Янгиланишлар оғушидаги Чимбой

Мамлакатимиз мустақилликка эришгунча, шов-шувли Чимбойнинг шар бозори тўр симлар билан ўралган беш-олти қатор томи ёпилган ёзги чортоққа эга жой эди. Болалигимда онамнинг изига эргашиб, ёмғирли кунлари бир неча бор кийимларим шалаббо бўлиб, бозор кезганларимиз ҳали эсимда.
Ўша йиллари бозордагиларнинг кўпчилиги очиқ майдонда ўтириб савдо-сотиқ қиларди. Собиқ иттифоқ даврида шаҳар ва қишлоқ ўртасида жамоат транспорти ва гўшт сотиб олиш масалалари жуда мураккаб эди. Ойим менга 10 донаси 1 сўм бўлган, пирожки ёки мантини олиб бериб, ўзи соатлаб, гўшт дуконларининг «навбатида» турганлари ҳали кўз олдимда гавдаланади.
Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг республикамиз ва туман раҳбарлари томонидан Чимбойда савдо-сотиқ маданиятини юксалтириш ва одамларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида, собиқ шар бозор ўрнида замонавий ёпиқ бозор ва унинг атрофига турли савдо дўконлари қурилди. Бозорнинг ички йўллари таъмирланиб, қатор оралари асфалтланди.
Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорларга ўз фаолиятларини янада кенгайтиришларига кенг имкониятлар яратиб бериш бўйича чиқарган фармон ва қарорлари асосида, Чимбой туманида ҳам саноат ва тадбиркорлик соҳаси ривожланди.
– Муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил 1 апрелдаги «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар) ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарори асосида, туманимиз бўйича 25 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳозирги вақтда ушбу лойиҳалар доирасида хорижий инвесторлар, тадбиркорлар ва вазирликлар томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Чимбой тумани ҳокимлигининг иқтисодиёт ва молия бўлими бош мутахассиси Ҳамид Қидирниязов.
– Президентимизнинг қарори асосида, жамиятимизга Чимбой деҳқон бозори ҳудудидан 0,26 гектар ер ажратилиб, ҳозирги кунларда 5 қаватли замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасининг 3 қаватини қуриш ва монтаж қилиш, иккинчи қаватини сувоқ қилиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди «Альянс Арал строй S» масъулияти чекланган жамияти прораби Айтбай Сейитирзаев. – Қурилиш ишларини жадал олиб бориш учун «Микрокредитбанк»дан махсус маблағлар ажратилиб, қурилиш материалларини тўхтовсиз олиб келиб турибмиз. Ҳозирги кунда қурилишда 30 дан ортиқ ишчи усталар ва махсус транспортлар вақт билан ҳисоблашмасдан иш олиб бормоқда.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Президентимизнинг махсус қарори асосида, Чимбой туманини жадал комплекс ривожлантириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Чимбой деҳқон бозори ҳудудида қад ростлаётган 5 қаватли савдо мажмуаси эса, инсон қадри тамойили асосида қилинаётган эзгу ишларнинг яққол ифодасидир.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2021 йил 4 май кунги «Чимбой туманини 2021-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шунингдек, туман ҳудудидаги ижтимоий соҳа муассасалари, автомобиль йўллари ва бошқа инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш тўғрисида»ги 326-сонли қарорига асосан 39 млрд 84 млн сўмлик қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича белгиланган.
Ҳар бир меҳмонни «Хуш келибсиз!» деб илиқ юз, тўла дастурхон билан кутиб оладиган Чимбой элининг кириш остонасига ота-боболаримиз мероси бўлган қора уйнинг хонадони тимсоли бўлган стелла белгиси ўрнатилиб, атрофи ободонлаштирилди. «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий намунадаги 1400 ўринли замонавий Амфитеатр биноси қад ростлаб, фойдаланишга топширилгани туманда маданият соҳасининг янада ривожланиб, янги-янги истеъдод эгаларининг кўплаб етишиб чиқиши ва ҳудуд аҳолисининг маданий ҳордиқ чиқаришига қулай имконият бўлди.
Замонавий намунадаги 1500 ўринли футбол стадионининг халқ мулкига фойдаланишга топширилиши келгусида бу ерда спортнинг футбол тури ривожланишига мустаҳкам пойдевор бўлди.
Чимбой шаҳри марказида туман ҳокими Айбек Тажетдиновнинг бевосита ташаббуси билан «Ватанпарварлар боғи»нинг очилиши ва унда турли ҳарбий техникалар кўргазмасининг ташкил этилиши эса, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаши билан аҳамиятли.
Ўтиб бораётган умримиз ва вақт тимсоли бўлган «Курант» соатининг қад ростлаши эса шаҳар қиёфасига яна кўрк бағишлаб, кўпчиликни теран фалсафий фикрлашга, эзгу ишлар бошида бўлиб, вақтдан унумли фойдаланишга чорлаётгандек туюлади.
Туман Маданият саройи, туман ҳокимлиги биноси ва туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли беш қаватли шифохонада реконструкция ишлари олиб борилиши натижасида бугунги кунда улар замонавий кўринишга эга бўлди.
Икки полосали кенг, текис ва икки томони ёритилган йўллар бўлса, келган ҳар бир меҳмоннинг ҳавасини келтириши шубҳасиз. Ўтган йиллар давомида туман ҳудудида жами 243,19 км ички йўллар таъмирланиб, 20 км дан ортиқ пиёдалар йўлаклари қурилиб, уларга 555 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида берилган топшириқлар ва
25 февраль куни ўтказилган 16-сонли йиғилиш баёнининг ижросини таъминлаш ҳамда туман ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Навоий вилояти бириктирилган бўлиб, бу бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Шунга асосан Навоий вилоятининг бюджет маблағлари ҳисобидан бир қанча ишлар амалга оширилди. Хусусан, Кенес овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 700 млн. сўмлик янги қишлоқ фуқаролар йиғини идораси, ижтимоий соҳа объектларидан, Тағжап қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 4 млрд. 500 млн. сўмлик янги 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти янгидан қуриб берилди. Шунингдек, ушбу ҳудудда жойлашган «Эрлар мурувват уйи»га 1 млрд. 200 млн. сўмлик қўшимча янги бино қуриб берилган бўлса, Тозажол қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилотига
570 млн. сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилди. Гужимли, Кўкчи шаҳар ҳамда Кенгаш маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 1 млрд. 200 млн. сўмлик
3 та кичик футбол майдони қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди.
Инфратузилма объектларидан туман ҳудудидаги Шахтемир, Ипак йўли, Қоракўл, Темир йўл гузари маҳалла фуқаролар ҳамда Тазғара, Қостерек овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларига 400 млн. сўмлик 6 км ичимлик сув тармоқлари, Бердақ, Қоракўл ва Темир йўл гузари маҳалла фуқаролар йиғинларига 150 млн. сўмлик 1 км. газ тармоғи тортилди. Дўстлик, Қоракўл, Кўнчи макан фуқаролар ва Майжап, Тазғара, Қамисариқ қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларига 480 млн. сўмлик ҳар ҳудудга 1 донадан янги трансформатор пунктлари ўрнатилди. Шунингдек, туман ҳудудидаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида жами 20 км ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февраль куни «Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 52-сонли қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорга асосан Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан Чимбой туманида яшаш шароити оғир оилаларга тегишли 918 та уйнинг томини таъмирлаш, шиферлаш ҳамда 46 та авария ҳолатидаги уйларни янгидан қуриш ишларини олиб бориш белгиланган.
Бугунги кунда туманимизда 434 та уйнинг томи шиферланган бўлса, авария ҳолатидаги 3 та уй янгидан қуриб битказилди. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрь кунги «2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги қарори асосида туман марказидан ўтувчи республика аҳамиятидаги 4Р176 «Нукус-Чимбой-Тахтакўпир» автомобиль йўлининг 58-63 км оралиғига 22 млрд. 748 млн. сўмлик ва 4р175 «Нукус-Оқманғит-Кегейли-Чимбой-Қозоқдарё» автомобиль йўлининг 54,7 км оралиғидаги кўприкка 2 млрд. 800 млн сўмлик реконструкция ишларининг олиб борилиши натижасида, у текис ва равон йўлга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрь кунги «2026-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 393-сонли қарорига асосан 17 млрд. сўмлик тумандаги «Тағжап» каналининг 13,3 километр масофасида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ўтган йиллар давомида тумандаги «Ипак йўли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 38-сонли умумтаълим мактабида янги 420 ўринли бино қурилиб, реконструкция ишлари олиб борилган бўлса, тумандаги 23-сонли умумтаълим мактабида реконструкция ишлари олиб борилиб, қўшимча ўқув биноси ва спорт зали қуриб битказилди. Шу қаторда Қостерак ОФЙ ҳудудидаги 31-сонли мактабга эса қўшимча бино ҳамда спорт зали қуриб битказилди. 2024-2025-ўқув йилида эса Оржап маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 32-сонли мактабга 330 ўринли янги бино қурилиб, реконструкция ишлари олиб борилиб, бу мактабларнинг барчасига янгидан ўқув, спорт инвентарлари ва компьютер анжомлари янгидан олиб келинди.
Шунингдек, келажагимиз эгалари бўлган кичкинтойларимиз тарбияланадиган мактабгача таълим масканлари ҳам эътибордан четда қолмади.
Хусусан, Бердақ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 120 ўринли, Қостерак овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 120 ўринли, Обод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 120 ўринли ва Кўкчи шаҳар маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан Навоий вилояти ҳомийлигида 120 ўринли болалар боғчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. 12 та мактабгача таълим ташкилоти ва барча умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жорий ўқув йилининг бошида эса, 24-сонли умумий ўрта таълим мактабига қўшимча ўқув биноси қуриб берилган бўлса, собиқ Чимбой педагогика коллежи биноси капитал таъмирдан чиқарилиб, 50-сонли умумий ўрта таълим мактабига айлантирилди. Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги қурилган 46-сонли умумий ўрта таълим мактаби эса ҳудуд аҳолиси учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.
Шу билан бирга, Дўстлик макан фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан қурилаётган 330 ўринли мактаб, Шахтемир МФЙ ҳудудидан умумий қиймати 3,5 млрд сўмлик ёпиқ спорт комплекси ва туман соғлиқни сақлаш бўлими ёнида янгидан 13 млрд. 936 млн сўмлик 67 ўринли туғруқхона биносини қуриш ишлари амалга оширилади.
Шу билан бир қаторда, туман ҳудудида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Чимбой факультетининг очилиши илм эгаллашга қизиқувчи ёшлар учун жуда қулай имконият бўлди. Бугунги кунда ушбу ўқув даргоҳида математика, иқтисод, бухгалтерия, қорақалпоқ тили, инглиз тили, психология ва жисмоний маданият мутахассисликлари бўйича 730 нафар талаба таълим-тарбия олмоқда.
Халқимиз саломатлигини сақлаш, уларга замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Хитой, Туркия, Ҳиндистондан энг илғор технологиялар ишлайдиган аппаратлар келтирилиб, туман тиббиёт бирлашмасининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Шунингдек, Майжап аҳоли пунктидаги 54-сонли қишлоқ врачлик пункти янгидан қуриб битказилиб, 6 ўринда жойлашган қишлоқ врачлик пунктларида реконструкция ишлари амалга оширилди.
Янги Гужимли, Тоза йўл, Кенес ва Оржап маҳалла фуқаролар йиғинларининг идора бинолари қуриб битказилди.
Ипак йўли ва Бердақ маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 12 та кўп қаватли турар жой биносининг қуриб фойдаланишга топширилиши ҳудуд аҳолисини беҳад қувонтирди. Ушбу уйларда яшовчи аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида 16,7 км ортиқ канализация тармоқлари ҳам тортиб берилди.
Шунингдек, Чимбой тумани ҳудудини комплекс ривожлантириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш, бизнес муҳитини яратиш, ўсиш нуқталарини ишга тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш мақсадида, Президентимиз томонидан 2025 йилнинг 1 март санасида қабул қилинган ПҚ-132 сонли қарори асосида, хорижий лойиҳа институтлари ва консультантларни жалб қилган ҳолда Чимбой тумани марказининг бош режасига мувофиқ, «Шоҳтемир,» «Гулистон,» «Ипак йўли,» «Дўстлик» ва «Кўкчи шаҳар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги жами 510 гектар ер майдонининг аҳоли ва тадбиркорларга қулай шароит яратишга қаратилган Бош режасини ишлаб чиқиш белгиланди.
Мастер-Режага Туркия Республикасининг «Studio Vertebra» корхонаси лойиҳачи ва Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) маслаҳатчи этиб белгиланган. Бугунги кунда ушбу компаниялар томонидан Чимбой туманини жадал-комплекс иқтисодий ривожлантириш МАСТЕР-Режаси ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ «туризмни ривожлантириш», «кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш», «шаҳар муҳитини яхшилаш» устувор йўналишлари доирасида қуйидаги амалий ишлар бажарилмоқда. Хусусан, Бош режанинг спорт ва экотуризмни ривожлантириш йўналишига мувофиқ, Шахтемир МФЙ ҳудудида 4,6 гектар ер майдонида от спортини ривожлантириш ва зотдор отларни кўпайтиришга қаратилган йилқичилик асосида от спорт клубини ташкил этиш бўйича «Осербай чавандоз от спорти клуби» МЧЖ томонидан ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Бош режада белгиланган шаҳар муҳитини яхшилаш ва аҳоли учун дам олиш ҳудудларини яратиш вазифаларига асосланиб, Шоҳтемир, Ипак йўли ва Дўстлик МФЙлари ҳудудидан ўтадиган Кегейли канали бўйлаб 5 км қирғоқни мустаҳкамлаш, ободонлаштириш, пиёдалар йўлларини қуриш ва ёшлар сайилгоҳини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа Республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилиб, унга 23,5 млрд сўм ажратилган. Қурилиш ишларининг 50 фоизи бажарилган. Бугунги кунда қурилиш ишлари давом этмоқда. Шулар билан бир қаторда, Бош Режага асосан 24/7 Режимида фаолият кўрсатувчи савдо, хизмат кўрсатиш ва туризм ҳудудларини шакллантириш вазифаларига мувофиқ, Беруний, А.Темур ва Ш. Рашидов кўчалари ҳамда Кегейли канали бўйида савдо, кўнгилочар, гастрономик ва туризм кўчасига айлантириш бўйича ишлар бошланди. Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 290 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилади. Шунингдек, Беруний ва А.Темур кўчаларида йўл инфратузилмаси яхшиланиб, ичимлик суви ва оқова сув қувурлари тортилди ҳамда тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш вазифаси доирасида Қоракўл МФЙда «Ерполатов-Иқлас» МЧЖ томонидан 3 қаватли, 25 ўринли меҳмонхона қуриб битказилди.
Мастер-режанинг транспорт оқимини тартибга солиш вазифаларига мувофиқ, Кегейли каналига 2 та янги кўприк қуриш орқали юк ташувчи автомобилларнинг айланма йўл бўйича ҳаракатланишини таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу лойиҳага Республика бюджети ҳисобидан 15 млрд сўм ажратилди ва ва ҳозирги вақтда бу ишларнинг 70 фоизи бажарилди. Бугунги кунда қурилиш ишлари давом этмоқда. Маданий мерос объектларини туризмга интеграция қилиш лойиҳаси доирасида эса, Кўкчи шаҳар МФЙда жойлашган, 100 йилдан ортиқ тарихга эга «Пристав уйи» биносига олиб борувчи йўл инфратузилмаси ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Жумладан, Чимбой туманининг Тазгара ҚФЙ ҳудудида жами 4 та яшил боғ ёки яшил жамоат паркини яратиш учун 4,2 гектар ер майдонлари танлаб олиниб, белгиланган тартибда рўйхат шакллантирилди. Шунингдек, «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида қиймати 250 миллион сўм бўлган 2,0 гектар ер майдонида «Яшил жамоат парки» барпо этиш лойиҳаси «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали ғолиб деб топилди. Мазкур лойиҳа бўйича «Яшиллойиҳа» лойиҳа институти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари амалга оширилди.
Юқорида қайд этилган лойиҳалар Чимбой туманини комплекс иқтисодий ривожлантириш Бош-Режасида белгиланган устувор йўналишларга тўлиқ мос бўлиб, туризмни ривожлантириш, тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва аҳоли учун замонавий шаҳар муҳитини яратишга қаратилган.
Тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида бир неча йирик лойиҳалар, хусусан, «Жузбоши» масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 млн. 700 минг АҚШ долларилик, «Чимбой агрокластери» 1 млн. 400 минг АҚШ долларилик донни қайта ишловчи ва «HD SONS» масъулияти чекланган жамияти томонидан эса 12 миллион АҚШ долларилик ип-калава ишлаб чиқарувчи корхоналар ишга туширилиб, бунинг натижасида 400 дан ортиқ киши янги иш ўринлари билан таъминланиши режалаштирилмоқда. Ушбу корхонада йилига 4 минг тонна ип ишлаб чиқарилиб, бунда экспорт ҳажми 6 млн. 600 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ғалла, пахта ва мева-сабзавот экинларидан мўл ҳосил етиштириш орқали халқимиз дастурхонининг тўкин бўлишига эришиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси