Бир пайтлар Орол денгизи сувининг ҳажми 1064 куб километрни ташкил қилган. Сирдарё ва Амударё суви қуйиладиган денгиз сатҳи кейинги 35 йилда 20 метрга пасайди. 1960 йилдан 1996 йилга қадар денгиз 748 куб километр сувини йўқотди. Ҳозирда Орол муаммоси глобал тус олган.
Маълумотларга кўра, Оролнинг қуриган майдонида пайдо бўлган жуда катта саҳродан йилига 100 миллион тонна тузли чанг кўтарилади. Бу чанг зарралари Европа давлатлари, Норвегия ўрмонларигача етиб бормоқда.
Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш юзасидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев амалий ташаббуслар билан чиқди ва бугунги кунда унинг илк натижалари кўринмоқда. Бу борада БМТ шафелигида Оролбўйи минтақасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш учун кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фондининг ташкил этилиши муҳим воқеа бўлди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 18 январдаги қарорига мувофиқ 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури қабул қилинди. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Орол денгизининг Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган қисмида бундан 50-60 йил олдин чуқурлиги 56 метрлик сув бўлган. Президентимиз ташаббуси билан мазкур ҳудудга саксовул экилиб, ўзига хос ўрмонга айлантириш чоралари кўрилмоқда.
Оролнинг қуриган майдонида саксовул экиш ишлари 2018 йил 17 декабрдан бошланди. Ушбу тадбирларда кўнгилли сифатида нафақат Қорақалпоғистон Республикасидан, балки республикамизнинг барча вилоятларидан давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, аҳоли иштирок этди. 2018-2019 йилнинг қиш-баҳор мавсумида денгизининг қуриган тубида саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилди. Бундай ҳудудларнинг умумий майдони қарийб 700 минг гектардан ошди.
– Президентимиз ташаббуси билан қиш, баҳор мавсумида Орол денгизининг қуриган тубида қарийб 500 минг майдонга учар аппаратлар ва ердаги техникалар орқали саксовул уруғлари сепилди, – деди Ўзбекистон Экологик партияси гуруҳ раҳбари Эркин Омонов. – Яна 1,1 миллион гектар ерга саксовул кўчатларини экиш учун ариқлар олинди.
Шу ўринда нега айнан саксовул танланди, деган савол туғилиши мумкин.
Саксовул табиий ёввойи ўсимлик бўлиб, шўр ва чангга чидамли, ўзида зарарли моддаларни ушлаб қолиш хусусиятига эга. Айнан шу ўсимликнинг танланишига унинг ўсгандан кейин табиий кўпайиши ҳам инобатга олинди. Саксовул уруғларини йиғишда Оролбўйи аҳолиси ҳам яқиндан кўмак берди. Шунингдек, ернинг шўрлигига, сувсизликка бардош берадиган қандим, черкез каби яна кўплаб ўсимликлар экиш мақсад қилинган. Бу саъй ҳаракатлар келгусида мўътадил об-ҳавони таъминлаш билан бирга Оролбўйи ҳудудларига фойдали бўлган чорвачилик, балиқчилик ва боғдорчиликни ривожлантиришга замин яратади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА