Қишлоқ хўжалиги экинларини совуқдан қандай ҳимоя қилиш мумкин? Деҳқон ва фермерлар учун муҳим тавсиялар

Сўнгги кунларда синоптиклар томонидан 10–12 март кунлари об-ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва совуқ тушиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантиришлар берилди. Бундай шароитда қишлоқ хўжалиги экинларини асраб қолиш ва уларга етказилиши мумкин бўлган зарарни камайтириш масаласи муҳим ўрин тутади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, вазирлик ҳамда унинг тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан тўқсонбости усулида етиштирилаётган пиёз ва бошқа экинларни совуқдан ҳимоя қилишга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқилган ва деҳқон ҳамда фермерларга етказилган.
Унга кўра, айни пайтда кўп йиллик тажрибага эга деҳқон ва фермерлар ҳам ўз амалиётига таянган ҳолда экинларни совуқдан асраш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрмоқда.
Қайд этилишича, сабзавот экинлари совуқбардошлигига қараб бир нечта гуруҳларга ажратилади. Биринчи гуруҳга совуқбардош ва қишга чидамли экинлар киради. Булар қаторига пиёз, саримсоқпиёз, шовул, ровоч ва ерқалампир каби экинлар кириб, улар очиқ шароитда −10°С дан −15°С гача бўлган совуққа, қор қатлами остида эса ҳатто −20°С дан −25°С гача бўлган ҳароратга бардош бериши мумкин.
Шунингдек, айрим сабзавот экинлари қисқа муддатли совуқларга нисбатан табиий бардошли бўлиб, одатда уларни қўшимча ҳимоя қилиш талаб этилмайди. Бироқ совуқ кунлардан кейин экинларнинг ҳолатини тиклаш ва уларни “стресс” ёки “шок” ҳолатидан чиқариш учун бир қатор агротехник тадбирларни амалга ошириш мумкин.
Бундай ҳолатларда экинларни қўшимча озиқлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, микроэлементлар ва аминокислоталарга бой препаратлардан фойдаланиш яхши самара беради. Масалан, бор элементи мавжуд бўлган Виусид ва Биотрас каби озуқаларни барг орқали қўллаш экинларнинг тикланиш жараёнини тезлаштиради.
Шу билан бирга, ўсимликларнинг ўсиш жараёнини рағбатлантириш мақсадида тез таъсир қилувчи азотли минерал ўғитлардан ҳам фойдаланиш тавсия этилади. Жумладан, сульфат аммония каби ўғитлар экинларнинг ривожланишини фаоллаштиришда самарали ҳисобланади.
Бундан ташқари, вазирликка кўра, совуқ шароитида иссиқликни сақлаш чораларини кўриш лозим. Ҳаво ҳарорати паст бўлган пайтларда экинларни эгат устига шаффоф плёнка ёпиш орқали ҳимоя қилиш керак. Бу усул ўсимлик атрофидаги ҳароратни маълум даражада сақлаб туришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, тупроқ намлигини сақлаш ва совуқ таъсирини юмшатиш мақсадида суғориш ишларини ўз вақтида амалга ошириш зарур. Нам тупроқ эса иссиқликни яхшироқ ушлаб туради ва ўсимликларнинг совуққа чидамлилигини оширади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, барча агротехник тадбирлар интенсив усулда ва қисқа муддат ичида амалга оширилиши керак.
Бу каби чоралар нафақат экинларни совуқдан муҳофаза қилишга хизмат қилади, балки келгуси ҳосилдорликни сақлаб қолишда ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Шу тариқа, кескин совуқлар кузатиладиган даврларда қишлоқ хўжалиги экинларини асраш учун илмий тавсиялар ва амалий тажрибаларга асосланган агротехник чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш жуда муҳим. Экинларнинг совуқбардошлигини ҳисобга олган ҳолда тўғри парвариш қилиш, уларни қўшимча озиқлантириш, иссиқликни сақлаш ва тупроқ намлигини таъминлаш каби тадбирлар деҳқон ва фермерларга ҳосилни асраб қолиш ҳамда етиштириш самарадорлигини оширишда хизмат қилади.
М.Эшмирзаева, ЎзА