Тошкент шаҳри Миробод туманининг Нукус ва Т.Шевченко кўчалари чорраҳасида қорақалпоқ классик шоири Бердақ ҳайкали ўрнатилди.
Ҳайкал тагида “Қорақалпоқ халқининг буюк шоири Бердақ Қарғабaй ўғли” деб ёзилган. Ҳайкалнинг тайёрланиши ва ўрнатилиши жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон бадиий академияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасадди ва масъул ходимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раҳбарияти бевосита иштирок этди.
– Ҳайкалнинг ўрнатилиши юртбошимиз раҳнамолигида бу борада амалга оширилаётган эзгу ишларнинг узвий давоми ҳамда буюк шоиримизга кўрсатилаётган юксак ҳурмат-эҳтиром белгисидир, – дейди Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Шарап Уснатдинов. – Бу каби хайрли ишлардан биз ижодкорлар мамнунмиз, албатта.
Шоирнинг янги ҳайкалини яратиш ва Тошкент шаҳрида ўрнатиш ташаббуси Президентимиз томонидан илгари сурилган бўлиб, у Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ижодкор зиёлилар, олимлар, ёзувчи ва шоирларимизнинг билдирган тавсияларга мувофиқ тайёрланди.
Ҳайкалнинг расмий очилиш маросими Мустақиллик байрамининг 28 йиллиги арафасида ўтказилиши белгиланган.
Есимхон Қаноатов, ЎзА