Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва уларга етарли шарт-шароитлар яратиш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида Оролбўйида амалга оширилаётган ишларни аҳолига етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳузуридаги Давлат мулкини ижарага бериш Маркази томонидан жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, хусусийлаштириш дастури асосида бугунги кунга қадар 78 та давлат активини тадбиркорларга сотиш режалаштирилган бўлиб, шундан 63 та объект 1 сўм бошланғич нархда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлари билан “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали савдога чиқарилган. Шунингдек, бевосита музокаралар ўтказиш йўли билан 27,7 миллиард сўм ва 4,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 173 та янги иш ўрнини ташкил этиш шарти билан “нол” қийматда объект ажратилди.
Учрашувда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Нукус шаҳридаги “Титан ДСЗ” масъулияти чекланган жамияти, “Тошкент” меҳмонхонаси, Беруний туманидаги “Ёғгор” акциядорлик жамияти ҳамда ушбу тумандаги “Гўзал-Атлас” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Титан ДСЗ” масъулияти чекланган жамиятига ташландиқ ҳолга келиб қолган аввалги “РК-2 қозонхона” биноси “ноль” қийматида берилиб, 11,2 миллиард сўм инвестиция киритилди. Ўтган йилнинг июль ойида фойдаланишга топширилган корхонада бугунги кунда ярим автомат кир ювиш машинаси, уч хилдаги чангютгичлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхона ишга туширилиши билан 30 киши иш билан таъминланди. Корхона раҳбарининг таъкидлашича, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва келгусида экспортга чиқариш режалаштирилган.
Нукус шаҳрининг марказидаги “Тошкент” меҳмонхонаси ҳам 3,2 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳамда 27 та иш ўрни яратиш инвестициявий ва ижтимоий мажбурияти билан тадбиркорга “нол” қийматида берилган эди. Бугунги кунга келиб ушбу мажбурият 7,9 миллиард сўм миқдорида ортиғи билан бажарилди ва иш ўрни тўла яратилди. Ўтган давр мобайнида 1 миллиард сўмга яқин соф даромад олинди. Бугунги кунда меҳмонхонада нафақат республикамиз аҳолиси, балки чет давлатлардан ташриф буюраётган кўплаб сайёҳларга ҳам жаҳон талаблари асосида хизмат кўрсатилмоқда.
Беруний туманидаги “Ёғгор” акциядорлик жамиятида асосан Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа ва бошқа туманлардан келтирилган пахта чигити қайта ишланади. Халқаро стандартлар ҳамда меъёрларга жавоб берадиган асбоб ва ускуналар ўрнатилган корхонада ўсимлик ёғи, пахта шроти ва пахта чигити шелухаси ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб хўжалик совунини ишлаб чиқариш цехи ишга туширилиб, маҳсулотларнинг бир қисми Тожикистон давлатига экспорт қилинмоқда. Жами 283 нафар ишчи–ходим меҳнат қилаётган корхонада жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 2,5 миллиард сўм соф даромад олинган бўлса, бу кўрсаткич йил охирида 3 миллиард 300 миллион сўмга етиши кутилмоқда.
Тадбир иштирокчилари тадбиркорлар фаолиятида айрим муаммолар мавжудлигига гувоҳ бўлишди. Масалан, бўш ётган биноларга инвестиция киритиш ва янги иш ўрнини яратиш мажбуриятини ортиғи билан бажарган “Гўзал-Атлас” хусусий корхонаси фаолиятидаги муаммо Қорақалпоғистон Республикаси Давлат активлари бошқармаси мутахассислари томонидан яқин кунларда ҳал этиладиган бўлди.
-Пресс-турни ташкил этишдан мақсад, мамлакатимизда давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизими ва капитал бозорини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига етказишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов. – Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйида, шу жумладан, Мўйноқ туманида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Келгусида пресс-турни мамлакатимизнинг барча вилоятларида ўтказиш режалаштирилган.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА