ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси конференцияси

Тошкентда 6 ноябрь куни ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг (ШҲТ МАТТ) еттинчи халқаро илмий-амалий конференцияси ўз ишини бошлади.
Тадбирда ШҲТга аъзо мамлакатлар ваколатли органлари, кузатувчи ҳамда мулоқот бўйича шерик давлатлар, шунингдек, БМТ, МДҲ, ЕХҲТ ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) каби нуфузли халқаро тузилмалар вакиллари иштирок этди.
ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов, ШҲТ Бош котиби ўринбосари Се Сяоюн, мамлакатимизнинг ШҲТ ишлари бўйича миллий мувофиқлаштирувчиси Раҳматулла Нуримбетов ва бошқалар мазкур конференцияда иштирок этиш истагида бўлган ҳамкор мамлакатлар ва ташкилотлар сони ортиб бораётгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро миқёсда хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббуслари бунда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ўз ишини ташкилотга аъзо давлатлар ваколатли органларига терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда кўмаклашиш, бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш асосида ташкил этиб келмоқда.
11.JPG
Тузилма терроризмга қарши курашда халқаро интилишларни бирлаштириш, шу орқали жаҳонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга интилади. Кенг миқёсдаги аксилтеррор тизимини яратишда тегишли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, изчил ва мустаҳкам алоқаларни ўрнатишни мақсад қилган.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг топшириғига кўра, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси томонидан жорий йилда қатор келишувлар имзоланди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг Терроризмга қарши кураш қўмитаси ижроия директорлиги, Африка терроризмни ўрганиш ва тадқиқ қилиш маркази билан ҳамкорлик тўғрисида, МДҲ Аксилтеррор маркази ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти билан ўзаро англашув меморандумлари шулар жумласидан.
31.JPG
54.JPG
Анжуманда ШҲТ ҳудудида терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий тажриба масалаларига бағишланган шўъба мажлиси ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Эрон каби жами 15 давлатдан келган экспертлар маърузалари тингланди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА