Футбол: Про Б Лигада нима гаплар?

Кеча Про Б Лигада 18-тур ўйинлари бўлиб ўтди.
“Иттифоқ-Бухоро” ҳамда “Зарангари” (Ғиждувон) жамоаларининг мусобақадан четлаштирилганлиги эвазига “Ғарб” минтақасидаги ўйинлар сони қисқарган. Ҳар бир турда учтадан ўйин ўтказилишини инобатга олганда, бу минтақанинг мавсуми “Шарқ”қа нисбатан барвақтроқ якунланиши бор гап.
Мавсум бошида Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан учта жамоа кучлилар сафида тўп суриши мухлислардан ташқари, мутахассисларни ҳам ташвишга солганди. ПФЛ мутахассислари жамоалар манзилларига ташриф буюриб, аҳвол билан танишганларида мазкур клублар мутасаддилари имкон қадар шароитларини яхшилаши, иқтисодий масалаларда ҳам муаммолар бўлмаслигига ваъда беришган, кафолат билан ишонтирганди. Бироқ “бузоқнинг югургани сомонхонагача” бўлди. Ҳали мавсум ярмига келмай бир туманнинг икки вакили “ортга чекинди” – мусобақани тарк этди. Туманнинг ягона вакили “Ғиждувон” раҳбарлари ҳар қалай сўзининг устидан чиқишди – чемпионатда юришларини давом эттиришяпти. Бироқ “Ғиждувон”нинг ўйинлари ғиждувонлик футбол мухлисларига манзур келмаяптимикан, деган савол туғилади. Буни ПФЛнинг расмий сайтидаги маълумот бўйича “Ғиждувон” – “Янгиер” ўйинига стадионга атиги саккиз (!) нафар томошабин ташриф буюргани билан изоҳлаш мумкин.
Ғиждувонликларни балки янгиерлик футболчиларнинг ўйинлари қизиқтирмас, дерсиз. Лекин бир тур олдин “Янгиер”нинг ўз майдонидаги “Орол”га қарши кечган ўйинини ҳам бор-йўғи тўрт (!) нафар томошабин кузатганини нима билан изоҳлаш мумкин? Бу тўрт нафар мухлис ҳам қайсидир футболчининг акаси ёки укаси эканлигини инобатга олсак, “Янгиер”нинг бирорта ҳам ишқибози йўқ эканда, деган савол туғилиши табиий. Ваҳоланки, “Янгиер” ҳам мавсум аввалида ЎзПФЛ вакилларига осмон-осмон ваъдаларни берган, бутун сирдарёлик футбол ишқибозларининг талаби учун майдонга тушишларини таъкидлаганди. Тўғри, янгиерликлар пешқадамлар орасида юрибди, лекин “футбол ким учун ва нима учун”, деган саволга жавоб топиша олмаётганликлари турган гап.
“Ғарб” минтақасида шунингдек, Навоийнинг “Иттифоқ” ҳамда Нарпай туманининг “Зирабулоқ” жамоаларидаги вазият ҳам мақтагудек эмас. Ҳар иккала жамоа ҳам турнир жадвалининг энг қуйи қисмида боришмоқда. Уларнинг кеча бўлиб ўтган ўзаро ўйинида кутилмаганда мезбон ҳисобланган “Зирабулоқ” жамоаси ғалаба қозонди. Бир тур олдин шу майдонда мезбон сифатида ҳаракат қилган “Зирабулоқ” “Ғиждувон”га мағлуб бўлганди, бу гал эса “меҳмон” бўлса-да, йирик ҳисобда ютуққа эришди. “Қизилқум”нинг ўринбосарлар гуруҳи тўп сурадиган Навоийнинг Кармана шаҳридаги “Ёшлик” стадионидан галма-гал “Иттифоқ” ҳам, “Зирабулоқ” ҳам фойдаланиб туради.
Хуллас, 18-турга келиб “Ғарб” минтақасини 34 очко билан “Зомин” жамоаси бошқариб боряпти. Иккинчи ва тўртинчи ўринларда бораётган “Янгиер” (28 очко), “Ғиждувон” (24 очко) ва “Орол” (22 очко) жамоалари орасидаги тафовут у қадар катта эмас. Пешқадамдан ташқари совринли ўринлар учун курашаётган жамоаларнинг исталган натижаси уларнинг жадвалдаги ўринларига таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас. Сўнгги поғоналарда “жон сақлаётган” “Иттифоқ” (9 очко) ва “Зирабулоқ” (7 очко) жамоаларини ҳам атиги икки очко ажратиб турибди.
“Ғарб” минтақасида бўлиб ўтган учрашувлар натижалари:
“Зомин” – “Орол” – 2:0
 
“Ғиждувон” – “Янгиер” – 2:4
 
“Иттифоқ Н” – “Зирабулоқ” – 0:3
Мазкур минтақада 12та гол билан “Зомин” аъзоси Шоҳжаҳон Аббосов тўпурарлар сафида пешқадамлик қиляпти. Жонибек Кўчимов (“Зомин”) ва Аслиддин Абдиев (“Янгиер”) ихтиёрида 8 тадан гол бор.
“Шарқ” минтақасида “сокин ҳаёт” ҳукм сураётгандек. Мавсумнинг ярмидан кўпида Яйпаннинг “Турон” ҳамда Шаҳрихоннинг “Раш-Милк” жамоалари юқори ўринларни банд этиб келди. “Турон”ку ҳамон ғолибона юришини давом эттиряпти. Лекин сўнгги турларга келиб “Раш-Милк” ўйинида пасайиш кузатилди. Оқибатда “Бунёдкор-2” ва “Локомотив-БФК” жамоалари “отга қамчи уриб”, олдинга ўтиб олишди. “Турон” ва “Раш-Милк” жамоалари қандай натижа қайд этишмасин, уларнинг мухлислари жамоаларини ёлғизлатиб қўйишмаяпти. Аксинча, стадионларга ташриф буюраётган томошабинлари сони бўйича нафақат Про лиганинг А ёки Б гуруҳлари, балки Суперлиганинг баъзи жамоаларинида ортда қолдирмоқда. Айниқса, “Раш-Милк”нинг Андижон шаҳрида ўтказган ижара ўйинларидан сўнг ўз уйига қайтиши шаҳрихонлик футбол шинавандалари учун айни муддао бўлди. Жамоа гарчи совриндорлар сафини вақтинча бўлса-да тарк этишига қарамай, стадионга келаётган мухлисларнинг сони Про-лиганинг А ва Б гуруҳидаги рекорд натижаларни кўрсатяпти.
Бу минтақада “Турон” 18-турдан кейин 42 очко билан яқин таъқибчисини катта фарқ билан ортда қолдириб улгурди. Совринли иккита жой учун эса учта жамоа кураш олиб боряпти. Иккинчи ва тўртинчи ўринлардаги жамоаларни атиги уч очко ажратиб турибди. “Локомотив-БФК”да 35 очко йиғилган бўлса, “Бунёдкор-2” ва “Раш-Милк” жамоалари 32 очкодан тўплаган. Фақат тўплар нисбатидаги фарқ пойтахтликларни юқорига кўтариб қўйган. 5-ўринда 23 очко билан “Рубин” бораётган бўлса, 6-ўрин 15 очкога эга “Яшнобод”га тегишли. “Чиғатой”да 13 очко мавжуд. Турнир жадвалининг сўнгги поғонасини эса мавсум бошидан буён “Андижон-2” жамоаси ҳеч кимга бермай келмоқда (9 очко).
Кеча бўлиб ўтган ўйинларда қайд этилган натижалар:
 
“Локомотив-БФК” – “Андижон-2” – 1:0
 
“Бунёдкор-2” – “Рубин” – 0:1
 
“Турон” – “Чиғатой” – 2:1
 
“Раш-Милк” – “Яшнобод” – 2:0
Мазкур минтақада Мўйдинжон Мамазулумов (“Турон”) 21та голи билан тўпурарлар карвонини бошқаряпти. Суннатилло Абдуллажонов (“Бунёдкор-2”) 9та, Муҳаммадкомил Низомов (“Раш-Милк”) 8та голи билан бошқалардан ажралиб турибди.
Про Б лиганинг навбатдаги тур ўйинлари 10 сентябрга белгиланган.
photo5438500191532591967.jpg
photo5440390767416814766 (1).jpg
photo5440430371310251349.jpg
photo5440844689625426683.jpg

 

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА