Жўқорғи Кенгес раиси энг чекка ҳудуд аҳолиси билан учрашди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Нукус шаҳридан қарийб 450 километр узоқликда жойлашган, Оролбўйининг энг чекка ҳудуди – Қўнғирот тумани “Қорақалпоғистон” посёлка фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.
Жўқорғи Кенгес Раиси дастлаб “Қўнғирот” божхона постида бўлиб, бу ерда фуқаролар ва ишчи ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Божхона тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар ва қўшни Қозоғистон Республикаси ҳудудидан мамлакатимизга кириб келаётган ва бошқа давлатларга чиқиб кетаётган фуқаролар билан мулоқот қилди. Шунингдек, “Қўнғирот” божхона постига яқин жойлашган божхона ходимлари истиқомат қилаётган турар жойда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Бундан сўнг қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош жойлашган, бугунги кунда 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган “Қорақалпоғистон” посёлка фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди. Уйма-уй юриб, очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда фуқаролар асосан ишга жойлашиш, уй-жой таъмири, темир йўл транспорти ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш, имтиёзли кредитлар ажратиш сингари масалаларда мурожаат қилди. Ушбу мурожаатларнинг маълум қисми жойида ҳал қилинган бўлса, атрофлича ўрганиш ва вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
photo5364118002280279026.jpg
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби мазкур посёлка аҳолиси ҳам тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида ўтган қисқа вақт мобайнида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий инфратузулмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Мактабгача таълим, таълим, спорт, маданият, тиббиёт объектларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Турар жойлар қурилди, кўчалар таъмирланди.
Шу куни ҳудудда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди ва маҳаллий аҳоли ушбу маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, посёлка фуқаролар йиғинидаги кам таъминланган оилаларга телевизор, озиқ-овқат маҳсулотлари, 26-умумтаълим мактаби жамоасига 200 дона бадиий китоб совға қилинди. Мутасадди раҳбарлар ҳудуддаги мактабгача таълим, таълим, спорт ва тиббиёт муассасасида бўлиб, уларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини кўздан кечирди.
Санъаткорлар томонидан намойиш этилган мусиқий дастур аҳолига кўтаринки кайфият бағишлади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА