Ўзбекистон суд тизими Германия тажрибаси асосида такомиллаштирилади

13

Олий суд раисининг ўринбосари Ш.Полвонов Германия Федератив Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси директори Ш.Хюльсхёрстер билан учрашди.

Унда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологиялари, хусусан, “Рақамли суд” концепциясини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ислоҳотлар уларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунинг баробарида мамлакатимизда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашда тизимли ислоҳотлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш доирасида янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳаси устида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Германия маъмурий судлов тизими ривожланган мамлакат ҳисобланади. Шу боис, мулоқот чоғида ушбу соҳадаги Германия судларининг тажрибаси Ўзбекистон учун қизиқ ва муҳимлиги айтиб ўтилди. Шунинг баробарида маъмурий суд ишларини юритишдаги ҳамкорлик мамлакатимизда бу соҳани такомиллаштириш, судьялар малакасини ошириш, илғор хориж тажрибасини ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали республикамизда маъмурий юстицияни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирилди.

Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси лойиҳалари доирасидаги ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Меҳмонлар судлар фаолиятига жорий этилган ахборот-коммуникация технологиялари, рақамлаштириш жараёнлари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар учун яратилган интерактив хизматлар имкониятлари билан яқиндан танишди. Олий суд музейини кўздан кечирди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА