Юрген Босснинг Ўзбекистондаги нашриёт-матбаа корхоналар фаолияти билан танишиш истаги бор

Аввал хабар берилганидек, Германияда бўлиб ўтаётган “Frankfurt Buchmesse” халқаро китоб кўргазмасида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. 
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги сайти ”www.api.uz” хабар беришича, ушбу тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари “Frankfurt Buchmesse” президенти Юрген Босс билан учрашган.
Хусусан, агентлик Бош директори, делегация раҳбари Лазиз Тангриев кўргазма президенти билан ўзаро мулоқотда Ўзбекистондаги нашриёт-матбаа корхоналарига инвестициялар жалб этиш, маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш, ҳамкорликда турли кўргазмалар ташкил этиш каби масалаларни муҳокама этган.
Хабарда қайд этилишича, учрашувда Юрген Босс Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий салоҳияти ҳақида ижобий таассуротга эгалиги, юртимизга 2019 йилда ташриф буюриб, нашриёт-матбаа корхоналари фаолияти билан танишиш истаги борлигини билдирган.
Маълумот ўрнида, “Frankfurt Buchmesse” халқаро китоб кўргазмаси жаҳон китоб кўргазмалари ичида энг йириги ҳисобланади. Етмиш йилдан буён ҳар йили октябрь ойида ўтказиб келинаётган мазкур нуфузли тадбирда 100 дан ортиқ давлатларнинг нашриёт-матбаа корхоналари, агентликлари вакиллари иштирок этиб келади.

 

ЎзА