USD 10500.03
EUR 12607.39
RUB 140.7

Пайшанба, 7 Ноябрь

Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардаги умум эътироф этилган сайлов принциплари ва миллий қонунчилик

Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида Конституция инсон ҳуқуқларига содиқликни эълон қилиб, демократияга садоқатни намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб қабул қилинганлиги кўрсатилган.

Шу йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳалий давлат ҳокимияти органларига бўлиб ўтадиган сайлов Ватанимиз янги тарихида ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа бўлиб ҳисобланади. Зеро, мамлакатимиз келажаги, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг суръати
ва давомийлиги, ички ва ташқи сиёсатимиз сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.

Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар узвий, босқичма-босқич ва изчил, тадрижий равишда давом этмоқда. Энг муҳими Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ислоҳот йўналишлари ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, бир-бирини тақозо этади. Мисол учун, сайлов эркинлигини таъминламасдан туриб давлат ва жамият қурилишини демократлаштиришни тасаввур қилиб бўлмайди. Ёки бўлмаса, сайловчиларнинг ҳуқуқларини суд томонидан химоя қилинишини таъминламасдан, демократик сайлов тизимини яратиб бўлмайди.

Мамлакатимизда демократия ва инсон ҳуқуқларини, хусусан сайловга оид ҳуқуқларни таъминлашда халқаро стандартлар муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Сайловга оид халқаро стандартлар Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Парламентлараро иттифоқ, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) каби тузилмаларнинг бир қатор ҳужжатларида ўз ифодасини топган.

Сайловга оид муҳим қоидалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида (1948 йил), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда (1966 йил), Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида халқаро конвенцияда, Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида БМТ декларациясида, Эркин ва адолатли сайлов принциплари тўғрисидаги декларациясида, ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжати, МДҲга иштирок этувчи давлатларда демократик сайловлар, сайловга доир ҳуқуқлар ва эркинликлар стандартлари тўғрисидаги Конвенцияда мустаҳкамлаб қўйилган.

Қайд этиш жоизки, ўтган йиллар мобайнида миллий сайлов қонунчилигимиз ушбу халқаро сайлов стандартларига мувофиқ ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4004-сонли Қарорида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, фуқаролар конституциявий сайлов ҳуқуқларини амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда, сайлов тизими ва қонунчилигини босқичма-босқич либераллаштириш Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан биринчиси этиб белгиланган.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини қабул қилишни мақсадларидан бири ҳам айнан замонавий халқаро сайлов стандартларини ҳисобга олган ҳолда сайлов тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш эди.

Юқоридаги Қарорга асосан Марказий сайлов комиссияси таркибида Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази ташкил этилган бўлиб, миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро принциплари
ва стандартларига мувофиқлигини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш мазкур марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги Декларациянинг 4-бандида доимий ҳақиқий эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш учун халқаро ҳуқуқий мажбуриятларга мувофиқ равишда давлатлар ҳуқуқларни кафолатлашни таъминлаш мақсадида қонунлар қабул қилишлари ва бошқа чораларни кўрмоқликлари лозимлиги белгиланган. Сайлов кодекснинг қабул қилиниши ҳам мамлакатимизни айнан мазкур талабни оғишмай, изчиллик билан бажарганидан далолатдир.

Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда сайловга оид стандартлар, энг асосий принцип ва қоидалар сифатида умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи, яширин овоз бериш йўли билан сайлаш, эркин
ва адолатли, ҳақиқий сайлов ўтказиш ва шу кабилар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларни давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканликлари, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги
ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши белгилаб қўйилган.

Асосий қонунимизга мувофиқ сайловлар умумий, тенг
ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг
4-моддасига асосан фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

Конституциямизнинг 117-моддасига кирган ўзгартишларга ҳамда Сайлов кодексимизга асосан эндиликда ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи берилди. Бу эса озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлигини Кодекснинг 10, 27-моддаларида мустаҳкамлаш имкониятини берди. Буларнинг барчаси эса умумий сайлов ҳуқуқи принципини янада кенгроқ таъминланганидан, халқаро стандартлар талабларини имплементация қилинганидан далолат беради.

Сайлов кодексида “битта сайловчи-битта овоз” тамойилини амалга оширишни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатига оид қоидалар белгиланди.

Халқаро стандартларда давлатлар миллий қонун чиқарувчи органнинг ҳеч бўлмаса бир палатасидаги ҳамма мандатлар умумхалқ сайлови жараёнида номзодлар эркин тортишувининг объекти бўлишига йўл қўйишлари лозимлиги белгиланган.
Шу маънода Сайлов кодексимиздаги энг катта янгиликлардан бири бу – сиёсий майдон тўлиқ сиёсий партияларга берилиши, Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташланганида намоён бўлади. Эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 эмас, балки тўлиқ 150 та сайлов округида номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўладилар, бу эса миллий қонун чиқарувчи органнинг битта палатасидаги барча мандатлар умумхалқ сайлови жараёнида номзодлар эркин тортишувининг объекти бўлишини таъминлайди.

Халқаро стандартларда ҳар бир иштирокчи-давлатлар аёлларга эркаклар билан бир хил шароитларда ҳеч бир камситишсиз сайловларда овоз бериш ҳуқуқи ва очиқдан-очиқ сайланадиган органларга сайланиш ҳуқуқи таъминлашлари лозимлигига оид талаблар белгиланган.

Конституциямизнинг 46-моддасига кўра хотин-қизлар
ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббусларига кўра 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонуннинг 4-боби алоҳида “Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари”га бағишланган. Унга кўра хотин-қизлар ва эркаклар ҳокимият вакиллик органларига сайлаш ва сайланишда тенг ҳуқуқларга эга. Сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланади.

Мамлакатимизда ўтган барча сайловларда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари таъминланганини мазкур масала бўйича бирон марта судларга шикоят келиб тушмаганидан ҳам билиб олиш мумкин.

Агар авваллари қонунларда фақат Марказий сайлов комиссиясига нисбатан фаолиятининг ҳуқуқий асослари, мустақиллик, очиқлик принциплари, фаолиятига аралашмаслик кабилар қайд этилган бўлса, эндиликда Сайлов кодексида барча сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини
ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан
ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Авваллари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Эндиликда Сайлов кодексига кўра фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги қайд этилди.
Бу сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлашга, сайлов жараёнига жамоатчилик ишончини ошишига омил бўлиб хизмат қилади.

Юқорида баён этилган фикрларнинг барчаси миллий сайлов қонунчилигимиз асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардаги умум эътироф этилган сайлов принциплари ва стандартлари талабларига мувофиқ келишидан, фуқароларнинг давлат вакиллик органларига сайлаш ва сайланиши билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини амалга оширилиши учун мустаҳкам кафолатлар белгилаб қўйилганидан далолат беради.

 

Нилуфар Саид-Газиева,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта эксперти, юридик фанлар доктори