Инновацион ривожланиш вазири Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишди

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов жорий йилнинг 21 август куни Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб, муассасанинг фаолияти, у ерда амалга оширилаётган илмий ишлар ҳамда мавжуд шарт-шароитлар билан танишди.
Вазир Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг илмий салоҳиятини кучайтириш масаласи муассаса томонидан амалга оширилиши керак бўлган энг муҳим вазифа эканини таъкидлаб, бунинг учун институт кадрлари бугунги кун талабларига жавоб бериши кераклигини, илмий-тадқиқот институтининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш лозимлигини қайд этди.
photo5400313624418954079.jpg
Таъкидланганидек, ушбу вазифаларни амалга оширишда мазкур муассаса илмий ходимларини хорижда малака оширишлари, институт олимларининг илмий-техник лойиҳаларда фаол иштирок этишлари, муассасада замонавий илмий таҳлил хоналарини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. И. Абдураҳмонов ёш олим ва мутахассисларни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги Шўрланиш шароитидаги биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA)га ҳамда Беларуснинг етакчи илмий-тадқиқот марказларига илмий малака ошириш учун жўнатиш, шунингдек, мамлакатимизда соҳадаги амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда Инновацион ривожланиш вазирлиги яқиндан кўмак беришини таъкидлади. Ўз навбатида институт биносини таъмирлаш ишларини қисқа фурсатларда амалга ошириш бўйича чоралар кўриш кераклиги ҳақида ҳам қайд этиб ўтди.
photo5402186328944257617.jpg
Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти юртимизнинг кўҳна илмий муассасаларидан бири бўлиб, унга 1928 йилда илмий тажриба станцияси негизида асос солинган.
Институт 1958 йили Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик фанлар академиясининг қарори асосида ташкил этилган. Кейинроқ, илмий маскан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 10 февралдаги ПҚ-2125 сонли “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан қайта ташкил этилган.
Институтда 1958 йилдан буён қишлоқ хўжалик экинларининг янги навларини яратиш, агротехнологик янгиликларини жорий этиш, алмашлаб экиш тадбирларини амалга ошириш, мелиорация соҳаси ва ўсимликлар зараркунандаларига қарши кураш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Тадқиқотлар натижасида қишлоқ хўжалик экинларининг агротехникаси, ўсимликни зараркунандалардан ҳимоя этиш, суғориш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ ҳосилдорлигини ошириш тизимлари яратилмоқда.

 

ЎзА