Ўзбекистон ва Чувашия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

13

Халқаро туризм алоқаларини ривожлантириш, янги йўналишларни йўлга қўйиш ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Ўзбекистон турли давлат ва ҳудудлар билан ҳамкорликни изчил кенгайтирмоқда. Бу эса мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ва туризм салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Тожиев Чувашия Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва мулкий муносабатлар вазири Лариса Рафикова билан учрашди. Томонлар туризм соҳасидаги икки томонлама алоқалар истиқболларини муҳокама қилиб, қатор йўналишларда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга келишди.

Музокараларнинг асосий мавзуси транспорт қулайлиги масаласи бўлди. Томонлар Чебоксари ҳамда Ўзбекистоннинг сайёҳлик марказлари — Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Бу сайёҳлар оқимини ошириш ва сафарларни янада қулай қилиш имконини беради.

Ўзбекистон томони республиканинг туризм салоҳиятини, жумладан Буюк Ипак йўли шаҳарлари бўйлаб маданий-маърифий йўналишлар, санаторий-соғломлаштириш масканлари, шунингдек тоғ ва саноат туризми имкониятларини тақдим этди.

Учрашув якунида икки минтақа туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, жумладан, туроператорлар учун инфотурлар ўтказиш бўйича қўшма чора-тадбирлардан иборат “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА