Ўзбекистонда 248 нафар тергов судьяси фаолият юритмоқда

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган изчил ишларнинг туб моҳиятини ташкил этади.
Давлатимиз раҳбари парламент ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида қайд этганидек, юртимизда тергов судьялари иш бошлагани – халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.
Айтиб ўтиш керакки, тергов судьялари фаолияти Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида жорий этилди.
Тергов судьялари – жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд томонидан ишончли таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида ташкил қилинди.
– 2025 йил 1 январдан иш бошлаган тергов судьяларига қатор санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилди, – деди Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди тергов судьяси Музаффар Аҳмедов. – Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилмоқда.
2025 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан тергов судьялари фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Қонун билан Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга ҳамда “Судлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга рухсат бериш ваколати прокурорлардан тергов судьяларига ўтказилди.
Қонун ишни судга қадар юритишда тарафлар тенглиги ва тортишув принципининг таъминланишига, ҳимоячи ҳуқуқларининг кенгайишига ҳамда айблов ва ҳимоя тарафи фаолияти устидан холис суд назорати амалга оширилишига янада қулай шароит яратилди.
Бир сўз билан айтганда, “Хабеас корпус” институтини амалиётга янада кенгроқ жорий этиш имконияти вужудга келди.
Бугунги кунда, жами 205 жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида 248 нафар тергов судьялари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиб, одил судловни амалга оширмоқда.
2025 йилда судлар томонидан жами 4 миллиондан ортиқ ишлар кўрилган бўлса, шундан ярмига яқини жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни ташкил этган.
Норгул Абдураимова,
ЎзА