Ўзбекистон – Буюк Британия савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланади

10 июль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Лондон шаҳрида Буюк Британия Халқаро савдо вазири ўринбосари Грэм Стюарт билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашувда асосий эътибор икки томонлама иқтисодий алоқаларга қаратилди.
Музокараларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар савдо-иқтисодий, инвестиция, молия ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилишда икки мамлакат бизнеси учун янги истиқболлар очиши таъкидланди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида товар айланмаси 2018 йилда деярли 40 фоизга ўсиб, 235 миллион АҚШ долларидан ошган бўлса-да, томонлар ўзаро савдони кўпайтириш учун улкан салоҳиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, экспертлар томонидан Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим матнини келишишнинг якунланаётгани муҳим аҳамиятга эга. Битим Буюк Британия Европа Иттифоқини тарк этгандан сўнг кучга кириши мумкин.
Учрашувда, шунингдек, жорий йилнинг 28 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Савдо ва инвестиция бўйича Ўзбекистон – Британия кенгашининг 24-мажлиси якунлари ижобий баҳоланди. Мазкур мажлисда 310 миллион АҚШ долларидан кўпроқ қийматдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланган эди.
Грэм Стюарт Буюк Британия Экспортни молиялаш агентлиги томонидан 1,25 миллиард фунт стерлинг миқдоридаги кредит ажратилиши ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришни рағбатлантириши ва Британия томонининг Тошкент шаҳрида халқаро молия марказини ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Икки мамлакат ишбилармон доираларининг ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган мақсадларини қўллаб-қувватлашга томонлар тайёр эканлиги тасдиқланди.

 

ЎзА