Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2019 йил 23 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси иш бошлади.
Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис кун тартиби тасдиқланганидан сўнг сенаторлар кўриб чиқилаётган масалаларни муҳокама қилишга киришди.
Сенаторлар ишни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошлади.
Таъкидланганидек, бугунги кунда хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, гендер тенгликни таъминлаш аёлларга нисбатан шунчаки адолатли муносабат сифатида эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий ўсишини давом эттириш, барқарорлиги ва ҳар томонлама ривожланишини таъминлашнинг асосий шартларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда. Айнан шу сабабли бу йўналишдаги ишлар, энг аввало, жинслар тенглиги ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ушбу Қонун ҳам айнан шунга қаратилган. Мамлакат тарихида илк бор хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни кафолатлаш билан боғлиқ муносабатлар тўғридан-тўғри таъсир қиладиган ягона Қонунда тартибга солинмоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда. Бундан ташқари, “гендер”, “гендер-ҳуқуқий экспертиза”, “жинс бўйича бевосита камситиш”, “жинс бўйича билвосита камситиш” каби ушбу соҳанинг асосий тушунчаларига аниқ изоҳлар берилмоқда. Аввал ушбу тушунчаларнинг таърифлари бўлмаганлиги боис ҳуқуқни қўллаш амалиётида ноаниқликлар келиб чиқаётган эди.
Қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашнинг қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги, очиқлик ва шаффофлик, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига устувор аҳамият бериш каби асосий принциплари белгиланмоқда.
Ҳужжатда давлат жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлаши белгилаб қўйилмоқда.
Давлат статистика органлари гендер кўрсаткичлари асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолатини акс эттирадиган статистик ахборотни йиғиши, унга ишлов бериши, тўплаши, сақлаши, таҳлил қилиши ва эълон қилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, давлат органларининг (Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, махсус ваколатли орган, бошқа давлат органларининг) ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш соҳасидаги вазифалари ҳамда ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Жинс бўйича камситиш ҳоллари устидан шикоят қилишнинг, бунинг натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашнинг тартиби, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Сенаторлар ушбу Қонуннинг қабул қилиниши гендер бағрикенглик ва тенгликни қонунчилик даражасида таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар. Бу мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида жуда долзарбдир, чунки бу, энг аввало, инсон жамиятда ўз олдига қўйган мақсадларини муваффақиятли рўёбга чиқариш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Мажлисда таъкидланганидек, жорий йилнинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан бир қанча зўравонлик ҳолатлари қайд этилди. Айрим аёллар содир этилган жиноятлар натижасида жабрланган. Янги Қонун бундай муаммоларнинг олдини олишга, хотин-қизларни маиший ҳаётда, ишда, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда жабр-зулмдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди. Қонунда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, ваколатли органлар ва ташкилотлар – Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар, бандлик ва меҳнат муносабатлари, таълим, соғлиқни сақлаш идоралари, Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизларни ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг вазифалари белгиланмоқда.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида республиканинг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) фаолият кўрсатишини таъминлаши белгилаб қўйилмоқда.
Профилактика суҳбати муайян шахсни жамиятда умумқабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайри ижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш, шунингдек, қонунда белгиланган жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш мақсадида ташкил этилади. Профилактика суҳбати тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаган ваколатли орган вакили томонидан тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахслар билан ўтказилади.
Шу билан бирга, Қонунда ҳимоя ордерини бериш ва унинг муддатини узайтириш, тазйиқ қурбонларига нисбатан ҳимоя ордери, унинг мазмуни, шунингдек, ҳимоя ордерида назарда тутиладиган чекловлар белгиланмоқда.
Қонунда бундай ҳолларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, бу каби қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бундан ташқари, жабрланган шахсларни ҳимоя қилишни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга, жамиятда хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги зўравонликка муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган чора-тадбирлар акс этган. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши жамиятда хотин-қизларга бўлган муносабатни янада яхшилашга, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама мавзуси бўлди.
Сенат томонидан ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар натижаларига кўра жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида дастурнинг 139 та банди ижросини таъминлаш белгиланган. Шундан 101 та банднинг ижроси таъминланди ва 22 та банд муддатидан олдин бажарилди. Ҳозирги кунда ижроси таъминланган бандлар сони жами 123 тани ташкил этмоқда.
Амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсди. Бюджет даромадлари қарийб 51 триллион сўмни ёки прогнозга нисбатан 109 фоизни ташкил этди. Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,6 триллион сўмдан ортиқ ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолди.
Мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ва тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб қилишни кучайтириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида асосий капиталда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши 2,5 баробарга ортди ва 1,7 миллиард долларга етди.
Жойларда тадбиркорлар ва инвесторларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ташкил этилган Бош вазир қабулхоналари инвестициявий муҳитни янада яхшилашга қаратилган самарали институт сифатида фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш мақсадида масъул вазирлик ва идоралар бириктирилди.
Мамлакат иқтисодиётида ўтган давр мобайнида инвестициявий муҳитни такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли амалий ишларга қарамай ҳудудларда инвестициявий фаолиятни яхшилаш борасида жиддий камчилик ва муаммолар мавжуд.
Жумладан, хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувлар чоғида қонун ҳужжатларининг барқарор эмаслиги, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тез-тез ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши, бир-бирига зид бўлаётган нормалар мавжудлиги хорижий сармоядорлар ва ички инвесторларга салбий таъсир қилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Мазкур ҳолатлар қонун ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” замонавий модели элементларининг кенг қўлланилмаслиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг таъсирини мажбурий баҳолаш тизими жорий этилмаганлиги натижасида келиб чиқмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг мамлакатимизда инвестициявий фаолиятни тартибга солувчи қонунларни такомиллаштириш тўғрисидаги топшириқлари тўлиқ бажарилмасдан қолмоқда. Хусусан, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш топшириғи ҳанузгача бажарилмаган.
Бундан ташқари, дастурнинг эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш тўғрисидаги банди ҳам бажарилмасдан келмоқда. Ушбу бандда белгиланган “Махсус эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси парламентга ҳозирга қадар киритилмаган.
Инвестициявий фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун кредитлар олиш жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Тижорат банкларида ресурсларнинг етишмаслиги, фоиз ставкаларининг юқорилиги, кредит буюртмаларини кўриб чиқишда бюрократик тўсиқлар мавжудлиги, ўз навбатида, тадбиркорларнинг экспорт мажбуриятларини бажаришига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида дастурда кўзда тутилган инвестициявий лойиҳалар сони 9088 та бўлиб, уларнинг умумий қиймати 60,3 триллион сўмни ташкил этади, яратилиши кўзда тутилган иш ўринлари эса 172488 та. Бироқ биринчи ярим йилликда жами 3332 та лойиҳа (37 фоиз) бўйича умумий қиймати 13,6 триллион сўмлик (23 фоиз) лойиҳалар амалга оширилиб, бор-йўғи 38252 та иш ўрни (22фоиз) яратилган.
Ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини биринчи ярим йилликда амалга ошириш даражаси 44 фоизни ташкил этди. Бунда Тошкент шаҳри (27 фоиз), Тошкент вилояти (31 фоиз) ва Қашқадарё вилояти (37 фоиз) энг ортда қолаётган ҳудудлар ҳисобланади.
Вазирлик ва идоралар томонидан республиканинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича амалга ошираётган ишларни қониқарли деб бўлмайди.
Вазирлар Маҳкамасига дастурда белгиланган муддатларда бажарилмаган бандларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш чораларини кўриш, шунингдек, вилоятлар ва туманларда ўтказилган ўрганишлар давомида Олий Мажлис Сенати томонидан аниқланган, инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин сенаторлар “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Сўзга чиққанлар мамлакатнинг амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсати, шунингдек, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар натижасида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бораётганлигини қайд этдилар. Бу иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани самарали ва ишончли энергия манбалари билан таъминлаш заруратини келтириб чиқарди.
Бугунги кунда республика табиий энергия ресурси бўлган табиий газга қарам бўлиб қолган. Электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмида бу манбадан фойдаланиш 85 фоизни ташкил этади. Шуни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Ҳукумати мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш учун энергетика тармоғини ривожлантиришнинг турли вариантларини кўриб чиқди. Бунда мамлакат ядро энергетикаси тармоғини шакллантириш вазифаси асосий йўналиш сифатида белгилаб олинди.
Бундай қарор қабул қилишда кўплаб омил ва ҳолатлар ҳисобга олинди. Энергетика хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитга углерод чиқаришни камайтириш, атом электр станциялари хавфсизлиги кўрсаткичларига бўлган ишончни ошириш зарурати, иқтисодиёт нуқтаи назаридан ядро энергетикаси рақобатбардошлиги ана шундай омиллар сирасига киради.
Натижада Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан 2018 йил январда мамлакатимизда АЭС барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўша йилнинг сентябрида Москва шаҳрида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида “3+” авлодига мансуб, иккита энергия блокидан иборат бўлган, белгиланган қуввати 2 400 мегаваттни ташкил этадиган атом электр станциясини барпо этиш тўғрисида битим тузилди. Бу Халқаро атом энергияси агентлигининг (МАГАТЭ) барча хавфсизлик талабларига жавоб беради. Мазкур объектни Жиззах вилояти Фориш туманида барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳудуд географик жойлашуви ва бошқа зарур омиллар нуқтаи назаридан қулай ҳисобланади.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида мамлакатда зарур салоҳиятни шакллантириш бўйича изчил иш олиб борилди. Энг аввало, тегишли норматив-ҳуқуқий база шаклланмоқда, ушбу Қонун унинг асоси бўлади.
Қонунийлик, хавфсизлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш устуворлиги, атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи органлар фаолияти мустақиллиги, очиқлик ва ошкоралик, халқаро мажбуриятларни бажариш ихтиёрийлиги каби атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий тушунчалари Қонунда мустаҳкамланмоқда, принциплари белгиланиб, атом энергиясидан фойдаланиш объектлари – ядровий қурилмалар, сақлаш пунктлари, ядровий материаллар, ядровий ёқилғи, ядровий реакторларнинг иссиқлик ажратувчи тўпламлари, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи, радиоактив чиқиндилар назарда тутилмоқда.
Миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш, ядровий қурилмалар ва сақлаш пунктларини барпо этиш, атом энергиясидан фойдаланишда атроф-муҳит ва аҳоли ҳимоя қилинишини таъминлаш, хавфсиз ядро ёқилғиси даврини ташкил этиш, атом энергетикаси узоқ муддатли ривожланишини таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда. Сенаторлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги, хавфсизликнинг таъминланиши, ахборотнинг очиқлиги, ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг тақиқланиши атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий принциплари эканлигини таъкидладилар.
Сўзга чиққанлар Қонун атом энергиясини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ва стратегик йўналишни ишлаб чиқиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар ишни “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш билан давом эттирдилар.
Муҳокама чоғида баркамол, соғлом авлодни тарбиялаш, миллий генофондни мустаҳкамлаш, оналар ва болаларни ҳимоя қилиш мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор йўналишлари эканлиги қайд этилди. Бунда тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўриб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам айнан шунга йўналтирилган.
Қонуннинг мақсади она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлашдан иборат.
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун манфаатдор вазирликлар ва идоралар, илмий доиралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди, уларнинг таклиф ва тавсиялари эътиборга олинди. Қонун ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, уни тамомила қайта кўриб чиқиш зарур деган хулосага келинди. Хусусан, сўзга чиққанлар таъкидлаб ўтганларидек, мазкур Қонундаги айрим нормалар унинг номи ва мақсадларига мос келмайди, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ва хавфсизлиги талабларига риоя қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш механизмлари ўз аксини топмаган, қолаверса бошқа қонунлардаги нормалар мазкур Қонунда такрорланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Сенати мазкур Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати йигирма биринчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати

 

ЎзА