Нукусда “Ёш сайловчи – 2019” форуми бўлиб ўтди

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар ҳамда туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида “Ёш сайловчи – 2019” ёшлар форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг етакчилари ва фаоллари, сиёсий партияларнинг “Ёшлар қаноти” аъзолари, олий ва ўрта махсус билим юртларида таълим олаётган ёшлар иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ “Ёшлар маркази”да сиёсий партияларнинг сайловолди кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига мавзуга доир ижтимоий роликлар, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан эълон қилинган танловда қатнашиш учун ҳудуд ёшлари томонидан тайёрланган роликлар ҳамда Нукус шаҳридаги 22-Болалар мусиқа ва санъат мактабининг ўқувчиларидан ташкил топган квартет жамоасининг мусиқий чиқишлари намойиш этилди.
Форумда иштирокчиларга бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, жорий йилги сайловлардаги ўзгаришлар, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ҳамда сайлов жараёнига оид бошқа масалалар юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Қорақалпоғистон Республикаси ҳам бўлажак сайловларга катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 8 та, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 65 та, халқ депутатлари шаҳар ҳамда туман Кенгашларига 425 та сайлов округида сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Депутатликка номзодларнинг рўйхати оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг сайлов жараёнлари билан боғлиқ билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида, соҳа мутахассислари томонидан семинар-тренинг машғулотлари, сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари аъзолари ўртасида “Мунозара” танлови бўлиб ўтди. “Мунозара” танловида фаол иштирок этган 15 нафар ёшга китоблар жамланмаси совға қилинди. Шунингдек, “Ватан келажаги учун овоз берамиз!” мавзусида флешмоб ташкил қилинди.
Тадбир иштирокчилари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 1-Нукус сайлов округига, Қорақалпоғистон Республикаси маданияти ва тарихи давлат музейига саёҳат ташкил этилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА