Мамлакатимизда жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўладиган сайловлар кампанияси тобора қизғин паллага кириб бормоқда.
Бешта сиёсий партиялардан депутатликка номзодлари тавсия этилганлар жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, ўз дастурларини баён қилмоқдалар.
Бугунги тезкор, шиддатли кечаётган давр депутатлардан чуқур билим, юксак салоҳият, қонунларни яхши билиш, электоратлари ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қила олиш каби хислатларни талаб қилаяпти.
Бир пайтлардагидек, халққа уйингизга газ ўтказиб бераман, кўприк қуриб бераман, фарзандингизни институтга киритиб қўяман, дея қоп-қоп ваъдалар бериб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирадиган даврлар ўтди.
…Ҳали-ҳали эсимда. 1989 йилнинг охирлари эди. Мамлакатда депутатларни кейинги муддатга сайлаш бўйича сайлов кампанияси бошланиб кетди. Бир сайлов округидаги воқеаларга жонли гувоҳ бўлганим – ўша пайтлардаги Олий совет депутатлигига бир ўқитувчи ва бир раҳбарнинг номзоди қўйилди. Ўқитувчи – оддий бир зиёли, қиладиган иши болаларга сабоқ, таълим – тарбия беришдан иборат. Бор-йўғи, шу. Иккинчи номзод – йирик, бой хўжаликнинг раҳбари эса, обрўси баланд, дасти узун, қаерга узатса, етади. Айтгани айтган, дегани-деган.
Тўғри, одамлар ўқитувчини камтар, бир зиёли, ҳалол, тўғри сўз инсон сифатида ҳурмат қилишади. Раҳбардан эса қўрқишади ва унинг марҳаматидан умидвор одамлар ҳам бор, қолаверса, мансаби, маблағидан фойдаланиб қолиш илинжида юрганлар ҳам йўқ эмас.
Сайловчилар билан учрашув, мулоқотларда ўқитувчи сайловолди дастурини очиқ, ошкор, тўғри, нимаики лозим бўлса, шуни баён этди. Иккинчи номзод – раҳбар эса одамларга кўплаб ваъдалар берди, яъни қишлоқ йўлларига асфальт ётқизиш, янги мактаб қуриш, кам таъминланганларга маблағ бериш, ишсизларни иш билан таъминлаш кабилар.
Хуллас, бўлажак депутатларга овоз бериш – сайлов куни ҳам етиб келди. Иккинчи номзод – раҳбар сайлов куни ҳам яқинлари, шотирларини ишга солиб, уларни сайловчиларни унга овоз беришларига даъват қилишга ундади.
Ҳар қалай, одамларда ўқитувчига нисбатан ишонч ёки ҳурмат устун келдими, унга кўпроқ овоз беришга ҳаракат қилишди. Аммо саноқ комиссиясининг қарори қуйидагича бўлди: сайловчилар иккала номзодга ҳам тенг овоз беришди ва қоида бўйича иккинчи марта сайлов ўтказилади.
Депутатликка номзод ўқитувчи олдинига хафа бўлди, аммо бунинг ҳеч бир фойдаси йўқ, кейинги уринишнинг натижаси бўлиши учун ҳаракат қилиш керак эди.
Иккинчи номзод – хўжалик раҳбари иккинчи сайловда кўп овоз тўплаш учун бор имкониятини ишга солди, яъни битта қишлоқнинг йўлини таъмирлаб берди, бир қишлоқ аҳолисига кир совун, яна бирига калиш тарқатди. Ҳамма кўриб-билиб турибдики, қонунга хилоф иш қилинаяпти, аммо ҳеч ким раҳбарнинг мушугини “пишт”, дейишга журъат этмади. Шўрлик ўқитувчи адолат излаб у ёққа чопди, бу ёққа югурди, аммо уни ҳеч ким тингламади. Мутасаддилар ҳам ўқитувчининг кўнгли учун номига ваъда беришар, лекин ҳеч иш қилишмасди.
Бўлажак депутатларга иккинчи овоз бериш бошланди. Вазият издан чиққан, раҳбар сайлов билан боғлиқ барча тизимларни қўлга олиб бўлган эди. Хуллас, иккинчи номзод – хўжалик раҳбари кўп овоз олди, деган хулосага келинди. Ҳа, у депутат бўлди.
Ўқитувчининг тарафдорлари куппа-кундузи ҳақиқатнинг кўзига чўп суқилганининг гувоҳи бўлиб, лол қолишди. Аммо “поезд кетиб бўлган” эди.
Орадан йиллар ўтди, қор ёғиб, излар ҳам босилди. Аммо одамларнинг юрагида ўша даврлардаги адолатсизлик, ҳақсизлигу, кўзбўямачиликларнинг ададсиз доғи қолди.
Ўша ноҳақликларнинг ортда қолгани чин бўлсин. Бугунги шукуҳли кунларнинг қадрига етиб яшаш ҳам мардлик аломати. Мана, бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партиянинг тавсияси билан номзодлари илгари сурилаётган бўлажак депутатларнинг билими, савияси, фикрлаши ўзгача.
Номзоди депутатликка қўйилган киши энди ўз сайловчиларига қоп – қоп ваъда ваъдалар бермайди,йўқдан бор қилишга ҳаракат ҳам қилмайди.
Шу йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларга бугунги кундаги ислоҳотлар билан ҳамнафас бўла оладиган, республикамиз барча аҳолиси, шу жумладан, қишлоқлардаги одамлар манфа
атларини акс эттирадиган ҳаётий ва халқчил сайловолди дастурлари билан чиқишлар қилмоқдалар.
Энди давр,мамлакатда кечаётган янгиланиш эпкинлари, шарт-шароит, одамларнинг фикрлашлари ўзгача. Бугунги депутат, аввало, халқ, одамларнинг ғам-ташвиши ҳақида ўйлайдиган, жамиятдаги ўзгаришларни теран англаган ҳолда, унинг ривожланишига ҳисса қўшадиган, одамларнинг оғирини енгил қилишга оид қонунлар ишлаб чиқишнинг уддасидан чиқадиган ва натижадорлигига амин бўладиган инсон бўлмоғи лозим. Шундагина, халқимиз депутатларга ишонади ва уларни ҳурмат қилади.
Юсуф Ҳамдамов, ЎзМУ доценти
ЎзА