Халқ қабулхоналари бўйича янги тизим қандай ишлаши Қарши шаҳри мисолида тушунтириб берилди

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.
Ўтган йили Халқ қабулхонасига Қарши шаҳри аҳолисидан келиб тушган 11 мингта мурожаат таҳлил қилинди.
Мисол учун, Қарши шаҳридаги 255 нафар одам алимент тўлашдан бўйин товлаб юрганининг сабаблари ўрганилганда уларнинг 193 нафари касб-ҳунари бор бўлгани билан ишсиз экани, яна 62 нафари даромадини камайтириб кўрсатаётгани аниқ бўлди.
Бу жараёнда ҳокимлик, банклар ва ҳоким ёрдамчилари, шаҳар бандлик ва МИБ бўлимлари биргаликда ишлаб, фуқароларни тадбиркорликка жалб қилади, ишсизларни ҳудуддаги саноат ва сервис корхоналаридаги вакант ўринларга жойлаштиради. Хорижда ишлаш истагида бўлган алимент тўловчилар билан уч томонлама шартнома тузиб, тил ва касбга ўргатиб, хорижга юқори даромадли ишларга юборади.
Шаҳар солиқ инспексияси эса Бош прокуратура департаменти билан биргаликда даромадини яшириб келаётганларнинг фаолиятини “соядан” чиқаради.
Шунда алимент тўловчилар қарамоғида бўлган 700 га яқин боланинг моддий таъминоти ўзгариши таъкидланди.
ЎзА