Ҳокимларнинг раис мақоми бекор қилинмоқда

Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти ва келгусидаги режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказилган комиссия мажлисларида 12 та масала муҳокама қилинди. Жумладан, Сенатнинг ялпи мажлисларида Қашқадарё, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳокимларининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлари эшитилди.
Бу эса маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятида йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, уларни муҳокама қилиш ва бартараф этишнинг самарали чора-тадбирларини ишлаб чиқиш имконини берди. Бунда асосан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар, аҳолини электр энергияси, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш каби ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Комиссия томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигининг халқ депутатлари туман Кенгашларида муҳокама қилиниши амалиёти мониторинг асосида ўрганилди. Энди ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлари, ҳар ойда эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш устидан изчил депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилиб, муҳокамалар ўтказилмоқда.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси юзасидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларига бағишланган халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг сессиялари ўтказилди. Унда асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, бўш турган бинолар, қурилиши тугалланмаган объектлар, фойдаланилмаётган ер майдонлари ва улар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қаратилди. Ўтказилган сессияларда 82 нафар мансабдор шахснинг ахбороти эшитилди ва муҳокама этилган 75 та масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
– Ҳар чорак якуни бўйича маҳаллий Кенгашларда бюджет даромадлари базасини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, солиқ ва молия идоралари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилмоқда, – дейди Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия раиси Толибжон Мадумаров. – Комиссиямиз ўз фаолиятида қабул қилинган дастур ва ҳужжатлар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, ҳокимият вакиллик органлари фаолияти самарадорлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маълумотларни автоматлаштирилган ҳолда тўплаш ва қайта ишлаш имконини таъминловчи ахборот ресурс ва намунавий сайтларини яратиш концепцияси ишлаб чиқилди.
Жорий йил 14 февралда Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш масаласини ўрганиш юзасидан ишчи гуруҳ тузилди. Мазкур ишчи гуруҳ ва комиссия томонидан ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури ва Олий Мажлис палаталари кенгашларининг уни тасдиқлаш бўйича қўшма қарори қабул қилинди.
Тадбирда келгусида амалга ошириладиган режалар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Комиссия аъзолари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА