Осиё кубоги рақамларда: Японияда 4та кубок, Жанубий Кореяда эса...

Келгуси йил 5 январдан 1 февралга қадар БААда футбол бўйича Осиё кубоги баҳслари бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли мусобақа олдидан биз қитъа чемпионатига доир энг қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола этиб боришга қарор қилдик.
Осиё футбол конфедерацияси ташаббуси билан асос солинган мусобақа илк маротаба 1956 йилда Гонконг давлатида ташкил этилган. Унда атиги тўртта жамоа, яъни мезбонлардан ташқари Жанубий Корея, Исроил ва Жанубий Вьетнам терма жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб боришади. Гуруҳ тизимида ўтказилган мусобақада корейслар икки ғалаба ва бир дуранг натижа билан чемпионликни тантана қилишган.
Осиё кубоклари тарихига назар ташласак, 1956 йилдан то 1968 йилгача ўтказилган турнирларнинг финал босқичида иштирокчилар битта гуруҳда ва давравий тизимда ғолибни аниқлашган. Фақат 1972 йилги мусобақага келиб финал босқичида 6та терма жамоа дастлаб икки гуруҳга бўлинган ҳолда тўп тепишган. Ўз гуруҳларида дастлабки икки ўринни эгаллаган юрт вакиллари ярим финалда рўбарў келишган ва қайсидир маънода Тайландда ўтказилган мусобақага келиб Осиё кубоги том маънодаги қитъа биринчилигига айланган, дейиш мумкин.
Шу кунгача қитъа чемпионатига 16та давлат мезбонлик қилган. Эрон, Тайланд ва Қатар давлатлари шу кунгача икки мартадан Осиё кубогини ўзларида қабул қилишган. Келгуси йил улар сафига БАА ҳам қўшилади. Фақат қолганлардан фарқли ўлароқ Тайланд 2007 йилги “сариқ қитъа” биринчилигига Индонезия, Малайзия ва Вьетнам давлатлари билан биргаликда мезбон бўлган.
Мусобақада ғолиб чиқиш борасида Япония терма жамоаси пешқадам бўлиб турибди. Улар шу кунгача 4 маротаба бош совринни бошлари узра баланд кўтаришган. Эътиборлиси, японлар фақат 2007 йилги мусобақанинг ярим финалида ютқазиб қўйишган ва якунда бронза медалидан ҳам қуруқ қолишган. Бошқа Осиё чемпионатларида кунчиқар юрт вакиллари агар ярим финалга етиб келишса, финалга чиқишган ва албатта уйига соврин билан қайтишган. Яъни, Япония иштирокида тўртта финал ва тўртта ғалаба, ажойиб кўрсаткич, шундай эмасми?!
Осиё кубокларининг финал ўйинларида иштирок этиш бобида Саудия Арабистони ва Жанубий Корея терма жамоалари етакчилик қилмоқда. Улар олти мартадан қитъа чемпиони аниқланган ўйинларда иштирок этишган. Фақат саудлар ана шу финалларнинг тенг ярмида ғалаба қозонишган бўлса, Жанубий Корея атиги икки бор кубокка эга чиқиб, тўрт марта мағлубият аламини тотиб кўрган. Хусусан, 2015 йилги Осиё кубогида ҳам. Умуман Жанубий Корея терма жамоаси 1956 ва 1960 йиллардаги мусобақаларда ғолиб чиқишгач, ўзлари иштирокида ўтган кейинги тўртта финалда имкониятни бой беришган. Эҳтимол, Сон Хён Мин бошчилигидаги жамоа нохуш анъанага чек қўяр?!

 

Отабек Эшмаматов, ЎзА