Туркманистон доимий нейтралитетга содиқ қолади

Туркманистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси биносида Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Брифинг “Туркманистоннинг доимий нейтралитети тўғрисида”ги БМТ резолюцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги ҳамда 2020 йилда “Туркманистон – Нейтралитет ватани” йили деб эълон қилинганига бағишланди.
Ўз чиқишида Туркманистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Маммедов иштирокчиларга Туркманистон бетарафлиги тарихи, унинг тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги роли, Марказий Осиё ҳамда бутун дунёда барқарорлик ҳамда тараққиётни таъминлашдаги иштироки ҳақида сўзлаб берди.
Брифингда сўз олган элчихонанинг учинчи котиби Хандурди Тўраев ўз чиқишида Туркманистон нейтраллик мақоми БМТ Бош Ассамблеясининг 1995 ва 2015 йиллардаги махсус резолюциялари билан икки марта мустаҳкамлаб қўйилган дунёдаги ягона давлат эканлигини қайд этди.
Тошкентдаги дипломатик миссия вакили қайд этганидек, Туркманистон ўзининг бетарафлик мақомига содиқ қолади ҳамда жаҳон майдонида минтақа ва унинг ташқарисидаги юзага келадиган баҳсли масалаларни фақат ва фақат сиёсий-дипломатик усуллар билан ечишнинг қатъий тарафдори. 1996-1997 йилларда тожиклараро мулоқотни йўлга қўйишда ва Афғонистонни муаммосини ечишда расмий Ашхабод Ўзбекистон билан бир қаторда ўзига хос рол ўйнаганлиги бунинг эътирофидир.
Дипломат Туркманистоннинг нейтрал мақоми минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда юқори аҳамият касб этаётганини таъкидлади, шу билан бирга Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида энергетик хавфсизликни таъминлаш, мультимодал транспорт алоқалари ва минтақанинг экологик муаммоларини ечиш борасидаги таклифлари муҳимлигини қайд этди.
Шу муносабат билан, тадбир иштирокчиларининг алоҳида эътибори Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида илгари сурилган “Энергия ташувчиларининг ишончли ва барқарор транзити ва унинг барқарор тараққиёт ва халқаро ҳамкорликни таъминлашдаги ўрни” (2008-2013 йиллар), “Барқарор тараққиёт мақсадларида халқаро ҳамкорликни таъминлашда транспорт ва транзит йўлакларининг роли” (19.12.2014 й.), “Барқарор мультимодал транзит йўлакларини барпо этишга кўмаклашиш мақсадида транспортнинг барча турлари ўртасида ҳар томонлама ўзаро ҳамкорликни таъминлаш йўлида” (22.12.2015 й.), “Барқарор тараққиёт соҳасида мақсадларга эришиш учун транспортнинг барча турлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш” (20.12.2017 й.) ва“БМТ ва Оролни қутқариш халқаро фонди ўртасида ҳамкорлик” (28.05.2018 й.) каби йўналишлардаги таклифларга БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси қабул қилинганига эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари қароргоҳи Ашхабод шаҳрида жойлашган БМТнинг Марказий Осиё давлатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази фаолияти, унинг халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдаги масалаларни самарали ечиш ҳамда қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришдаги роли борасида ҳам таништирилди.
2020 йилда Туркманистон Нейтрал мақомининг 25 йиллиги муносабати билан ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам ташқарисида ўтказиладиган тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, шу йилнинг 11-12 декабрь кунлари Ашхабод шаҳрида олий даражадаги “Нейтралитет сиёсати ва унинг халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт”даги роли номи остида халқаро конференция ўтказилади.
Хуллас, Туркманистон бетарафлик мақомининг юбилей санасини тинчлик ва яратувчанлик, яхши қўшничилик, жаҳон ҳамжамиятидаги барча дўстлар ва шериклар билан ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида кутиб олмоқда.
ЎзА