ГФР Президенти Ўзбекистонга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 27 май куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Франк-Вальтер Штайнмайер шу куни ўзи учун ажратилган қароргоҳда мамлакатимизда фаолият юритаётган Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Тошкентдаги Гёте институти, Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар, Германия академик алмашувлар хизмати (DAAD) каби институтлар вакиллари билан учрашди.
Ташрифнинг асосий воқеалари 28 майга мўлжалланган.
Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, Ўзбекистон – Европа Иттифоқи формати доирасидаги алоқаларни муҳокама қиладилар.
Мулоқот чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиш кўзда тутилган.
Музокаралар якуни бўйича иқтисодиёт, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланмоқда.
Ташриф асносида Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон ва ГФРнинг етакчи компания ва банклари, юртимиздаги фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиши, қатор саноат корхоналари ва маданий муассасалар билан танишиши режалаштирилган.
Германия Президенти Хоразм вилоятида бўлиб, Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади, Хива шаҳридаги осори атиқа ва маданий-меъморий обидаларни томоша қилади.

 

ЎзА