйича ҳам суҳбат ва учрашувларда кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги ўз ижобий самарасини бермоқда.

Шу билан бирга хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда барча ҳудудларда бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам турли миллат ва элатларни ўз ичига жамлаган қозоқ, рус, туркман, корейс миллати миллий Марказлари фаолияти ҳам тинчлик-осойишталик, бағрикенглик, дўстлик, биродорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилаётганлиги қувонарли ҳолдир.

Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик албатта турли миллат вакиллари ва халқларимизнинг ўзаро дўстлик ва биродарлик фазилатларига асосланган. Президентимиз бу борада «Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради.

Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади.

Бу–бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир» деб кўрсатар экан, биз бу бойликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини, бу борада олиб бораётган маданий–маърифий ишлар самарадорлиги шу кун талаби эканлигини  англаган ҳолда бу ишлар депутатлик, Сенаторлик фаолиятимизнинг асоси деб билиб, иш олиб боришимиз лозим.

Хавфсизлик, тинчлик, тотувлик халқимиз бойлиги, уни албатта кўз қорачиғидек асраймиз.

 

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.