Бугун Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Фанлар академиясининг Фахрий академиги унвонини беришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз Фанлар академияси ушбу қарорни Туркманистон Президенти халқаро илмий доираларда кенг танилган ва эътироф этилган олим, замонавий тиббиёт, фармакология, иқтисодиёт, архитектура ва фаннинг бошқа соҳаларини ривожлантириш ҳамда Марказий Осиёнинг бой табиатини ўрганишга бағишланган қатор илмий қомусий асарлар муаллифи эканлигини инобатга олган ҳолда қабул қилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, ушбу қарор Туркманистон Президентининг илм-фан соҳаларини ривожлантириш, қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларига улкан ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади.
Туркманистон Президентининг аждодлар маънавий мероси ва фундаментал илмий изланишларга асосланган кўп сонли илмий асарлари бугунги фан, маданият ва санъат ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Давлатимиз раҳбари охирги йиллар кўп асрлик алоқалар тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлгани ва бугунги кунда Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тобора ривожланаётганини қайд этди. Бу ўзаро савдо ҳажмининг анча ошгани, саноат кооперацияси ва ҳудудлараро ҳамкорлик кучайиб бораётгани, маданий-гуманитар алоқалар фаоллашганида намоён бўлмоқда.
Тошкент шаҳрида кўркам “Ашхобод” боғининг очилгани, пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирига туркман халқининг буюк шоири ва мутафаккири Маҳтумқули Фироғий номи берилгани, Хоразмда “Улли Ҳовли” Ўзбекистон-Туркманистон туризм мажмуаси ташкил этилгани халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганига ёрқин мисолдир.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимухамедов, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Фанлар академиясига кўрсатилган юксак эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди, бу Туркманистонга ҳурмат-эҳтиром ифодаси, мамлакатнинг фан ва таълим соҳаларидаги ютуқлари эътирофи, халқларимиз ўртасидаги дўстлик мустаҳкамлигидан далолат эканини таъкидлади.
Туркманистон раҳбари кўп асрлик тарихий-маданий алоқалар боғлаб турган мамлакатларимизнинг яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорлиги ўзаро манфаатларга ҳам, бутун минтақа фаровонлиги йўлидаги мақсадларга ҳам мос эканини қайд этди.
Гурбангули Бердимуҳамедов Президент Шавкат Мирзиёевнинг икки давлат ўртасидаги кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлаш, унга янги суръат бағишлашга қўшган шахсий ҳиссасини юксак баҳолади. Ўзбекистон раҳбари билан мунтазам ва самарали учрашувлар доимо дўстона ва ишонч руҳида ўтаётгани ва аниқ келишувларга эришишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Туркманистон конструктив давлатлараро сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш борасида қатъий эканини тасдиқлайди.
Тадбирда илм-фан ва маданият намояндалари, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган туркман миллати вакиллари сўзга чиқиб, Туркманистон Президентини юксак унвон билан табриклади.
Маросимда икки мамлакатнинг расмий делегациялари аъзолари, академик доиралари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.