Ўзбекистон Гастрономик туризм ассоциацияси ташкил этилди

Ўзбекистон ошпазлар уюшмасида Ўзбекистон Гастрономик туризм ассоциациясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тақдимотда Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаров, Ўзбекистон Гастрономик туризм ассоциацияси раиси Гулноза Одилова мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, сайёҳларга кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самарали кечаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Гастрономик туризм ассоциациясининг мақсад ва вазифалари, келгусидаги режалари, мазкур ассоциация ташкил этилишининг гастрономик туризм тараққиётидаги роли ҳақида маълумот берди.
Янги тузилган ассоциациянинг асосий вазифаси мамлакатимизнинг жаҳон гастрономик туризми бозоридан муносиб ўрин эгаллашига ҳисса қўшиш, жаҳон миқёсида кенг оммалашган гастрономик сайёҳлик инфратузилмаларини яратиш, Ўзбекистон Гастрономик туризмининг концепциясини ишлаб чиқиш, гастрономик туризм йўналишида турли тадбирлар, жумладан, кўргазма, фестиваль, форум, семинар, илмий анжуман, давра суҳбати, танлов ва шу каби бошқа тадбирларни ташкил этишдан иборат.
Шунингдек, Ўзбекистонда сайёҳлик мавсумини узайтириш мақсадда ҳар йили “Лаззатли Ўзбекистон” халқаро миллий таомлар фестивалига мезбонлик қилиш, фестивалга халқаро туристик агентликларни мунтазам жалб этиб бориш ва фестиваль доирасида мамлакатимиз бўйлаб ҳудудий гастрономик турларни ташкил этиш кабиларни қамраб олади.
Тадбирда ассоциация ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўртасида Ўзбекистонда гастрономик туризм соҳасида сервис кўрсатиш сифатини оширишга оид қарор лойиҳаларини тайёрлашда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Халқаро доирадаги чемпионатларда ғолибликни қўлга киритган иқтидорли ёш ошпазлар жамоаси томонидан маҳаллий маҳсулотлардан ноанъанавий усулда тайёрланган ва тақдим этиладиган замонавий ўзбек таомлари ҳамда десертлари тақдимоти бўлиб ўтди. Маҳаллий полиз экинларимиз қовоқ, тарвуз, қовун, мевалардан нок ва анжир қўшиб тайёрланган десертлар йиғилганларнинг эътирофига сазовор бўлди.

 

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА